Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • УЧ ШИФОКОР, БИР ҲАМШИРА ИШДАН БЎШАТИЛИБ, ТУҒРУҚХОНА РАҲБАРИГА ҲАЙФСАН БЕРИЛДИ

08.10.2019


УЧ ШИФОКОР, БИР ҲАМШИРА ИШДАН БЎШАТИЛИБ, ТУҒРУҚХОНА РАҲБАРИГА ҲАЙФСАН БЕРИЛДИ

Афсусланарли томони, она уйга қайтгач, танада ип қолиб кетгани маълум бўлган. Аммо шифокор бошда "ўзи битта ип қолдирилади" деб ўзини оқлаган бўлса, вақт ўтиб яна бир ип қолиб кетгани аён бўлгач, дўхтирлар "шунга шунча ваҳимами" деган жавоб беришган. Шунга кўра, фуқаро туғруқхонадаги коррупция ҳолатига барҳам бериш ва шифокорларнинг ўз вазифасига масъулиятли бўлишларини сўраган.

Қарши шаҳар туғруқ комплекси ходимлари фаолиятига тааллуқли ушбу ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:

"Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан вазият ўрганилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мурожаатда қайд этилган аёл ва гўдакнинг саломатлиги алоҳида назоратга олинди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан  шаҳар туғруқ комплексида ўтказилган умумий йиғилишда ушбу ҳолат атрофлича муҳокама қилинди.

Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Алишер Насимов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизмат сифатини назорат қилиш инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи Илҳом Қодиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Шерали Нурматов, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Моҳигул Бахрамова, бошқарма ва шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматлари раҳбарлари, туғруқхонадаги барча шифокорлар, ҳамширалар ва доялар иштирок этишди.

Умумий йиғилиш қарорига асосан Қарши шаҳар туғруқ комплексида Ўзбекистон Республикаси "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига риоя этилиши ҳолати қониқарли эмас, деб топилди. Бу борада комплекс раҳбарига ҳар бир ходим билан жиддий тушунтириш олиб бориш, ички жамоатчилик назоратини кучайтириш вазифаси топширилди.

Ушбу ҳолат бўйича туғруқ комплексининг уч нафар шифокори ва бир ҳамшираси эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди. Тегишли қонун талабларига риоя этилиши борасида назоратни сусайтиргани учун шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан туғруқ комплекси бош врачи Салима Ачиловага нисбатан "ҳайфсан" интизомий чораси кўрилди. Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Моҳигул Бахрамовага нисбатан интизомий чора кўриш бўйича вазирликка таклиф киритилди.

Вилоятнинг барча тиббиёт муассасаларида Қарши шаҳар туғруқ комплексида қайд этилган ҳолатни муҳокома этиб, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги  томонидан қабул қилинган қарор ва буйруқлар ижросини қайтадан кўриб чиқиш борасида чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмурияти шундай имтиёз ва имкониятлар яратилаётган, шунингдек, Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги тажрибаси ва ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилаётган бир пайтда юқоридаги нохуш ҳолатларнинг рўй бергани жуда афсусланарли ҳол деб ҳисоблайди ва тизимда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича барча чораларни кўради. Қанчалик билимли, малакали ва моҳир мутахассис бўлмасин, тамагир кишига тизимда ўрин йўқ, деб билади. Шу сабабли ҳар бир тиббиёт ходимига ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашиши нафақат ўзининг ва жамоасининг, балки ахборот майдони чегара билмаётган айни шароитда юртининг шаъни, обрў-эътибори билан боғлиқлиги батафсил тушунтирилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан барча тиббиёт муассасаларининг қабул ва бошқа бўлимларида кўзга кўринарли жойларда "Ишонч телефонлари" кўрсатилган мурожаатлар лавҳалари жойлаштирилган. Фуқаролардан тиббиёт ходимларининг коррупцияга алоқадор хатти-ҳаракатлари юзасидан мазкур шифохона, ҳудуддаги тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят    соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмуриятига зудлик билан хабар беришларини сўраймиз. Ҳар бир мурожаатнинг жиддий ўрганилиши кафолатланади. Бу борадаги ҳамкорликни жуда қадрлаймиз ва ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз тизимда юқоридаги сингари жирканч иллатларнинг олдини олишда, қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишда катта самара беришига ишонамиз".

Маълумотларга кўра, туғруқ комплексида кузатилган ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси томонидан ҳам ўрганилаяпти. Ўрганиш натижаларига кўра тегишли мутасадди-ходимларга нисбатан янада қатъий чоралар кўрилиши мумкин.

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo