Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.06.2019


ТУБАНЛИК БОТҚОҒИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ушбу "заҳри қотил" ҳар йили 200 минг нафардан зиёд кишининг умрига зомин бўлмоқда.

Ана шу муаммога бутун ҳамжамият эътиборини қаратиш, гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1987 йил 7 декабрдаги қарори  билан 26 июнь - Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш кунини эълон қилди.

- Гиёҳвандликнинг оқибатлари   қуйидагиларда намоён бўлади, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Дилшод Акбаров. - Бу иллат ботқоғига тушган одам, иқтисодий жиҳатдан олиб қарасак, "заҳри қотил" учун кўп маблағ сарфлаши, даромадларидан айрилиши, уйидаги қимматбаҳо буюмларни сотиб битириши, ишсиз қолиши, кўпчиликдан қарздор бўлиши, охир оқибат оиласидан, фарзандларидан ажралиши турган гап. Ҳуқуқий жиҳатдан эса  ўзи билиб билмай, идрок қилмай жиноят қилиши, турли бузғунчи тўдалар таъсирига тушиб қолиши мумкин. Гиёҳвандликнинг тиббий асоратлари эса бутун организм, айниқса, марказий нерв системаси, руҳиятга таъсири билан характерланади. Булардан ташқари гиёҳванд кишилар миллий урф-одат, қадриятлардан, ор-номус, ҳаё, уялиш, тортиниш, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат каби тушунчалардан бегоналашиб кетади.

Шундай экан, бу иллатга қарши аввало ҳар бир инсон ўзи онгли равишда курашиши керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса бу ишни мунтазам амалга ошириб келаяпти. Хусусан, доимий ўтказиб келинаётган "Қорадори" операцияси давомида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни ғайриқонуний равишда етиштириш, сақлаш, ўтказиш ва сотиш каби қатор ҳолатлар аниқланмоқда.

- Вилоятимиз ҳудудида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш ҳамда гиёҳвандликнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 84 та ҳолат аниқланди, - дейди Дилшод Акбаров. - Қонунга кўра, гиёҳвандлик моддаларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, олди-сотдисида иштирок этиш, воситачилик қилиш, сотиш ва ҳоказолар учун тегишли жазолар белгиланган. Шунга кўра, аниқланган ҳолатлар бўйича  90 нафардан зиёд шахс жиноий жавобгарликка тортилди, улардан 40 килограммдан зиёд гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди.

Гиёҳвандлик нафақат унга мубтало бўлган инсон учун, балки жамият учун ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Бу "Заҳри қотил" сабаб бир инсон ҳаётининг издан чиқиши ортидан тирик етим болалар, ажримлар, жиноятлар, касалмандлар кўпайишида намоён бўлади. Ана шу оқибатлар ҳар қанча уқтирилмасин гиёҳванд моддалар билан боғлиқ хунук ҳолатларга аралашиб қолган одамлар камаяётгани йўқ. Улар орасида аёлларнинг учраши айниқса аянчли.

Косонлик Роҳила Муртозаева (исм-фамилия ўзгартирилган) ана шулардан бири. Маълумотларга кўра, тезкор суриштирув ишлари натижасида унинг ҳовлисида 240 дона таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд кўкнор ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик иллати илдизларига болта уриш кенг кўламли ҳамкорликни талаб этади. Шундай экан, атрофимизда юрган кимнингдир тубанлик ботқоғига ботмаслиги  учун гиёҳвандликка қарши курашиш унинг йўлига ишончли ғов қўйиш барчанинг иши бўлиши лозим.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo