Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

21.11.2024


Ҳудуд салоҳияти ва имкониятлари намойиши

Саноат ярмаркаси

22-23 ноябрь кунлари Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда рақамли трансформация маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилади.

Икки кун давом этадиган мазкур ярмарка Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт манежида бўлиб ўтади ва ихтисослашуви бўйича нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноатини қамраб олади.

Мақсади ишлаб чиқарувчилар ва давлат буюртмачиларининг ўзаро алоқаларини кенгайтириш, йирик корхоналар ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ва саноат кооперациясини йўлга қўйишдан иборат бу тадбирда "Ўзбекнефтгаз", "Ўзкимёсаноат", "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятлари, "Ўзэлтехсаноат", "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмалари, улар таркибидаги завод ва фабрикалар билан бир қаторда Қашқадарёнинг барча ҳудудлари ва мамлакатнинг бошқа вилоятларидан келган кўплаб тадбиркорлик субъектлари қатнашиб, ўз салоҳияти ва имкониятларини кўрсатишади.

- Ярмарка доирасида "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг саноат салоҳияти, импорт номенклатураси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳа таклифлари намойиш этилади, - дея эълон қилади мазкур жамият ҳамкорларини Қарши саноат ярмаркасидаги алоҳида кўргазма стендига таклиф қилиш асносида. - Тадбир давомида 2025 йилда инвестиция лойиҳалари ҳамда корхоналар эҳтиёжлари учун маҳсулот ва хизматларни кооперация асосида ишлаб чиқариш бўйича шартномалар ва меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.

Ҳудудий саноат ярмаркасида 100 дан ортиқ фирма ва компанияларнинг ўз кўргазмали стендлари билан иштирок этиши кутилаётган экан, улар томонидан кейинги бир йил давомида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган янги маҳсулот турлари ва тез орада амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилиши мўлжал қилинган. Айни пайтда тадбир чоғида импорт ўрнини босувчи  маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзолаш, саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, юқори технологик маҳсулотлар, инновацион ишланмалар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича самарали натижаларга эришган иштирокчиларни рағбатлантириш назарда тутилган.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, дастлабки статистика маълумотларига кўра, жорий йил 1 октябрь ҳолатида вилоятимизда 3 минг 258 та саноат корхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида вилоятимиз корхоналари томонидан 28 триллион 742,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан физик ҳажм индекси 108 фоизни ташкил этган.

Ўз мухбиримиз

Report typo