Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

07.07.2020


ТРАНСПОРТ БОШҚАРМАСИДАГИЛАР! ТОМОШАБИНЛИК ТОКАЙГАЧА?!

Вилоят махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 3 июлдан Қарши шаҳри "яшил"дан "сариқ" тоифага ўтказилиб, айрим маҳаллалар "қизил" ҳудуд сифатида таснифланиши ва Қарши шаҳрига туманлардан кириб келаётган автотранспорт воситаларига эрталаб соат 07:00 дан 10:00 гача рухсат берилиши, жамоат транспортлари, яъни  автобуслар ва "Дамас" русумли автомашиналар қатнови вақтинчалик тўхтатилиши ортидан йўналишсиз таксилар йўлкира баҳосини бир неча баробар кўтариб юборишди. Албатта, аввал 2 минг сўм билан борилган жойга 7-8 минг тўлаш ҳеч кимга ёқаётгани йўқ.

Чунки "сариқ" такси эгалари билиб туришибди: автобус ва "Дамас"га рухсат йўқ экан, уларнинг нонини ҳеч ким ярим қилолмайди, одамлар хоҳласаям, хоҳламасаям айтилган нархга кўнишга мажбур.

Ўзи шундоқ ҳам одамлар "сариқ" таксиларда 3-4 минг сўмдан юришга амаллаб чидаб келаётганди. Тўғри, вилоят ҳокимининг қарори билан йўналишсиз (ваҳоланки, улар аксар йўналишларни эгаллаб олган) таксилар километрига 1000 сўмдан олишга ҳақли. Аммо арзонроқ бошқа транспорт воситалари фаолияти чекланган ва "сариқ"лар алоҳида имтиёзга эга экан, аҳолининг барча қатламлари тўлов қобилияти ҳисобга олиниб қатнов йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Агар ҳамма қонуний талабларни суриштирадиган бўлсак, "сариқ" таксилар мунтазам дезинфекция қилиниши ва орқа ўриндиққа 2 нафардан ортиқ йўловчи олмаслиги керак эди, аммо бунга риоя қиладиган киракашларни деярли учратаётганимиз йўқ.

Ушбу ишларни бевосита назорат қилиши керак бўлган вилоят транспорт бошқармасидагилар эса томошабинликдан нарига ўтишмаяпти. Мисол учун, шу пайтгача ҳам "Дамас"да одам ташишга рухсат йўқ эди, бироқ ушбу транспорт воситалари хоҳлаган жойида истаганича одам ташийверди. "Сариқ" таксиларга басма-бас улар ҳам 2 минг сўмлик йўлкирани бирданига 3 мингга кўтариб олишди ва бунга бирор масъул лом-мим дегани йўқ. Йўлда киракашлик қилиб юрган "Дамас"чиям айтарли жавобгарликка тортилгани ҳақида эшитмадик.

Карантин энди жорий қилинган пайти транспорт бошқармаси ташаббус кўрсатиб, Тошкентда таҳсил олаётган талабаларни бепул ўз манзилларига олиб келганини қанчалик олқишлаган бўлсак, бугун йўлкира баҳоси асоссиз равишда, одамлар фикри билан ҳисоблашилмасдан оширилаётганига жим қараб келаётганлари учун уларни қоралашдан тортинмаймиз.

Масаланинг ечими оддий: транспорт бошқармасидагилар шаҳарга киришдаги постлар ёнида туриб, йўловчилардан қанча нархда келаётганларини суриштиришса, кифоя. Шунга қараб таксичига лицензия берган корхона билан "муроса-мадора" қилса бўлади.

Вақт ва вазият шуни исботладики, энг қийин шароитда энг инсофсиз тоифа - таксистлар билан бозорчилар экан. Улар учун фойда қаердан ва қай йўл билан келишининг фарқи йўқ экан. Демак, муомала ҳам шунга яраша бўлиши керак. Инсофсизми, унинг ўрнида ҳалол, қонуний ишлайман, деган нечтаси қараб турибди. Ҳайдовчилари йўлкирани асоссиз ва инсофсиз равишда оширгани учун уюшмаларга бирор чора кўролмаса, уларга сўзи ўтмаса, транспорт бошқармаси нима қилиб ишлаб турибди?

Report typo