Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 октябрь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

06.10.2020


Туркиядан келтирилган 1 миллион долларлик жиҳознинг самарадорлиги нимада?

Қашқадарёда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар сони кўп. Улар нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалишида муҳим ўрин тутади.

Мисол учун, “Чироқчи истиқлол паррандачилик” МЧЖ Қарши шаҳрида ўз фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилиб, Туркия давлатидан буғдойни қайта ишлашга мўлжалланган, қиймати 1 миллион 11 минг АҚШ долларилик жиҳозларни импорт асосида олиб келди.

- Корхонамиз 2012 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда, - дейди жамият масъул ходими Холмахмат Рўзибоев. – Келтирилган янги ускуна соатига 250 тонна жаҳон стандартларига жавоб берадиган сифатли ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Самараси шундаки, барча жараён автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади. Бу эса, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиши ҳамда маҳсулотларни ташқи бозорларга сотишга имконият яратади. Корхона ишга туширилиши натижасида 200 та янги ишчи ўрни яратилиши кутилмоқда.

Вилоят божхона бошқармасидан хабар беришларича, тадбиркорга ваколат доирасида зарур ёрдамлар кўрсатилган. Олиб келинган технологик жиҳозлар тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, тадбиркорга қиймати 1 миллиард 546 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди.

Айтиш ўринли, пандемия даврида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда. Биргина божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича 795 миллиард 585 миллион сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўлланилгани фикримизни тасдиқлайди.

Report typo