Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

01.05.2020


ТУЯҚУШГА ЎХШАБ БОШНИ ҚУМГА ЯШИРИШНИНГ ҲОЖАТИ ЙЎҚ

3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги куни

Ҳар гал матбуот эркинлиги, журналист ҳуқуқи, ҳимояси ҳақида гап кетаркан, бир неча йил аввал юз берган бир воқеа ёдимга тушаверади.

Таҳририятимизга Қарши шаҳрилик фуқаро мурожаат йўллаб, ўша вақтдаги шаҳар ҳокими ҳузурига кира олмаётгани, 4 йилдан бери муаммосини ҳал этишлари нари турсин биргина ҳокимбува билан гаплашишга қўйишмаётгани (қаранг раҳбарларимиз нақадар қўл етмас зотлар эди), қабул учун навбатга ёзилиб,   соатлаб кутиши бефойда кетаётганидан шикоят қилганди.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида фуқаролар қабул қилинадиган кун ҳокимият биносида бўлдик. Кун анча иссиқ, қабулга келганлар кўпчилик, олиймақом ҳузурга кирадиганлар бирма-бир қоғозга тиркалиб, номлари қайд этилиб, ҳужжатлари дам-бадам кўздан кечирилаётганига қарамай негадир ҳокимбуванинг ўзлари кўринмасди.

Кейин билсак, қабулга тўғридан-тўғри кириб бўлмас, 2-3 кун олдин келиб ёздириб кетиш керак экан. Ўйлаб кўринг, аввалдан қабул кунини жадвалдан кўриб, кейин зарур юмуш билан келган киши агар навбатга ёзилмаган бўлса, учрашувга бир ҳафтадан кейин киритиларкан!  Бунинг устига масъул раҳбарлар билан тўғридан-тўғри кўришиб ҳам бўлмас экан! Яъни сизнинг мурожаатингиз аввал обдан суриштирилади: нима гапингиз бор, қандай масала билан кирмоқчисиз?..

Халқ билан мулоқот, сайёр ва шахсий қабуллар бугун барча тизимда оддий, одатий ҳолга айланиб қолган бир чоғда, фақат коронавирус важидан онлайн кўринишга ўтилган бир вазиятда ҳам, эски ҳокимбува ўз даргоҳини нақадар "муқаддаслаштириб" юборгани кулгили кўринади.

Хуллас, ўша ҳафта ҳам, кейингисида ҳам ҳокимбуванинг қораси кўринмади. Гумашталар мақсадимизни, газетада "уриб чиқиш"имизни англаб, қўлетмас раҳбарга етказишган чоғи, қабул тугашига бир неча дақиқа қолганида шошиб (оламшумул ишларни битириб келаётган каби) ишхонасига кириб келди.

Шундай вазиятда оқил, тадбирли раҳбар бўлганида нима қиларди? Албатта, фуқароларга узрини айтиб, муаммоларни ҳал этиш чорасини кўрар, камчиликлар сабабларини журналистга тушунтирарди, тушунтиргиси келмаса, фуқаронинг арз-додига чек қўяр, шунда ҳар қандай танқид аҳамиятсиз бўлиб қоларди.

Хўш, бизнинг ҳокимбува нима қилди? Ички ишлар ходимларини чақирди...

Нега, дерсиз? Ҳалигача ўзим ҳам тушунмайман ҳоким нега бундай қарорга жазм этганига? Узунқулоқ гапларга кўра, ҳоким ИИБга сим қоқиб, гўёки ҳокимиятда ёмон ниятли кишилар, боз устига "Озодлик" деган радио мухбирлари берухсат кезиб юрганидан огоҳлантирган (ҳушёрликка-ку қойил, лекин озгина фаросат ҳам керак-да). Ваҳиманинг тафти анча иссиқ бўлган чамаси бир неча дақиқада ҳокимлик биносини ички ишлар ходимлари босиб кетди. Бир нечалашиб қўл қайириб, "Ўша ерда гаплашамиз" дегичлар ҳам топила қолди. Ўшанда недир бир иноят билан таҳририят билан боғланиб, таҳририятдагиларнинг ҳолатни вилоят раҳбарларига маълум қилиши сабаб зуғумдан қутулиб қолганимиз бор гап.

Лекин бир савол туғилади: бу "милиса" деганлари сўраб-суриштириб ўтирмас экан-да, а?! Ахир шунча ваҳимага яраша айтилган нарсаларнинг, ёмон ниятли кишилару ёмон радио мухбирларининг бирор унсури кўриниши керак-ку. Шу ҳолат юзасидан ички ишлар идорасига йўлланган мурожаатларимиз ҳам жавобсиз қолди. Вақт ўтиб бояги ҳоким "тахт"дан қулади, юзлаб мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмагани ҳаммага ўн беш кунлик ойдай кўринди-қолди.

Шундай вазият-ҳолатда матбуот эркинлиги ҳақида гап бўлиши мумкинми?

Нега бир неча йил аввалги воқеаларни эсга олдик? Гап шундаки, ўша ҳокимбувага ўхшаб эскича фикрлайдиган, саллани ол деса, каллага тармашадиган "милиса"лар бугун ҳам топилади. Кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Матбуотнинг иши шу: яхши бўлса мақтайди, ўзгаларга ўрнак қилиб кўрсатади. Ёмон бўлса,  танқид қилади, бошқалар хулоса чиқарсин, этагини йиғиштирсин, дейди. Шунинг учун матбуот - жамият кўгуси, дейишади. "Франция мустақиллигини матбуот сақлаб қолган" деган таъриф ҳам бежиз айтилмаган. Тараққиётга эркин фикрлар орқали эришилади, бусиз имкони йўқ. Кимгадир матбуотнинг эркинлиги ёқмаяптими, демак, иши тўғримас, шунинг учун туяқушдай бошини қумга яширади. Бошини қумга яширгани билан кети очилиб қолишини хаёлига келтирмайди.

Шундай экан, матбуотга янаям кўпроқ эркинлик бериш тараққиёт, ривожланишга сабаб бўладими ё туяқушсифат раҳбарларга тоқат қилиш? Жавобини яхши биласиз...

НАСРИДДИН

 

Report typo