Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

01.12.2020


УЧ ЙИЛГА САЙЛАНГАН, УЧ ОЙГА ҲАМ БОРМАБДИ

Ўтган йили уч йил муддатга фуқаролар йиғини раислигига сайланган 26 нафар оқсоқол айни дамда ушбу вазифада фаолият кўрсатмаяпти.

Бу вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бизга тақдим этган маълумот. Унинг изоҳида эса авваллари қулоққа чалинганидек, "Ҳоким билан келиша олмабди", "Ҳоким ишдан олибди" каби асосларни кўрмайсиз. Бинобарин, маҳаллий ҳокимлар фуқаролар йиғини раислари, яъни сайлаб қўйиладиган лавозим эгаларини тўғридан-тўғри ишдан олиш ваколатига эга эмаслигини бугун кўпчилик англаб етган. Ваколати муддатидан олдин тугатилган ўша раислар ишдан кетишига сабаб қилиб кўрсатилган омиллар ҳам шунга монанд, яъни силлиқ ва оддий: 15 нафари ўз хоҳишига кўра, 10 нафари бошқа ишга ўтганлиги боис сайланган лавозимидан воз кечган, 1 нафарини эса тушунса бўлади - оламдан ўтибди.

Бу ерда шуниси ажабланарлики, аввалига сайловда иштирок этишга ўзлари розилик билдирган ва сайловчилар ишончини қозонишга ҳам эришган 25 раисдан бир қисми кўп ўтмай нега бўшашга ариза ёзди, қолганлари бошқа иш йўқлигидан оқсоқолликка ўзини урганмиди?

- Ўшанда номзодликка талабгор чиқмаганлиги сабабли мен ва йиғин  котибининг номзоди рўйхатга киритилди, - дейди Қарши шаҳридаги Худойзод маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси Шамси Набиев. - Унга қадар йиғин раисининг кексалар бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борардим. Сайловда кўп овоз билан менинг номзодим тасдиқдан ўтди. 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар ишладим. Иш кўп, иш вақти чегараланмаган. Югур-югурларга ёш ўтгандан кейин куч бўлмас экан. Бунинг устига маҳалла ходимларига ўз фаолиятидан ташқари маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам турли топшириқлар берилиб, ёзма ҳисоботлар сўралади. Шу сабабли ўз аризамга кўра ишдан бўшадим.

Хўш, маҳалла ишига аввалдан аралашиб юрган одам шуларни билмасмиди? Нега бу омиллар сайланган лавозимдан бўшаш сабаби қилиб ҳаммаси пишгач, ҳеч қанча ўтмай кўрсатилди. Буёғи энди бизга қоронғи. Шу каби ариза ёзган ёки бошқа ишга ўтганлиги учун ваколати муддатидан олдин тугатилган раислар юзасидан ҳам саволлар бисёр. Бироқ уларнинг ҳар бири бўйича шахсан маълумот тўплаш учун кўп вақт зарур.

Ваҳоланки, бошқармадан олинган маълумотга кўра, ваколати муддатидан олдин тугатилган раислардан 10 нафари сайланган лавозимида атиги 1-3 ой фаолият юритган. Нима, йиғин раиси лавозими бугун сайланиб, эртага ташлаб кетиладиган жойми? Ахир халқ уларга ишониб овоз берган эди-ку...

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo