Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

15.01.2019


ҒУЗОРДА ГАЗОБЛОК ВА ЭГИЛУВЧАН ТЕРМОПАНЕЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Ғузор туманида фаолият бошлаётган "Ғузор газо бетон" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги  Ўзбекистон - Россия қўшма корхонасининг янги лойиҳаси ҳам рақобатбардош қурилиш моллари ишлаб чиқаришга қаратилган. Корхона директори Муҳиддин Қурбонов бизга лойиҳанинг аҳамияти, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Дастлабки босқичда газоблок ишлаб чиқарилади

- Лойиҳамиз икки босқичдан иборат бўлиб, унинг умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 300 минг АҚШ долларига тенг маблағ ўз ҳисобимиздан, 200 минг АҚШ доллари тижорат банки кредитлари, яна 500 минг АҚШ доллари эса россиялик ҳамкорларимиз ҳисобидан    сарфланмоқда. 

Дастлабки босқичда газоблок ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Айни вақтда  бунинг учун Россиядан замонавий технологиялар олиб келинди. Шуни ҳам айтишим жоизки, иш билан банд бўлмаган маҳаллий ёшларимиз орасидан 8 нафар йигитларни танлаб олиб, Россия ва Чехия давлатларига юбордик. Улар мазкур технологияларни бошқаришдан тортиб, маҳсулот ишлаб чиқариш, ундан фойдаланишгача бўлган барча жараёнларни ўрганишмоқда.

Маҳсулотга талаб юқори

Кўплаб давлатларда қурилишда оддий ғиштлар ўрнига газоблокдан фойдаланилаяпти. Боиси, бу пишиқ ғишт ёки одатий блок ғиштларга қараганда бирмунча арзон, енгил ва мустаҳкам. Бундан ташқари, бино деворларини кўтаришда газоблокдан фойдаланилса, цемент, қум каби қўшимча ашёларга эҳтиёж қолмайди. Чунки, газоблокларни теришда улар орасига одатда биз кафелларни теришда фойдаланадиган махсус елим суртишнинг ўзи етарли. Бу янада мустаҳкам бўлади ва бир неча маротаба арзонга тушади. Бизда эса унинг таннархини янада пасайтириш имкони мавжуд. Чунки ҳудудимизда маҳсулот учун асосий хом ашё бўлган дарё қуми анча сероб ва арзон. Россиялик ҳамкорларимизни қизиқтирган асосий жиҳат ҳам ана шу бўлди.

Қолаверса, юртимизда ҳам қурилиш ишларида газоблокка бўлган талаб ортиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатимизда ана шундай маҳсулот ишлаб чиқараётган 5 та корхона бўлса, улар мавжуд эҳтиёжнинг жуда кичик қисмини ҳам қоплай олишаётгани йўқ. Биз ҳали корхонани ишга туширмадик, лекин бир нечта қурилиш корхоналари ҳозирдан маҳсулотни сотиб олиш таклифи билан чиқишмоқда.

Иккинчи босқичда мутлақо янги маҳсулот

Маълумки, бугун дунёда янги дизайн ва қулайликларга эга бўлган қурилиш моллари ихтиро қилинмоқда, ишлаб чиқарилаяпти. Улардан бири термопанелларнинг махсус эгилувчан туридир. Ҳозирги кунда бу турдаги термопанеллар жаҳоннинг саноқли давлатларидагина ишлаб чиқарилмоқда, республикамиз учун эса у мутлақо янгилик бўлади.

Ушбу лойиҳамизнинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига баҳоланган. Ишлаб чиқариш учун технологияни Чехия компанияси етказиб беради. Айни пайтда икки нафар ходимимиз Прагада бу борада ўқиб, тажриба ўрганишмоқда.

Хом ашё ўзимизда сероб

Тўғриси, россиялик ҳамкорларимизга термопанелнинг ушбу замонавий турини юртимизда ишлаб чиқариш таклифини билдирганимда, дастлаб ўзим ҳам иккиланганман.

Боиси, бу маҳсулотнинг асосини қум ва мармар ташкил этишига қарамай, уни истаганча букиш, компьютер графикасидан фойдаланиб, турли шакл ва дизайнда ишлаб чиқариш мумкин. Энг асосий жиҳати, мазкур термопанеллар ташқи таъсирга ўта чидамли бўлиб, ёнмайди, ўзида нам сақламайди, умуман ёғ юқтирмайди.

Иккиланишимга сабаб бўлган омил эса, мана шундай ноёб маҳсулотни биздаги оддий қум ва мармардан ишлаб чиқариб бўлармикан, деган хавотир эди. Кейин туманимиз ҳудудидан олинган қум ва Китоб тумани тоғликларидаги мармар конидан олинган мармар парчаларини Чехиядаги лабораторияга олиб бориб, таҳлилдан ўтказдик. Қарангки, бу энг аъло сифатли хом ашё экан. Заминимизнинг ҳар бир қаричи олтинга тенг, деган иборанинг моҳиятига яна бир бор амин бўлдим.

Хизмат кўрсатишни ҳам ташкил этамиз

Лойиҳамизнинг биринчи босқичини сентябрь ойига қадар тўлиқ ишга туширсак, йил сўнгига қадар замонавий термопанеллар ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз.

Мана шу икки босқичнинг ишга тушиши натижасида, корхонамизда камида 35 та янги иш ўрни яратилади.

Биз бу билан чекланмоқчи эмасмиз. Ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни мижозларга етказиб бериш, қолаверса, бинони қуриш, безаш ишларини ҳам ўзимиз амалга ошириш хизматларини таклиф этишни ҳам режалаштирганмиз. Агар бу режаларимиз ҳам амалга ошса, корхонамиз фаолияти янада кенгаяди, қўшимча иш ўринлари яратилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ суҳбатлашди

Собир НАРЗИЕВ олган сурат

Report typo