Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Учта туман аҳолиси бепул ҳуқуқий маслаҳатхоналар хизматидан фойдаланмоқда

19.01.2021


Учта туман аҳолиси бепул ҳуқуқий маслаҳатхоналар хизматидан фойдаланмоқда

Фуқаролик жамияти

USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури асосида Қашқадарё вилояти “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида ўтган йили Қарши шаҳри ҳамда Қарши ва Чироқчи туманларида бепул ҳуқуқий маслаҳатхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Улар орқали бир йил давомида қарийб 2,5 минг нафар кишига юридик хизматлар ва кўплаб фойдали маълумотлар тақдим этилди.

“Қашқадарё вилоятида аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф гуруҳлари учун юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” деб номланган бу лойиҳа вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилмоқда.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Қашқадарёнинг учта ҳудудидаги маҳаллаларда 120 та учрашув ўтказилиб, уларда 1876 нафар киши (шу жумладан, 1153 нафар аёл) иштирок этди. Ушбу тадбирлар қатнашчиларига турли масалалар бўйича юридик ва психологик маслаҳатлар берилиб, меҳнат миграцияси ҳамда хотин-қизларни тазийқ ва зўравонликдан химоя қилиш билан боғлиқ мавзуларда 4,6 мингдан ортиқ ахборот материаллари тарқатилди. Мазкур учрашувлар ва ҳамкорлар билан ўтказилган давра суҳбатлари орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатхоналар ҳақида кўплаб фуқаролар хабар топиб, “Yuksalish” марказининг юрист-маслаҳатчиларига мурожаат этишди.

Натижада 2458 нафар киши нафақа тайинлаш, бола учун алимент ундириш, доимий иш топиш, тадбиркорликни ташкил этиш, коммунал тармоқларга уланиш, яшаш шароитларини яхшилаш, кредит ва субсидиялар, моддий ёрдам олиш ва бошқа кўплаб масалалар бўйича малакали юридик хизмат ва амалий ёрдамдан фойдаланишди. Мурожаатларнинг 56 фоизини хотин-қизлар, 44 фоизини эса эркаклар йўллашди, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда “Yuksalish” марказига кўплаб ижтимоий ҳамкорлар – давлат ва нодавлат ташкилотлари кўмаклашди. Карантин даврида аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида телефон ва Telegram мессенжеридаги махсус гуруҳ орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўлга қўйилди.

2020 йилнинг январь ойидан бошлаб бир йил мобайнида амалга оширилаётган ва шу кунларда якунига етказилаётган мазкур лойиҳанинг асосий натижалари Қарши шаҳрида “Ижтимоий ҳамкорлик – самаралар гарови!” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилинди.

- Лойиҳа доирасидаги фаолиятимиз аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф гуруҳлари вакилларининг юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширди, – деди лойиҳа бўйича якуний тақдимот қилган “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Хайдарова. – Бунинг натижасида пандемия даврида минглаб кишилар маблағ ва вақт тежаб, ўз муаммоларини ҳал қилишга эришишди. Айни пайтда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнида меҳнат миграцияси ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар, мигрантлар ва уларнинг фарзандлари муаммолари ҳам аниқланиб, бу масалаларни ҳамкорликда бартараф этиш бўйича бой тажриба тўпланди. Қўшимча  ҳуқуқий хизматлар тақдим этиш учун қайта йўналтириш тизими яратилди ва такомиллаштирилди.

Вилоят маркази ҳамда Қарши ва Чироқчи туманларида ташкил этилган бепул юридик маслаҳатхоналарнинг юрист-маслаҳатчилари давра суҳбати иштирокчиларини ҳудудларда аҳолидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили, лойиҳа эксперти эса аҳоли заиф қатлами вакилларида аниқланган муаммоларнинг гендер бўйича таҳлили натижалари билан таништиришди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари лойиҳа доирасида эришилган натижаларни алоҳида эътироф этиб, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган бу фаолиятни давом эттириш ва ривожлантириш, бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тармоғини эса бошқа ҳудудлар ҳисобидан кенгайтириш зарурлигини таъкидлашди.

Давра суҳбати доирасида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига лойиҳани амалга ошириш йўлидаги ҳамкорлик ва кўмак учун ташаккурнома топширилди.

Report typo