Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

21.05.2019


"ҚУВҒИН ҚИЛИНГАН" КИТОБЛАР ҚАДРИ

Аммо ноширлик ишига чуқур назар ташласак, ҳамма асарлар ҳам вақтида нашрдан чиқарилаяпти, деб бўлмайди. Давлат раҳбари ташаббуси билан "Ёш китобхон" танлови ўтказила бошлаганидан сўнг бу соҳадаги камчиликлар аён кўзга ташланиб қолди.

- Домла, "Том тоғанинг кулбаси" деган асарни ўқиганмисиз?

- Ҳа, Гарриэт Бичер Стоунинг романи, негрларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

- Шу китобни топиб беролмайсизми?

- Афсуски йўқ, болалик чоғларим, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида бир қўлимга тушганди, кейин нашр этилганини эшитмаганман...

Танловда иштирок этишни ният қилган ёш китобхон танишларим тез-тез шундай саволлар билан мурожаат этишади. Китобни топиб бериш имконияти бўлмагач, қўлимдан келганча хотираларни титкилаб, уларнинг тасаввурини бойитишга уринаман. Лекин қисқача мазмунини тинглаган бошқа, асарни қўлга олиб, мутолаа қилган бошқа. Ўтмишда мактабларнинг кутубхоналари анча бой эди, мустақилликнинг илк йилларида  нашриётнинг "Ёш гвардия" ёки мамлакатнинг СССР деган номи баҳона минг-минглаб сара асарларга "миллий истиқлол ғоясига зид" тамғаси босилиб, кутубхоналар фондидан чиқариб ташланди. Мамлакатимиз миқёсида инсон капиталига, аҳолининг китобхонлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган бугунги кунда жавонлардан ноўрин қувғин қилинган ўша китоблар қадри яққол сезилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ноширлик ишини янада такомиллаштириш, китоб, китобхонлик тарғиботини кучайтириш борасида берган кўрсатма ва йўл-йўриқларида бу соҳадаги ишлар кўлами аниқ белгиланиб, нуфузли ишчи гуруҳ томонидан ёш китобхонлар ўқиши тавсия этилган жаҳон ва ўзбек адабиёти сара намуналари рўйхати тузилиб, қисқа муддатда ундан ўрин олган асарларни кенг китобхонлар оммасига туҳфа этиш йўлга қўйилди. Давлат раҳбарининг ёш авлод маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган беш ташаббуси мактаб кутубхоналари фондини мустаҳкамлашнинг янги, ёрқин уфқларини очди.

Яқинда билим даргоҳимиз собиқ битирувчиларидан бир гуруҳининг "Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан" ташаббуси доирасида кутубхона фондига 200 номдан зиёд асарлар тақдим этилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

- Ўқувчилик йилларимиз синфимизга раҳбарлик қилган математика фани ўқитувчиси Оқмамат Бўтаев ҳар дарсга янги китоб олиб киришни одатга айлантирганди, - деб эслайди вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Рустам Андаев. - Янги мавзуни бошлашдан олдин албатта адабиёт оламидаги янгиликлар билан ўртоқлашиб, ўтилган мавзудан энг яхши тайёрланиб келган ўқувчига ўзи олиб кирган китобни мутолаа қилиш учун берарди. Ким бу совғага лойиқ топилса, янаги дарсда ҳам ишончни оқлаш учун бор вужуди билан тайёргарлик кўрарди. Бизда китоб ўқишга рағбат шундай уйғотилган. Бола учун китобдан олийроқ совғанинг ўзи йўқ. Шундай экан, хайрли ташаббусга бош қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Мактабимиз шонли тарихга эга, ташкил топганига 90 йилдан ошган. Шу йиллар мобайнида мазкур даргоҳдан учирма бўлган ўқувчилар қаерларда ишламаяпти дейсиз. Агар уларнинг кичик қисми мактабга бир китобдан совға қилганида ҳам минглаб китоб жамланарди.

Шу куни мактаб кутубхона фондига совға қилинган китоблар ўқувчилар қувончига қувонч қўшди. "Болага китоб беринг" деган ибора бежиз айтилмаган ахир.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Report typo