Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 август, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

08.05.2020


УРУШ - ИНСОН АҚЛ-ИДРОКИ ВА ТАБИАТИГА СИРА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИГАН ҲОДИСА

Сараланган сатрлар

 Буюк ёзувчи Лев Толстойнинг уруш ва унинг даҳшатли оқибатлари, ўзига хос қонуниятлари юксак маҳорат билан акс эттирилган "Уруш ва тинчлик" асаридан парчаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз. Ўйлаймизки, асар мутолаасидан сўнг сизда урушларнинг нақадар бемаъни экани ва тинчликнинг бебаҳо неъматлиги ҳақидаги тасаввур янада қатъийлашади.

...уруш бошланиб кетди, яъни инсоннинг ақл-идрокига ва табиатига сира тўғри келмаган воқеа юз берди. Миллионларча кишилар бир-бирларига шу қадар кўп жабр-зулм қилдилар, бир-бирларини алдаб, бирларига хиёнат этдилар, қалбаки пуллар чиқариб, бир-бирларини таладилар, ўт қўйдилар, шу қадар кўп одам ўлдирдиларки, дунёдаги барча судлар солномаси ҳам бутун аср бўйи бунчалик кўп воқеани қайд этолмаганди, аммо бу ишларни қилган кишилар ўша даврда ўз қилмишларини сира жиноят деб билмаган эдилар.

* * *

Инсон ўзи учун онгли равишда яшайдию, лекин тарихий мақсадларга, умумбашар мақсадларига эришмоқ учун онгсиз қурол бўлиб хизмат қилади. Содир бўлган ишни қайтариб бўлмайди, бу иш бошқа миллионларча одамларнинг иши билан бир вақтга тўғри келиб қолиб, тарихий аҳамият касб этади. Инсоннинг жамиятдаги мавқеи нақадар юксак бўлса, одамлар билан муносабати қанчалик кенг бўлса, бошқалар устидан ҳукмронлиги шунча кучли бўлади, унинг ҳар бир ҳаракати азалдан белгиланган ва ҳар бир ҳаракати шунчалик зарурий бўлади.

* * *

Тарих, яъни шуурсиз ҳолда ғуж бўлиб яшаган башариятнинг ҳаёти подшолар ҳаётининг ҳар бир дақиқасидан ўзи учун, ўз мақсадига эришмоқ учун қурол тариқасида фойдаланади.

* * *

Табиат оламида бўрилар нечоғли зарур бўлса, давлат идораси организмида ҳам бундай одамлар шу чоғли зарур, буларнинг ҳукумат бошлиғи ёнида бўлиши ва унга яқинлиги нақадар номувофиқ кўринса ҳам, булар доим ҳозир ва нозирдирлар.

* * *

...нима учун ҳамма ҳарбий даҳо, ҳарбий даҳо деб жар солади? Наҳотки сухари етказиб беришни ўз вақтида буюра олган, бировга ўнгга, бировга сўлга юришини кўрсата олган киши даҳо бўла олса? Бунинг сабаби шуки, ҳарбий кишилар савлат ва салтанат эгаси бўлиб, бир тўда разиллар хушомадгўйлик билан бу салтанатга алоқаси бўлмаган даҳолик хислатларини нисбат берадилар, уларни даҳо деб атайдилар. Аксинча, мен таниган энг яхши генераллар ё маърифатсиз, ё паришонхотир кишилар бўлган.

* * *

Яхши саркардага даҳолик ҳам, бошқа бирон айрим хислат ҳам керак эмас, билъакс, яхши саркарда инсоннинг энг юксак, олижаноб фазилатларидан, яъни муҳаббат, шеърият, нафосат, файласуфона иштибоҳлардан маҳрум бўлиши шарт. Саркарда фикр доираси тор, қилаётган ишининг муҳимлигига қатъиян ишонадиган (акс ҳолда сабри чидамай қолиши мумкин) киши бўлмоғи керак. Ўшандагина у жасоратли саркарда бўла олади. Агар саркарда бўла туриб бировни севса, бировга раҳми келса, бу адолатми, адолатсизликми, деб ўйлаб ўтирса, ундай саркардадан худо ўзи сақласин.

* * *

...ҳарбий ишдаги муваффақият саркардаларга эмас, балки сафдаги солдатнинг: "Ҳалок бўлдик", ёки "Ура!" деб қичқиришига боғлиқ. Фақат мана шу сафларда фойдали бўлишингга амин бўлиб, хизмат қила оласан!

* * *

Барча ишбиларманд доно арбобларнинг доимий қисмати шу, улар жамиятда нақадар юксак ўринни ишғол этишса, ихтиёрлари шунчалик ўз қўлларида бўлмайди.

* * *

Хавф-хатар таҳлика солаётган чоғда ҳамиша инсон қалбида бир хил кучга эга бўлган овоз баравар садо беради? Бири жуда ўринли равишда, одам бошига тушаётган хавфнинг моҳиятини англасин, ундан қутулиш тадбирларини топсин деса, иккинчиси яна ҳам ўринлироқ тарзда, хавф-хатарни ўйлаб ўтиришдан оғирроқ ва машаққатлироқ нарса йўқ, тақдирга тадбир кўриш инсоннинг қўлидан келмайди, яхшиси фалокат юз бергунча, унинг ҳақида ўйламасдан, кўнгилни хуш қилиш керак дер эди. Ёлғизликда одам ҳамма вақт биринчи садога қулоқ солади, аммо кўпчилик бўлганда, билъакс, иккинчисига қулоқ солади.

* * *

- Ахир уруш шахмат ўйинига ўхшайди деб айтишади-ку, - деди Пьер.

- Тўғри, ўхшайди, лекин шахмат ўйинидан бунинг жиндай фарқи бор: шахмат ўйинида сен ҳар гал юришдан олдин истаганингча ўйлашинг мумкин, вақт-фурсат деган гап билан ишинг йўқ, тағин шуниси ҳам борки, шахмат ўйинида от пиёдадан кучлироқ, икки пиёда ҳамиша бир пиёдадан кучлироқ бўлади, урушда эса баъзан бир       батальон дивизиядан кўра кучлироқ, баъзан бир ротадан кучсизроқ бўлиши мумкин.

* * *

- Муваффақият ҳеч қачон позицияга, яроғ-аслаҳага, ҳатто қўшинларнинг миқдорига боғлиқ бўлган эмас, шундай бўлгандан кейин позициянинг аҳамияти ўз-ўзидан маълум.

- Бўлмаса нимага боғлиқ?

- Менинг, унинг, - у Тимохинга ишора қилди, - ва ҳар бир солдатнинг сезгисига боғлиқ.

* * *

 Ғолиб чиқаман деб қатъий аҳд қилган кишиларгина жангда ютади.

* * *

"Энг ёмони шуки, биз "уруш-уруш" ўйини ўйнаб келдик ва олижаноблик кўрсатяпмиз ва ҳоказо. Бу олижаноблик ва ҳассослик бузоқ сўйилаётганини кўриб ҳушдан кетган бойвучча хотиннинг олижаноблиги ва ҳассослигига ўхшайди. Бойвуччанинг кўнгли шу қадар бўшки, қонга қаролмайди, лекин бу бузоқнинг гўштини қайла билан пишириб берсанг иштаҳа билан ейди".

* * *

Урушдан мақсад одам ўлдиришдир, урушнинг қуроли - жосуслик, хиёнат, хоинларни тақдирлаш, аҳолини ғорат қилиш, уларни талаш ёки армияни озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида уларнинг бор-йўқларини ўғирлаш, ҳарбий макр деб аталган ёлғончилик; ҳарбийлар табақасининг хулқу ахлоқи эрксизлик, яъни ҳарбий интизом, бекорчилик, жаҳолат, бағритошлик, фосиқлик ва ароқхўрликдан иборат. Лекин шундай бўлса ҳам бу юқори табақа, ҳамма уни иззат-эҳтиром қилади. Хитой подшосидан бўлак ҳамма подшолар ҳарбий мундир кийишади, кимки   халқни кўпроқ ўлдирса, унга кўпроқ мукофот берилади... Бир-бирларини ўлдирмоқ учун эртага бўладиган уруш сингари, бир жойга тўпланишади, бир-бирларини ўлдиришади, ўн мингларча одамни майиб қилишадию кейин эса шунча одамни ўлдиришгани учун (буни яна ҳам ортиқроқ қилиб кўрсатиб) шукронасига тоат-ибодат қилишади, қанча кўп одам ўлдиришган бўлса, хизматларини шунча катта қилиб кўрсатиб, ўзларини ғолиб деб эълон қилишади. Худо буларга қандай қараб ва бу гапларга қандай қулоқ солиб тураркин!

* * *

Улар берилган буйруқларни бажармаслик, ё ўзбошимча, мустақил фармон беришдан қўрқмасдилар, чунки жангда кишининг кўзига жондан бўлак нарса кўринмайди, баъзан шу ширин жонни сақламоқ учун орқага қочмоқ керак бўлса, баъзан олдинга югурмоқ керакдай кўринади, шунинг учун ҳам жанг тўполони ичидаги кишилар ҳар бир дақиқанинг ўзига, вазиятга қараб иш кўришади.

* * *

Қора булут йиғилиб, ўликлар, ярадорлар, ўтакаси ёрилган, ҳолсизланиб қолган ва иккиланиб турган одамлар устига ёмғир томчилай бошлади. Ёмғир гўё: "Ҳой одамлар, бас, бас энди. Бўлди.. Кўзларингни очинглар. Нима қиляпсизлар?" дер эди.

* * *

Ҳамманинг юзида иккиланиш аломати пайдо бўлди, ҳамма қалбларда бир савол туғилди: "Нима учун, ким учун мен одамларни ўлдиряпман ва ўзимни қурбон қиляпман? Истаганингизни ўлдираверинг, хоҳлаганингизни қилаверинг, мен тўйдим, бас!" Шу фикр кечга томон ҳамманинг қалбида пишиб етилди. Бу одамларнинг ҳаммаси қилаётган ишларидан ҳар лаҳзада даҳшатга келишлари, қўлларидаги яроғларини ташлаб, бошлари оққан томонга қараб қочишлари мумкин эди.

* * *

"Лекин фатҳ ҳеч қачон фотиҳсиз бўлгани йўқ; давлат тўнтариши ҳеч қачон буюк кишисиз бўлган эмас", - дейишади тарихчилар. Дарҳақиқат, дейди инсон ақли, ҳар гал фотиҳлар майдонга келганда уруш бўлган, лекин бу нарса урушларнинг сабабчиси фотиҳлар эканлигини исботлаб беролмайди, уруш қонунларини айрим шахслар фаолиятига боғлаш мумкин эмас. Мен ҳар гал соатимга қараб, унинг мили ўнга келиб етганини кўрганимда қўшни ибодатхонада жом чалинаётганини эшитаман, лекин ҳар дафъа соат мили ўнга етганда жом чалиниши билан мен жомнинг ҳаракатга келишига соат милининг вазияти сабаб бўлди, деган хулоса чиқаришга ҳақли эмасман.

* * *

Ҳамма тарихчилар бир-бири билан тўқнашган давлатлар ва халқларнинг ташқи фаолияти урушлар орқали ифодаланади, катта ё кичик ҳарбий муваффақиятлар  натижасида давлатлар ва халқларнинг сиёсий кучи бевосита ортади ё камаяди, деган фикрни тасдиқлашади.

* * *

Модомики ҳаёт бор экан, худо бор, деган ақидадан лаззатланиш ҳам бор. Ҳаётни севмоқ, худони севмоқ демакдир. Бу ҳаётни ўзининг бегуноҳ азоб чекаётганда севиш, энг қийин ва энг саодатли севгидир.

* * *

Одам жон бераётган ҳайвонни кўрса ваҳимага тушади: ўзининг моҳиятини ташкил этган нарса, назарида, яшашдан тўхтагандай бўлади. Аммо жон бераётган махлуқ одам ва яна севимли одам бўлса, унда ҳаётнинг маҳв бўлиб кетиши олдида сезиладиган даҳшатдан ташқари, яна бир жудолик ва руҳий жароҳат сезиладики, бу жароҳат жисмоний жароҳат сингари, баъзан ўлдиради, баъзан тузалиб кетади, лекин ҳамиша оғрийди ва бирон нима тегиб кетишидан безиллайди.

* * *

Жинояткорнинг ёмон одамлар муҳитида тарбия олганлиги унинг гуноҳини енгиллаштиради.

* * *

Тарихий воқеаларнинг сабаби нима? - Ҳокимият. Ҳокимиятнинг ўзи нима? - Ҳокимият бир кишига топширилган инон-ихтиёрнинг мажмуидир. Омманинг инон-ихтиёри қандай шароитда бир кишига топширилади? - Агар ўша одамнинг фаолияти ҳамманинг ихтиёрини ифода этса. Яъни ҳокимият ҳокимият демакдир. Яъни ҳокимият шундоқ бир сўзки, биз унинг маъносини англамаймиз.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

 

Report typo