Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

16.06.2020


ҚУРУҚ ҚОШИҚ ОҒИЗ ЙИРТАР

Бирни кўриб фикр қил

Шу йилнинг 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирлар ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари, парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориши кераклигини айтган эди.

Мазкур талабдан келиб чиқиб, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоятдаги бошқарув органлари раҳбарларининг ҳам брифинглар ўтказиш бўйича режаси тасдиқланди ҳамда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида мазкур тадбирларни ўтказиш бошланди.

Албатта, аҳолига холис ахборот етказиш, шу кеча-кундузда долзарб бўлиб турган масалаларга ойдинлик киритишда бу каби мулоқотлар муҳим аҳамиятга эга. Аввал кўп журналистлар маълумот оламан деб идоралар эшигида сарғайиб турган бўлса, энди ўша раҳбарларнинг ўзи ишхонангизда ҳозиру нозир бўлиб тургани яхши-да барибир.

Аммо журналистларимиз айни жараёнга қанчалик тайёр? Ҳоким ё бошқа раҳбарлар билан учрашувлар қачон биз учун самарали кечиши мумкин?

Аввало, журналист учрашув қандай форматда - матбуот анжумани ёки брифинг тарзида ўтаётганини билиб олиши керак. Брифинг айни пайтда долзарб саволга мутасаддининг жавоби, муносабати, изоҳи шаклида бўлиб, у бир соат ҳам ва ҳатто бир дақиқа ҳам давом этиши мумкин. Мутасадди кун тартибидаги ҳолат бўйича тушунтириш беради ва тадбир тугайди, савол-жавоб бўлмайди. Мисол учун, Косонда коронавирусга чалингани айтилаётган беморнинг ҳали якуний таҳлиллари чиқмаган экан. Кишиларга эса бу ҳақда аниқ ахборот керак, чунки аҳоли орасида турли миш-мишлар урчиб кетаяпти. Шу вазиятда соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари бемор саломатлигининг бугунги ҳолати, касаллик аниқланган-аниқланмагани ҳақида маълумот беради. Табиийки, бундай вазиятда ортиқча  муҳокамага ҳожат йўқ.

Матбуот анжуманида эса кенгроқ маълумотлар тақдим қилинади ва асосий эътибор савол-жавобларга қаратилади.

Аммо айрим ОАВ вакиллари борки, брифингда қатнашиб, нега савол-жавоб бўлмади, деб ёзғириб, матбуот анжуманига борганда эса мум тишлаб туради. Кейин ёзадиган хабари ҳам шунга мос бўлади: тушунмай  танқид қилади, нохолис ёндашади. Оқибатда раҳбар ва ОАВ ўртасидаги масофа яна узоқлашиб бораверади. Шундай экан, журналист тадбир формати ва кўзда тутилаётган масалаларни атрофлича ўрганиб, "қуролланиб" кириши керак, акс ҳолда вақтини бекорга ўтказгани қолади.

Журналистлар уйидаги дастлабки тадбирда ОАВ вакилларидан бири маҳалла тизими масъулига "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасидаги пуллар ўз эгаларига етиб бормаётгани ҳақида айтиб қолди. Маҳалла мутасаддиси эса бу фикрга қўшилмаслиги, пуллар ўз эгаларига етказилаётганини маълум қилди. Қарангки, бояги ўзини журналистман деяётган шахс ҳеч қандай реакция билдирмади.

Қизиқ ҳолат-да: хўш, ОАВ вакили нега бундай деди? Модомики унда пул ўз эгасига етиб бормаётгани ҳақида далил, аниқ факт йўқ экан, нега бундай савол берди? Агар аниқ факти бўлса, нега индамади? Айни вазиятда ҳар қандай мутасадди журналистлар ўйламай савол беравераркан, айтган гапига исбот келтиролмаскан, ҳаммаси ҳовлиқма-да, деган хулосага келиши табиий-ку.

Аввал ҳам турли идораларда ташкил қилиб келинган брифинг, матбуот анжуманларида кузатилган бир ҳолат борки, айрим ОАВ вакиллари бундай учрашувларга пайтдан фойдаланиш пайида бўлиб, каттаконлар билан юзма-юз келинган дамларни ғанимат билиб, ўзаро гурунг, шахсий   ташвишини ҳал этиш воситаси сифатида қарашади. Э, биродар, шунча одам сенинг шахсий муаммонг учун келмаган, дейишга ожиз қоласан ўша дамларда. Айтсанг, ҳасадчига айланасан, айтмай десанг, каттаконлар олдида ишини битириб олишга уринишдан уялмаётган тубанлар бор...

Тўғри, сўраб ўрганган олим, ўрганмаган ўзига золим, деган гап бор. Аммо айрим ОАВ вакиллари борки, оддий, интернетга кириб, "гугл" қилса, миллионта маълумот чиқиб келадиган нарсаларни эзмалаб сўрашдан ва шу билан бутун бошли тадбир якунига етишидан, қолганларнинг вақтини олаётганидан ор қилмайди. Яқинда ўшандайлардан бири масъуллардан сариқ таксилар йўналишсиз такси сирасига киришини эшитиб, Америка очгандай ҳайронликка тушганини кўриб, кулишниям, куйишниям билмай қолди одам. Шундай савия билан киши ўзини журналистман, дейиши мумкинми? Масъуллар-чи? Улар журналистнинг саводи ҳақида қандай фикрга келади?

Илгари бошқа соҳада ишлаб, кейин ўзини ижодкорликка урганлар эса аввалги жабҳасига яқин мутасаддилар билан учрашиб қолса, бу йўналишни яхши билишини айтиб, "иқтисодчиман", "юристман" деб юборади. Қанийди кейинги гаплари ҳам уларнинг иқтисодчи, юрист эканини далилласа? Сиз қуруқ сўзда эмас, келтираётган фактларингиз, кутилмаган ёндашувингиз билан ўша соҳани чуқур билишингизни исботланг. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деб бежиз айтилмаган ахир.

Чироқчида ўғриликда гумон қилинган киши ички ишлар ходимлари томонидан уриб ўлдирилганидан хабарингиз бор. Шу воқеадан бир неча кун ўтиб вилоят ички ишлар бошқармасида матбуот анжумани ташкил қилинди. Оммавий ахборот воситалари, блогерлар ҳамда  марҳумнинг яқинлари ҳам таклиф этилди. Тадбир давомида кўпчилик ўзини қизиқтирган саволга жавоб олди. Жабр кўрган томон ҳам ўз шикоятларини билдирди. Шунда ўзини блогер сановчилардан бири марҳумнинг яқинлари - акалари, хотини тарафга юзланиб, "Сизлар молларни далага қўйиб юборар экансизлар. Кейин қарамас экансизлар, мен буни эшитиб ҳайрон қолдим. Қарасанглар бўлмайдими? Шуни деб қанча ички ишлар ходимлари сарсон..." деб қолса бўладими.

Куни кеча яқинини ерга қўйган одамларга шундай савол бериш учун одам нақадар бефаросат бўлиши керак?! Хўш, жаноб блогер, шу гапингиз билан ички ишлар ходимларига яхши кўринмоқчи эдингизми? Агар ўғрилик юз берган бўлсаю, ходимлар сарсон бўлиб юрган бўлса, бу - уларнинг иши, шунинг учун отнинг калласидай ойлик олади. Молларни қўйиб юборишга келсак, нима, энди сиз ҳайрон бўлмаслигингиз учун боғлаб боқишлари керакми? Ортидан болалари чирқиллаб қолиб, бирови укасидан, бирови эридан айрилган одамларга "понятка" бераётганингиз нимаси? Қайси мезонга мос келади бу?

Гапнинг индаллоси, биз ҳам журналистларга ақл ўргатмоқчи эмасмиз. Ижодкорлар орасида ўз устида ишлайдиган билимлилари, ўзи ўтирган тадбир руҳини ҳис қиладиганлари жуда кўп. Биз ана шундайларга соя соладиган "эъжодкор"лар ҳақида, улар сабаб бутун ОАВ хусусида юзага келиши мумкин бўлган хато қарашлардан огоҳлантирмоқчимиз. Янгича руҳ ва форматдаги мулоқотга киришилган экан, журналистлар ўзини савиясиз, билимсиз эмас, ҳамма нарсадан бохабар, таҳлил қила оладиган, раҳбарларни ҳар қандай ҳолатда ҳам жавоб беришдан қоча олмайдиган мушкул вазиятга соладиган қиёфада кўрсатсин деймиз. Бор-йўғи шу.

НАСРИДДИН

Report typo