Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июнь, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

21.01.2020


ТУГАТИЛГАН ҚИЗАМИҚ КАСАЛЛИГИ ЯНА ҚЎЗҒАЛДИМИ?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон 2017 йилда қизамиқ ва қизилча касаллиги элиминация (тугатилган) қилинган  ҳудуд сифатида эътироф этилганди. Бироқ, бугунга келиб турли ахборот манбалари мамлакатимизнинг қатор манзилларида қизамиқ касаллиги тарқаганлиги ҳақида маълумот берди. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Вилоятимизда аҳвол қандай?

 - 2020 йилнинг 1 январидан шу кунгача бўлган даврда 230 нафар киши қизамиқ касаллигига гумонланиб, рўйхатга олинган ва ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасида бу тасдиқланган, - дейди вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Жуманазар Сувонов. - Шундан 65 нафари 1 ёшгача, 81 нафари 1-6 ёшгача, 51 нафари 7-14 ёшгача, 8 нафари 15-19 ёшгача,  8 нафари 20-30 ва 17 нафари 30 ёшдан катталарни ташкил этади. Чироқчи (48), Қарши (46), Косон (39), Касби (27) туманларида касалланиш ҳолатлари кўпроқ қайд этилган.

Маълумки, мамлакатимизда қизамиқ, қизилча ва эпидемияли паротитга қарши эмлаш ишлари алоҳида дастур асосида йўлга қўйилган бўлиб, бола 12 ойлик ва 6 ёш бўлганда бепул вакцинация қилинади. Унда нега тугатилган дея эътироф қилинган касаллик яна қўзғалди?

- Ҳар бир инсоннинг иммунитет таранглиги турлича бўлиб, тажрибаларга кўра 50 нафар эмланган кишидан 4 нафарида муайян касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлмаслиги ҳам мумкин, - дейди вилоят  юқумли касалликлар шифохонаси бўлим бошлиғи Жамшид Раҳматов. - Шунинг учун эмланган тақдирда ҳам баъзи одамларда касалланиш кузатилади. Вакцинация эса одамда иммунитетни кучайтиради ва касаллик енгилроқ ўтишига ёрдам беради.

Қизамиқ - хавфли юқумли касалликлар тоифасига киради. У эмланмаган ёш болаларда кўп учрайди. Айтишларича, қизамиқ билан бир марта оғриган одам у билан қайта касалланмайди.

- Сўнгги йилларда бу касалликнинг ўсмирлар ва катталарда учраши ҳам кўп кузатилаяпти, - дейди Жуманазар Сувонов. - Янги туғилган чақалоқларда одатда туғма иммунитет бўлади. Агар она илгари қизамиқ билан оғриган бўлса, унда иммунитет ҳосил бўлган ва бола бир ёшга етгунча, айниқса, она сутини эмаётган даврда шунинг эвазига ушбу касалликдан ҳимояланган бўлади. 

Мутахассисларнинг маълум қилишича, қизамиқ касаллиги тўрт босқичда кечади. Яъни, 6-18 кун яширин тарзда ўтади. Сўнг тана ҳарорати кўтарилиши, йўтал, тумов, кўз қизариб ёшланиши каби белгилар кўзга ташланади. Дармон қурийди, иштаҳа йўқолади, тез-тез ичи кетади. Катта ёшли болаларда бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади. Кейин,  4-6-кунга келиб юзда ўзига хос қизил, йирик доғ тошмалар тошиб, баданга, қўл ва оёққа  тарқалади. Ундан сўнг юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади. Бу соғайиш даври бошланганини англатади.

Юқорида фикрлари келтирилган ҳар иккала мутахассиснинг таъкидлашича, қизамиққа қарши курашишнинг энг самарали усули бу эмлашдир. Вакцинация қилинган кишига, аввало касаллик юқмайди. Унга чалиниш ҳолати кузатилса ҳам жуда енгил ўтади. Аксинча, эмланмаган кишида клиник жараён оғир кечади.

Дарҳақиқат, айни дамда шифокорлар назоратида қизамиқ касаллиги бўйича даволанаётган айрим болалар оналарини суҳбатга тортганимда аён бўлдики, беморларнинг аксарияти вакцинацияга бепарво бўлган.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo