Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

26.08.2022


“Умид ниҳоллари” ғолиблари тақдирланди

Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилиши йўлга қўйилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолиб ва совриндорларига 166 дона ноутбук (биринчи ўрин учун), 166 дона телевизор (иккинчи  ўрин учун), 177 дона спорт  велосипеди (учинчи ўрин учун) совға қилинди.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанали тадбирда таъкидланганидек, мактаблар босқичи ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган “Умид ниҳоллари – 2022”да ўсмирлар футбол, бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, шашка, кураш, бадиий ва спорт гимнастикаси каби турлар бўйича беллашувларда қатнашган. Уларда энг яхши натижа қайд этган ўғил-қизлар эса мусобақанинг туман (шаҳар)лар босқичига йўл олиб, яна бир бор ўз маҳоратларини синовдан ўтказган.

Шу тарзда вилоят финал босқичига сараланган энг маҳоратли, машғулотларда тобланган 2 минг 235 нафар спортчи ўқувчи етиб келган бўлса, улардан 1035 нафари қиз болалар эканини эътироф этиш ўринли.

- Мусобақа иштирокчилари орасида мамлакат ва халқаро миқёсдаги турнирлар ғолиб ва совриндорлари ҳам кўпчиликни ташкил этгани ҳал қилувчи баҳсларнинг кескин ва муросасиз кечишини таъминлади, -  дейди Шаҳрисабз туман халқ таълими бўлими мудири Аслиддин Ғофуров. – Яхши тайёргарлик кўрдик, мактабларимизда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун яратилган замонавий шароитлар ҳам ўқувчиларимизнинг яхши натижалар кўрсатишига замин яратди. 

 “Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақалари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган Шаҳрисабз тумани ўқувчи ёшларига бош соврин - “Дамас” русумли автомашина топширилди.      

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo