Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.02.2021


Учовлашиб бешта қўйни ўғирлаб кетишди

Кишининг меҳнатга, пешона тери билан пул топишга рағбат-хоҳиши бўлмаса, турли эгри йўллар орқали бирданига мўмай даромадли бўлгиси келади. Шундай кимсалар “Тўғрилик – тўрга тортар, ўғрилик – гўрга” деган нақлни эсдан чиқармасликлари керак. Афсуски, балойи нафс домига тушган кимсалар бировнинг мол-мулкига кўз олайтиришдан уялмайдилар.

Шу йилнинг 13 февраль куни Косон туман ички ишлар бўлимига Машъал маҳалласида яшовчи С.Ш. номидан ариза келиб тушган. Баён этилишича, 13 февралга ўтар кечаси номаълум шахслар унинг Дўстлик маҳалласида жойлашган, қурилиши тугалланмаган уйига кириб, молхонадаги бозор баҳоси 8 миллион 200 минг сўмлик 5 та қўйни ўғирлаб кетган.

Жиноят иссиқ изида фош этилди. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ўғриликни Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи Н.Ш. ва А.А. ҳамда Аралиқ маҳалласида яшовчи О.Н. содир этганлиги аниқланди. О.Н.дан 5 бош қўй тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Одамга пул керакми, меҳнат қилиши керак. “Иш йўқ, пул йўқ” деб уйда ётаверган билан осмондан чалпак ёғмайди. Қимирлаган қир ошар, деганлар ахир. Аммо тўғри йўл турганда, эгри йўл кечилса, бунинг охири вой бўлади.

Report typo