Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

19.03.2019


УМРИМИЗ КЕЧАДИ ОДДИЙ ВА КАМТАР

ҲАЁТ ҲАДИСЛАРИ

Сен бунча насиҳат ўқима, шоир,

Ҳавойи сўз айтиб, берма тасалли.

Бир лаҳза фикр қил ҳаётга доир,

Ҳис эт бошқаларни бир зум ақалли.

 

Отасин тупроққа қўйди бир ўғлон,

Ишонган тоғидан бўлди-ку жудо.

Отасиз қолгандинг сен ҳам бир замон,

Ўзингнинг ҳолингни эсла шу асно.

 

Йўқсилга бойликдан сўйлайсан ўгит,

Муҳтожлик емирар пўлат бўлсанг ҳам.

Боши эгик турса чорасиз йигит,

Ўрнига ўзингни қўйиб кўр бир дам.

 

Бемор шифтга қараб ўтказар тунни,

Энг олий муроди - бир ютум ҳаво.

Бошингга тушмасин у бемор куни,

Сен унинг аҳволин тушунгин, аммо.

 

Билгил, фақат ҳаёт айлагай исбот

Ҳатто ўтмишларнинг афсонасини.

Аждодлар ҳадисин унутган авлод

Асло бутлай олмас кошонасини.

2013 йил 11 август

 

УЧ ЗИНА

Уч ажиб зинадан ўтгайдир Инсон,

Гўёки ғазалнинг уч гўзал байти.

Хоҳлар ё хоҳламас, одам бегумон

Ўзи учун яшар болалик пайти.

 

Бир кун у камолот ёшига етгай,

Бу фасл ҳамиша умрларга зеб.

Инсон тайёр турар синовларга шай,

Яшайди оилам, элу юртим деб.

 

Кексалик йилларин сўрарсиз энди,

Ахир тажриба бор унинг қўлида.

Ўйламанг, шу билан у тўхтаб, тинди,

Инсон ўзин топди Аллоҳ  йўлида.

2014 йил 18 январь

ШОГИРД МАҚОМИ

Умримиз кечади оддий ва камтар,

Биламан, сен кўзга илмаслигингни.

Дунёга теранроқ ташлагин назар,

Бўйнингга ол, укам, билмаслигингни.

 

Эсла буюк шоир асарларини,

Сўраб, ўрганишдан эринма зинҳор.

Жўн бир пардақанот асаларининг

Биз билмаган қанча синоати бор.

 

Аллома Беруний қазоси куни

Бир савол ечимин қилибди армон.

Ҳадиси шариф ҳам уқдирар буни:

"Боринг илм дея, ҳатто Чин томон".

 

  Ўрнидан қўзғалмас харсанг тош фақат,

  Пойгада ғолибдир асил, чопқир от.

  - "Афлотун дўстимдир, лекин ҳақиқат

  Ундан афзал", - демиш файласуф Суқрот.

 

Муқаддас китобда олам сеҳри жам,

Жо бўлмиш илоҳий туйғу ва фикр.

Алҳазар, алҳазар, Яратганнинг ҳам

Энг аввал душмани аталмиш - кибр.

 

Юксакни кўзлайди доимо бургут,

Парвози майлига баланддир, пастдир.

Комиллик заҳматин этма ҳеч унут,

Бир зина ошмаган шогирд эмасдир.

2014 йил 15 январь.

ҲАҚ ГАП

Кетганни билмасдан мақтама, банда,

Гарчи марҳумларнинг ёди порлоқдир.

Ёвуз ёвузлигин қилмагай канда,

Ўша жойларда ҳам аҳмоқ аҳмоқдир.

 

Ўлим бир нафасда келтирмас обрў,

Ногоҳ азиз бўлиб қолмагай жонинг.

Сени қутқазиши мумкин билиб қўй,

Эзгу амалларинг ҳамда иймонинг.

2014 йил 5 май

Report typo