Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Толиб ТЕМИРОВ

10.02.2017


ҚУМ ТАНАЛИ ОДАМ

Ғўжанак бўлиб ётган бемор шу даражада титрар, ингрардики, титроғидан каравот силжиётгандек эди. Иккита девқомат йигит уни маҳкам тутиб тураркан, дўхтир тинчлантирувчи укол қилишга чоғланди-ю, аммо ҳадеганда томирга тушавермади. Шунда бемор баттар ингранди. Дўхтир барибир томирга тушолмади ва дорини беморнинг бўйнидаги томирдан юборишга мажбур бўлди.

Синфдошим ташқарига чиқиб, пешонасидаги терни артаркан, беморнинг ҳолатига шундай изоҳ берганди: “Гиёҳванд модда қабул қилавериб, ҳамма томирлари куйиб кетган. Тинчлантириш, “ломка”ни ўтказиб юбориш учун уколни бўйнидан юборишга мажбур бўлдим. Қўл-оёқларидаги томирлардан кетмаяпти. Организми сал бўлмаса уваланиб кетадиган ҳолга келиб қолган. Нам қумдан ясалганга ўхшайди. Сал тексанг нураб кетади”.

-Биласанми, - дейди ўша дўхтир синфдошим Бобомурод Раҳимов. - гиёҳвандликка одатда, руҳан заиф, иродаси бўш, бировларга тақлид қилишга мойил, худбин кишилар берилувчан бўлади. Бундай шахслар ўз мойилликларига қарши курашолмайди. Бора-бора организмдаги мойиллик мутлақ ғалаба қозонади. Аввал тажанглик, кайфият бузуқлиги, хотира сусайиши каби руҳий ўзгаришлар, кейинчалик терлаш, юракнинг нотекис уриши, озиш, қўл-оёқда титроқ пайдо бўлиши, ранг синиқиши, кўз қорачиғининг кенгайиши каби жисмоний ўзгаришлар рўй беради. Бангилик одамни мажруҳ қилиб қўяди. Бу бемор ҳам ана шундай мажруҳга айланган.

Бобомуроднинг айтишича, ўша бемор ҳамма нарсасидан айрилган. Хотинидан, бола-чақасидан, рўзғор буюмларини, мол-ҳолини, ҳатто уйини сотган шу савилни деб. Энди эса жонидан айрилаяпти.

Ўшанда англаганман гиёҳвандлик қанчалар жирканч иллат эканини, у нафақат бир кишининг, балки жамиятнинг парокандаликка юз тутишига сабаб бўлишини. Чунки гиёҳвандлик воситаларига тобелиги юқори бўлган кимсаларда уларни қўлга киритиш йўлида жиноятга қўл уриш - қотиллик, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик ва бошқаларни содир этиш эҳтимоли кучаяди ва бу жамиятнинг маънавий ҳамда моддий илдизларига болта бўлиб урилади.

Статистик маълумотларга кўра, гиёҳванд наркотик қабул қилишни  бошлагандан кейин кўп умр кўрмайди ва кўпчилик гиёҳвандлар 30-40 ёш атрофида ҳаётдан кўз юмади. Унинг охирги йиллардаги ҳаёти азоб-уқубатда, хор-зорликда, руҳий ва жисмоний ногиронликда ўтади.

Бугунги кунда бутун дунёда гиёҳвандлик иллати туфайли турли давосиз дардлар юзага келаяпти. ОИТС (СПИД), жигар циррози, сил, ўсма касалликлари, ошқозон-ичак хасталиги ва ҳомиланинг майиб-мажруҳ туғилиши ҳам кўпроқ гиёҳвандлик асорати.

Шу боис ҳам мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш масаласига катта эътибор қаратилмоқда, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар мамлакатимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш, психотроп воситалар олди-сотдисини бартараф этиш самарадорлигини оширишга олиб келди. Трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар наркотик воситаларни контрабанда қилиш учун республикамиз ҳудудидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи устидан қатъий назорат ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш самарадорлигини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган беморларга кафолатли тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрилган чоралар натижасида юртимизда гиёҳвандликнинг, гиёҳфурушликнинг пайи бир қадар қирқилган.

Бироқ бу ҳеч қачон хотиржамликка берилишимиз учун асос бўлолмайди. Гиёҳванд моддалар олди-сотдиси бир грамм бўлсин учраяпти экан, ҳар биримиз ҳамиша ҳушёр бўлишимиз лозим. Чунки ўша бир грамм бир кишининг, бир оиланинг парокандаликка юз тутишига етарли бўлиши мумкин. Айниқса, ёшлар тарбияси соҳасидаги муаммоларни қанчалик тез ҳал қила олсак, бу иллатга қарши самарали кураша оламиз. Бунинг учун ёшларни “оммавий маданият”нинг унсурлари таъсиридан ҳимоялашимиз керак. Уларни худбинликдан асрашимиз, ҳаддан ташқари талтайиб кетишларига йўл қўймаслигимиз зарур. Тўқликка шўхлик қилишига қўйиб бермаслигимиз шарт. Токи, ҳеч ким гиёҳвандлик каби манфур иллатнинг асирига айланмасин, ёш умри хазон бўлиб, танаси қум сингари бўлиб қолмасин. Ҳеч ким мўмай даромад илинжида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланмасин.

Толиб ТЕМИРОВ

Report typo