Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

27.12.2022


“Uzbekistan GTL” стипендиялар дастури ёшларга нима беради?

Танлов

“Uzbekistan GTL” заводида иқтидорли талабалар учун 2022/2023 ўқув йили стипендиялар дастури ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танлов “Uzbekistan GTL” заводи учун кадрлар тайёрлаш дастури доирасида иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда. Тўртинчи бор ташкил этилган стипендиялар дастури 1700 нафар талабалар қатнашди ва уч босқичли синовлар якунида улардан 12 нафари ғолиб сифатида эътироф этилди.

– Ушбу танловга қизиқувчи ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, – дейди “Uzbekistan GTL” компанияси персонал бошқариш бўлими бошлиғи Элёр Мўминов. – Масалан, биргина шу йилги иштирокчилар сони ўтган йилга қараганда икки карра кўп. Хўш, бу дастур ёшларга нима беради? Ғолиб талабаларга келгусида ҳар ойда стипендия олиш, компаниямизда амалиёт ўташ ва ўқишни битиргандан сўнг ишга қабул қилиш имконияти берилади. Аслини олганда, бу каби танловни ташкил этишдан мақсад – талабаларни билим олишга, ўз устида ишлашга бўлган қизиқишларини, уларнинг касбига бўлган меҳрини ошириш ва компаниямизга энг иқтидорли мутахассисларни жамлаш. 

Таъкидлаш лозимки, шу кунга қадар жами 46 нафар талаба “Uzbekistan GTL” компанияси стипендияси совриндори бўлган. Уларнинг аксарияти бугунги кунда компаниянинг нуфузли лавозимларида ўзларининг меҳнат фаолиятини олиб бормоқдалар.

– Танловда технология йўналиши бўйича ғолиб бўлдим, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти нефт-газ факультети талабаси Одил Шобердиев. – Албатта, бу ергача етиб келиш осон бўлмади. Юзлаб номзодлар орасида ғалаба қилиш кишига фахр бағишлайди. Энг муҳими, ўзимизга бўлган ишонч кучайди. Келгусида бу борадаги фаолиятимни янада ривожлантириб, соҳадаги янги технологияларни янада мукаммал ўрганишни ва  “Uzbekistan GTL” компаниясида ишлашни мақсад қилганман. 

Бу йилги стипендиялар дастурида талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида танлов комиссияси томонидан 16 нафар фаол иштирокчилар ҳам махсус сертификатлар билан тақдирланди. Уларга заводда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ва малака ошириш имкониятига эга бўладилар ҳамда кадрлар захирасига киритиладилар.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида хайрли ишлар, шунингдек, “Uzbekistan GTL” компанияси стипендиялар дастури соҳадаги иқтидорли талабаларни жамлашга имкон яратмоқда. 

Маълумот ўрнида, 2019-2020 ўқув йили учун биринчи марта ўтказилган стипендия танловида 850 нафар, 2020-2021 ўқув йилида 1200 нафар, 2021-2022 ўқув йилида 1700 нафар талабалар қатнашди. Кўринадики, йилдан-йилга талабаларнинг ушбу стипендия танловига қизиқишлари ортиб бормоқда. 

Абдураззоқ МУРОДОВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo