Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ойбек БЎРИЕВ

30.05.2017


ТУТУНДА ЯШИРИНГАН “ҚОТИЛ”

Тамакини истеъмол қилиш баробарида инсон ўзига кўплаб касалликларни орттириб олиши тиббиётда ўз исботини топган. Узоқ йиллар давомида тамаки чекиш одам танасининг деярли барча аъзоларига зарар етказиши, шунингдек, у саратоннинг камида 15 турининг сабабчиси эканлиги маълум. Тамакининг ўзи саратон билан боғлиқ ўлимларнинг 30 фоизи учун жавобгар. Тамаки ва тамаки тутунида минглаб кимёвий элементлар бор, уларнинг аксарияти заҳарловчи, концероген, атероген ва тератоген бўлиб, ўрганиб қолишни келтириб чиқаради.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, кашандаларда ўпка саратони ривожланиш эҳтимоли чекмайдиган одамларга қараганда 20 баравар ортиқ. Чекиш эркаклар ўртасида 90 ва аёллар ўртасида 80 фоиз ҳолатда ўпка саратонининг юзага келишига сабаб бўлади. Инсон қанча узоқ вақт чекса, бурун ва оғиз бўшлиғи, томоқ, меъда, ошқозоности бези, бачадон бўйинчаси ва бошқа жойларда саратон ривожланиши хавфи шунча юқори бўлади.

Муттасил тамаки чекиш туфайли дунё бўйича ҳар йили 4,9 миллион киши  ҳаётдан кўз юммоқда. Жаҳон  соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, агар дунё аҳолиси орасида тамаки чекиш суръати ҳозиргидек ўсаверса, 15 йилдан сўнг бу кўрсаткич икки баробарга кўпайиши мумкин.

Чекиш нафақат соғлиқни емиради, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам катта зарар келтиради. Бу иллатга қарши дунё миқёсида кескин кураш эълон қилиниб, шу мақсадда катта маблағ сарфланаётган бўлса-да, унинг хавфи камаймаяпти. Қанчадан-қанча оилалар ундан азият чекмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертларининг қайд этишича, Ер юзи аҳолиси тамаки маҳсулоти учун йилига 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ   сарфлар экан. Қаранг, инсон онгли равишда ўз пешона тери билан топилган маблағига соғлиғини, ҳаётини заҳарлаяпти. Тамаки қиммат, у туфайли орттирилган касалликни даволаш эса ундан ҳам қимматга тушади.

Тамаки, айниқса, аёллар учун хавфли. У чекадиган аёлларда турли хил жинсий касалликларни вужудга келтиради, она бўлиш бахтидан мосуво қилади. Ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Чекувчи оналарнинг фарзандлари кўпинча юрак хасталиги ва яна бошқа турли нуқсонлар билан туғилади.

Маълумотларга кўра, бугун бутун дунёда чекувчилар сони 1,1 миллиард кишини ташкил қиларкан. Афсуски, уларнинг орасида ёшлар ҳам кам эмас.

Одам мунтазам чекканда бош мияси пўстлоғида мустаҳкам шартли рефлектор алоқалар вужудга келадики, улар аста-секин ашаддий кашандалик – табакоманияга олиб келади. Бу зарарли одатга ўрганиб қолишга тамаки таркибидаги алкалоид, мураккаб органик бирикма – никотин сабаб бўлади. Никотин, аввало, марказий асаб тизими – бош ва орқа мияга ҳамда вегетатив асаб тизимига таъсир қилади. Маълумки, вегетатив асаб тизими орқали нафас, қон-томир, овқат ҳазм қилиш ва бошқа ҳаётий муҳим функциялар бошқарилади. Никотин дастлаб ана шуларга қўзғатувчи, сўнгра тормозловчи таъсир кўрсатади. Унинг бундай таъсири буйрак усти безидан адреналин ва норадреналин ажралиб чиқишининг кучайишига боғлиқ. Бунинг натижасида юрак  фаолияти кучаяди, қон босими ошади, нафас маркази қўзғалади, сўлак, бронхлар, овқат ҳазм қилиш безларининг секретор функцияси кучаяди. Шунинг учун чекадиган одамда дастлаб ёқимли ҳис пайдо бўлади, гўё кучига куч қўшилгандек, роҳат қилгандек, чарчоқлари тарқагандек, кайфияти кўтарилиб, иш қобилияти ортгандек туюлади. Мана шу ҳис одамни сигаретага тобе қилиб қўяди ва чекмаса туролмайдиган бўлиб қолади. Кашандалик ҳам гиёҳвандликнинг бир тури ҳисобланади.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, кашандалар ўз умрини 5-7 йилга, ашаддий чекувчилар эса 15 йилга қисқартиради.

Таъкидлаш ўринлики, бутун дунёда бўлгани каби, чекишга қарши кураш мамлакатимизда ҳам тобора кучайиб бораяпти. 2011 йилнинг 5 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарда, жамоат жойларида, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади, белгиланган ёшга тўлмаганларга тамаки маҳсулотлари сотилмайди. Мазкур қонунлар мамлакатимизнинг тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга қарши курашдаги халқаро нуфузини кўрсатади. Бугун жойларда ёшлар иштирокида чекишнинг зарари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари кўлами ортаётгани мамлакатимизда бу иллатга қарши курашга жиддий ёндашилаётганидан дарак беради.

Тамаки – саломатлик душмани, тутунда яширилган “қотил”. Бугун дунёда ҳар 8 сонияда бир киши чекиш туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Шундай экан, ўз ҳаётини тамаки маҳсулотларисиз тасаввур этолмайдиганлар бунга жиддийроқ эътибор қаратишса, фойдадан холи бўлмасди.

 Агар одам тамакининг инсон ҳаёти учун кони зарар эканлигини тўлиқ англаб, чекишни ташлашга ўзида куч, ирода топа олса, нафақат ўзини, балки яқинларини, атроф-муҳитни,  табиатни асраб қолган бўларди.

Ойбек БЎРИЕВ,

вилоят наркология диспансери бош врачи

Report typo