Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

15.12.2022


У ВАҚТЛАРДА ХУДО ҲАМ ҲАММА НАРСАДА ХАЛҚҚА МАДАДКОР ЭДИ

Сараланган сатрлар

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон маълумотига кўра, 1719 йили Пётр Биринчининг қимматли ва ноёб санъат, маданият, тарих, археология ва бошқа ёдгорликлардан иборат коллекцияси асосида ташкил этилган Россиядаги биринчи музей - Кунсткамера  Россиянинг босқинчилик сиёсати асоратлари сақланиб келинаётган шармандали жойлардан бири. У ерда рус босқинчиларига қарши  жанг қилган жуда кўп халқлар қаҳрамон фарзандларининг  кесилган бош чаноқлари сақлаб келинади.

Жумладан, Кавказ халқларининг миллий қаҳрамони Ҳожи Муроднинг боши ҳам шу ерда экан. Бир неча йил муқаддам Қозоғистон раҳбарлари она юртига қайтариб, исломий одатларга асосланиб дафн этилган қозоқ халқи тарихининг эътиборли сиймолари Кенесарихон ва Кейки ботир бош чаноқлари ўша музейдан жой олган эди.

Эътиборга молик жиҳати, ўз вақтида Ҳожи Мурод ҳақида буюк рус адиби Лев Толстой қисса битган. Расул Ҳамзатов "Менинг Доғистоним" китобида қайд этишича, тоғликка "Ҳожи Мурод" қиссасини айтиб беришганида, бундай асарни ёзишга инсон зоти қодир эмас, деган экан...

Аёнки, қаҳрамон ҳам, асар ҳам оддий таърифларга сиғмайди. Тўла ҳис қилиш, асар шиддатига эш бўлиш учун албатта ўқиб чиқиш керак. Бинобарин, қуйида сараланган битиклар бу йўлда ўзига хос ундов бўлади, деб ўйлаймиз.

*  *  *

"Ажабо, ҳаётнинг нақадар ғайрат ва кучи бор, - дея мен гулни узаётганимдаги чеккан машаққатимни хотирладим, - у  ўз ҳаётини жуда зўр куч билан ҳимоя қилди ва осонликча жон бермади".

*  *  *

Одам - қандай емирувчи махлуқ, ўз ҳаётини сақлаш учун қанчадан-қанча ранг-баранг тирик мавжудотларни, ўсимликларни маҳв этган.

*  *  *

Ҳожимурод ўз бахтига доимо ишонарди. У бирор нарсани бошласа, албатта муваффақият қозонаман деб ўйларди, - шунинг учун ҳам ҳамма нарса унга кулиб боқар эди. Унинг бутун жўшқин ҳарбий турмуши давомида, ҳар замонда учрайдиган тасодифлардан қатъи назар, шундай бўлган.

*  *  *

Урушда урушдагидек иш қилиш лозим.

*  *  *

Яхшилик билан тугаган нарсанинг ҳаммаси ҳам яхши.

*  *  *

У ҳақиқий авлиё эди. У имомлик қилганда, бутун халқ бошқача эди. У овулларни кезиб юраркан, халқ черкаскасининг этагини ўпиш учун унинг олдига чиқар ва гуноҳларига тавба қилар ҳам ёмон иш қилмасликка онт ичар эди. Чоллар: у вақтда ҳамма одам авлиёга ўхшаб яшар - чекмас, ичмас, намозини канда қилмас, бир-бирининг жабрини кечирар, ҳатто қон тўкканни ҳам кечирар эди, деб гапирадилар. У вақтларда пул ёки буюм топиб олинса, ходага боғлаб йўлга қўярдилар. У вақтларда, ҳозирдагидай эмас, худо ҳам ҳамма нарсада халққа мададкор эди.

*  *  *

Николай... норозилик ҳиссининг яна яқинлашиб келаётганини сезиб, ўзига: "Ҳа, менсиз Россия нима бўлар эди", деб ўйлади. "Ҳа, менсиз ёлғиз Россиягина эмас, балки Европа нима бўлар эди". Сўнг у қайниси Пруссия қиролини, унинг ожизлигини ва аҳмоқлигини хотирлади-да, бошини чайқаб қўйди.

*  *  *

Чиновникларнинг хусусияти - ўғирлаш, Николайнинг вазифаси эса уларни жазолаб туриш эди ва бу иш қанчалик жонига теккан бўлмасин, у бу вазифани виждон билан бажарарди.

*  *  *

Николай бирор масалани ҳал қилмоқчи бўлганда унга фикрларини жамлаш учун бир неча дақиқа кифоя қиларкан холос, шунда унинг илҳоми келиб, ўз-ўзидан энг тўғри ечимини топар, гўё ички бир овоз унга нима қилиш кераклигини айтиб тургандек бўлар экан. Чернишев бу ҳақда Николайнинг ўз оғзидан бир неча бор эшитган эди.

У доклад қоғозини олди ва унинг четига ўзининг йирик хати билан шундай деб ёзди: "Ўлим жазосига лойиқ. Аммо, тангрига шукур, бизда ўлим жазоси йўқ. Ва у жазони мен киритмайман. 12 марта минг кишининг орасидан ўтказилсин. Николай". У катта қилиб қўл қўйди.

Николай, ўн икки минг хипчиннинг чинакам, азобли ўлимгина эмас, балки ҳаддан ташқари раҳмсизлик эканини биларди, негаки, энг кучли одамни ҳам ўлдириш учун беш минг хипчин уриш етарли эди, лекин унга ғоятда раҳмсиз бўлиш ҳамда "ўлим жазоси йўқ", деб ўйлаш кўнгилли эди.

*  *  *

У ҳозир бор-йўғидан айрилганлигини ҳам, тўланмаган қарзларини ҳам унутган. Кавказ, уруш, солдатлар, офицерлар, маст ва оқкўнгил ботирлар, майор Петров - буларнинг ҳаммаси унинг кўзига ўтдай кўринар эди. Шу важдан ҳам у гоҳо Петербургда папирос тутунига кўмилган хоналарда ўтиришларни, банкачидан нафратланиб ва миясида оғриқ сезиб картанинг бурчагини букиб ва банкага пул тикиб юришларни ташлаб, бу ерда, ажойиб ўлкада, азамат кавказликлар орасида эканлигига ҳеч ишонмас эди.

*  *  *

Унинг тасаввурида уруш хавфу хатардан, бемаҳал келган ўлимдан ва шунинг натижасида қўлга киритилган мукофотлару обрў-эътибордан, рус дўстларининг ҳурматларидан иборат эди. Урушнинг бошқа томонлари, қирғин, солдатларнинг, офицерларнинг, тоғликларнинг жароҳатланишлари унинг хаёлига ҳам келмаслиги жуда қизиқ эди. У ҳатто шуурсиз, ўзининг уруш ҳақидаги шоирона тасаввурини сақлаш учун ўлганларга, ярадор бўлганларга ҳеч қачон боқиб қарамасди. Бугун ҳам шундай бўлди. Бизникилардан уч киши ўлган ва ўн икки киши ярадор бўлган эди. У, чалқанча ётган мурда ёнидан ўтиб кетди ва фақат бир кўзи билангина, мумга ўхшаган кўлнинг аллақандай ғалати вазиятини ва бошидаги тўқ қизил доғни кўрди-ю, лекин синчиклаб қараб ўтирмади. Унинг назарида тоғликлар фақат отлиқ йигитлар бўлиб, улардан сақланиш керак эди.

*  *  *

Русларга бўлган нафрат ҳақида ҳеч ким гапирмасди. Кичкинасидан тортиб каттасига қадар бутун чеченлар тарафидан ҳис этилаётган туйғу нафратдан кучлироқ эди. Бу туйғу нафрат туйғуси эмас, балки, бу, рус итларини одам деб эътироф қилмаслик ва бу махлуқларнинг аҳмоқона шафқатсизлиги қаршисидаги нафрат, қабоҳат ва ҳайрон қолишлик туйғуси эдики, худди каламушларни, заҳарли ўргимчакларни, бўриларни қириб битириш истаги сингари, уларни қириш истаги ҳам ўз-ўзини сақлаш туйғуси каби табиий эди. Аҳоли олдида тубандаги икки йўлдан бирини танлаш масаласи турарди: ё шу ерда қолиш, шу қадар зўр меҳнат билан бино этилган, ҳам шу қадар тез ва ваҳшиёна вайрон қилинган нарсаларнинг ҳаммасини, ҳар бир минутда яна шундай вайрон қилишини кутган ҳолда, кўп куч сарф қилиб янгидан тиклаш ёки шариатга ҳамда русларга нисбатан бўлган   нафрат ва ҳақир кўриш туйғусига қарши уларга бўйсуниш.

*  *  *

Қарши таъсир қилиш учун Жамолиддин томонидан тубандаги хитобнома тузилган эди:

"Парвардигори олам сизга инсоф ва тавфиқ берсин. Руслар пешонангизни силаб, бўйсунишга даъват қилаётганини эшитаётибман. Уларга ишонманг ва бўйсунманг, аксинча, сабр қилинг. Агар сабр-қаноатингиз учун бу дунёда роҳат кўрмасангиз, у дунёда кўрасиз. Душман илгари ҳам бир марта қуролларингизни олиб қўйганини эсланг-а. Агар ўша вақтда, 1840 йилда тангри сизга ақл бермаса, сиз аллақачоноқ солдат бўлган бўлар эдингиз, хотинларингиз эса чалворсиз юрган ва ҳақоратланган бўлар эдилар. Ўтмишга қараб келгуси ҳақида муҳокама юритинг. Кофирлар билан бирга яшагандан кўра, русларга душман бўлиб ўлмоқ афзалдир. Сабр қилинг, мен Қуръон ва қилич билан ёнингизга бораман ва сизларни русларга қарши бошлайман. Ҳозир эса русларга бўйсуниш ҳақида ният қилиш у ёқда турсин, ҳатто бу ҳақда ўйламасликни қатъиян буюраман".

*  *  *

Аммо Ғамзат ўлишидан аввал, осмонда қушларни кўриб, уларга: "Сиз учар қушлар, бизнинг уйларимизга боринг ва опа-сингилларимизга, оналаримизга ва оппоқ қизларга: улар ҳаммалари ғазавот учун жон бердилар, деб айтингиз. Уларга хабар қилингларки, бизнинг жасадларимиз гўрда ётмайди, балки суякларимизни оч бўрилар ҳар томонга олиб кетиб, ғажийдилар, кўзларимизни эса қузғунлар чўқийдилар", дея қичқирганлиги сўзланарди.

Қўшиқ шу сўзлар билан тугарди ва сўнгги оҳангдор нақоратга қўшиқнинг энг охирида қаттиқ "Ла илоҳо иллаллоҳ", деб бақирган ҳам қулоқни кар қилар даражада чинқирган ХонМагоманинг тетик овози қўшилди. Кейин ҳаммаси тинди ва яна боғдан булбулларнинг сайраши ва навкарлар уйидан, қайроқтошга тез қайралаётган темирларнинг бир қолипдаги шириллаши эшитила бошлади.

*  *  *

- Бунинг отини уруш дейдилар.

- Уруш? Қанақа уруш? Бу одамларни тириклайин сўйиш - тамом-вассалом. Жасадни ерга кўмиш керак, булар эса тишларини иржайтириб куладилар, каллакесарлар, рост.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo