Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

12.11.2020


УЧ СПОРТЧИМИЗДА - УЧТА МЕДАЛЬ

Жаҳон чемпионати

Жорий йилнинг 5-9 ноябрь кунлари Сербиянинг Нови-Сад шаҳрида самбо ва жанговар самбо бўйича катталар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатидан 400 нафардан зиёд спортчи иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини 35 нафар спортчи ҳимоя қилиб, якунда 5 та олтин, 9 та кумуш ва 12 та бронза меддаларини қўлга киритди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон терма жамоаси сафида вилоятимизнинг 3 нафар вакили бўлган ва уларнинг учаласи ҳам чемпионат шоҳсупасига кўтарилган.

Жумладан, жанговар самбо бўйича ёш қизлар ўртасидаги мусобақада 48 килограмм вазн тоифасида иштирок этган яккабоғлик Мушарраф Ибодуллаева барча рақибларини ишончли мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритган бўлса, шаҳрисабзлик Баҳодир Боқиев катталар ўртасидаги самбо курашида 62 килограмм вазн тоифаси бўйича худди шундай натижани қайд этди.

Баҳодирнинг финалда жаҳоннинг энг кучли самбочиларидан бири сифатида тилга олинадиган россиялик Александр Салиховни ишончли мағлуб этиши мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Вилоятимизнинг яна бир вакили Муниса Эшқулова эса 40 килограмм вазн тоифасидагилар баҳсида иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлди. У ўтган йили пойтахтимиз мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ва Сербияга амалдаги чемпион сифатида борган эди.

 Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоамиз аъзолари муносиб кутиб олинди. Шунингдек, жойларда ҳам ғолиб спортчиларни тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, жаҳон чемпиони Мушарраф Ибодуллаева ўзи туғилиб ўсган Яккабоғ туманида ҳокимлик масъуллари ва тумандошлари томонидан катта тантана билан кутиб олинди.

Туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев Мушаррафни эришган муваффақияти билан табриклаб, унга энг сўнгги русумдаги компьютер жамланмасини совға қилган.

-                     Қизимни спортга қизиқишини марҳум турмуш ўртоғим қўллаб-қувватлаб, зарур имкониятларни яратиб берган эди, - дейди чемпионнинг онаси Матлуба Бобоқулова. - Афсуски, умри қисқа экан,  Яккабоғ халқи бугун қизимизни қандай ғурур билан кутиб олганини кўра олмади.

Эслатиб ўтамиз, 19 ёшли Мушарраф Ибодуллаева спортнинг белбоғли кураш, самбо ва жанговар самбо турлари бўйича бир неча маротаба мамлакат ва халқаро мусобақалар ғолиби бўлган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo