Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.06.2020


ҚУЛАГАН БИНО НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТИ БЎЛГАН

Жорий йилнинг 23 июни куни Қарши шаҳри, Ислом Каримов кўчасидаги “Насаф Травел” меҳмонхонаси биноси чап томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли объектнинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан вилоят “Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида,  “Насаф-Травел” компаниясига тегишли ушбу объектдаги қурилиш ишлари руйхатга олинмасдан, ноқонуний олиб борилгани маълум бўлди”, дейилади Қурилиш вазирлиги томонидан эълон қилинган расмий муносабатда. 

Баён этилишича, объект буюртмачиси “Насаф-Травел” компанияси ушбу қурилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 5-иловаси, яъни “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га талабларига мувофиқ вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмаган.

 Шунингдек, Қарши шаҳар ҳокимининг мазкур объект қурилиши бўйича 2018 йил 5 июнда қабул қилинган “Насаф-Травел” компаниясига тегишли 4566,92 квадрат метр ер майдонида жойлашган “Меҳмонхона ва ресторан”ни реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудидан ёрдамчи бинолар қуришга рухсат этиш тўғрисида”ги қарорининг “объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан рухсатнома олиш” талаби  буюртмачи  томонидан бажарилмаган.

Инспекция ушбу бино қурилиши бўйича “Насаф-Травел” компаниясини бир неча бор огоҳлантирган (2019 йил 29 ноябрда 30-сон ва 2020 йил 28 февралда 141-сон огоҳлантириш хати) бўлишига қарамасдан, буюртмачи ноқонуний равишда объектда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган ва қурилиш меъёрларининг қўпол равишда бузилиши натижасида мазкур ҳолат келиб чиққан.

Report typo