Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

17.11.2020


ВАЪДА БОР, АМАЛДА ЭСА ҲЕЧ НАРСА

 МАШЪАЛДАГИ СУВ ИНШООТИДАН ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИ ЙЎҚМИ?

 Муаммо, мулоҳаза, муносабат

  Аҳолини тоза ичимлик суви билан сифатли таъминлаш Қашқадарё учун ҳамон хос муаммо саналади. Ваҳоланки, айрим ҳудудларда аҳоли бир машина (5-6 кубметр) сувни 100 минг сўмдан 200 мингга қадар бўлган нархда сотиб олиб, ҳовузда сақлаб ичади. Ҳалигача ариқ ёки қўлбола қудуқ ёрдамида ер остидан олинадиган, яроқсиз сувни истеъмол қилаётган аҳоли ҳам кўпчиликни ташкил этади.

 Албатта, ҳар йили вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар учун миллиардлаб маблағ сарфланаётгани ҳам бор гап. Бироқ шу билан биргаликда бундай лойиҳаларни аввалдан чуқур ўйлаб, сифатли амалга ошириш, кейинчалик ҳам унинг ишлашини назорат қилиб бориш керак-да.

  Мисол учун, бундан 15-20 йил аввал чекка туманлардаги бир қатор ҳудудларга хорижий молия ташкилотлари моддий кўмаги билан тоза ичимлик суви олиб борилган эди. Бироқ уларнинг аксарият қисмидан бугун аҳоли фойдаланаётгани йўқ. Лойиҳадаги, қурилишдаги номутаносибликлар, ишнинг сифатсиз бажарилиши ҳисобига қатор қишлоқлар аҳли об-ҳаётга етдик деганида сув келиши тўхтаб қолгани, кейин эса йиллаб сув кўрмайдиган қувурлар талон-торож қилингани ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

 Ғузор туманидаги Машъал посёлкасида яшовчи аҳолининг ноласига ҳам шундай ҳолат сабаб бўлмоқда.

 Туманнинг Қоракўл маҳалласи ҳудудидаги ушбу аҳоли пункти 1989-2000 йиллар давомида ташкил этилган бўлиб, унда аҳоли учун қатор шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви, ички йўллар борасида ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Бугун эса посёлка кенгайиб, намунавий типдаги янги уй-жойлар қурилган,  хўжаликлар сони 500 дан ортган бир пайтда аввалги таъминотлар орзуга айланиб, муаммолар кўпайиб бормоқда. Мутасаддилар эса аҳолининг дардига қулоқ солаётгани йўқ, улар одамларни "ана қиламиз, мана қиламиз" қабилидаги гаплар билан алдаб қўйишаяпти.

 Биргина ичимлик сувини олайлик.

 Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, 1993 йилда "Шўртаннефтгаз" корхонаси (ҳозирги Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси) томонидан Машъал посёлкасини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз - Қарши бош сув магистралидан қувур орқали ҳудудга сув тортиб келиниб, аввал шу ерда барпо этилган махсус резервуарларга тўпланган, сўнг насос ёрдамида аҳоли ҳамда "Шўртаннефтгаз" корхонасига ҳайдаб берилган.

 Бир неча йил давомида аҳоли бундай қулайликдан фойдаланган, истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларни эса ўз вақтида истеъмолчилар жамоа хўжалигига, хўжалик "Шўртаннефтгаз" корхонасига тўлаб борган.

 - Аммо кейинчалик "Шўртаннефтгаз" корхонаси сув етказиб беришни тўхтатиб қўйди, - дейди Машъал посёлкасида яшовчи Мустафо Саодатов. - Бир неча маротаба корхонага бу масалада мурожаат қилдик. Улар эса корхона аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга мажбур эмаслигини билдирди. Шу билан биргаликда, ўзлари ҳам тармоқдан сув олишни тўхтатиб қўйди. Ҳозир корхонанинг ўзига ичимлик суви машиналар ёрдамида ташиб борилади, биз эса бир машинасини 120 минг сўмдан сотиб оламиз.

  Мустафо Саодатовнинг таъкидлашича, бугун қайсидир ҳудудда аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш учун миллиардлаб маблағ сарфланиб, янги сув иншоотлари қурилмоқда. Машъал посёлкасида эса тайёр иншоот ишлатилмай турибди. Ахир "Шўртаннефтгаз" корхонаси бу ишни ўз зиммасидан соқит қилган бўлса, туман ҳокимлиги ёки бошқа масъул ташкилотлар бор тизимдан фойдаланиб, аҳолига ичимлик суви етказиб беришни қайта йўлга қўйиши мумкин-ку. Бунинг учун катта маблағ ҳам керак эмас. Шунчаки, тармоқни таъмирлаб, ишни қайта йўлга қўйса бўлгани.

 Аммо посёлка аҳлининг бу ҳақдаги арз-додига ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Қаровсиз қолган сув тармоғи ва иншоот эса тобора эскириб, ишдан чиқиб бормоқда, айрим жойларида қувурлар кавланиб, олиб кетилган.

 - Худди шу масалада бир неча маротаба туман, вилоят ҳокимликларига, вилоят "Сувоқова" корхонасига  мурожаат қилдик, - дейди аҳоли вакилларидан яна бири Ражаб Исмоилов. - Ҳар сафар ҳар хил жавоб оламиз. Бирортасида муаммомизга аниқ бир ечим бўла оладиган гап йўқ.

 Дарҳақиқат, аҳолининг турли йилларда масъул ташкилотларга қилган мурожаатларига жавоб тарзида йўлланган хатларга бирма-бир назар ташлар эканмиз, ҳақиқатан ҳам уларнинг аксариятида айтилган муаммо ўрганилмай, шунчаки расмиятчилик учун жавоб ёзиб қўя қолинганига ишонч ҳосил қиласиз.

 Ҳатто айримларида аҳоли "Ҳудудимиздаги тайёр сув иншооти ишлатилмаяпти, натижада сувни сотиб олиб ичаяпмиз. Тармоқни яна қайта ишга тушириб, посёлка аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашга амалий ёрдам беришингизни сўраймиз" деб ёзса, ташкилот мутасаддиси мурожаат бўйича тегишли мутахассислар жойига чиқиб ўрганиш ўтказгани, ўрганиш давомида ҳудуддаги ичимлик суви иншооти ишлатилмай тургани, аҳоли эса сувни сотиб олиб ичаётгани аниқланганини ёзибди!.. 

 Фақат 2018 йилнинг май ойида вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда шу йилнинг августида вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси раҳбари Шавкат Муродов томонидан йўлланган жавоб хатларида Ғузор тумани Машъал посёлкаси аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш ишлари 2018-2021 йилларга мўлжалланган давлат дастурига киритилгани, сўнгги уч йил ичида ҳудуд аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши айтилган.

 Ушбу муддатнинг асосий қисми ўтиб, сўнгги йили яқинлашиб келаётганига қарамай, шу вақтга қадар ичимлик суви иншоотини таъмирлаб, ишга тушириш ёки янгисини қуриш бўйича ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган. Шундай бўлса-да, аҳоли мутасаддилар ваъдасининг устидан чиқишидан умидвор. Аммо...

 Мурожаатни ўрганиш давомида  аввалги вилоят "Сувоқова" давлат  унитар корхонаси негизида ташкил этилган "Қашқадарё сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти мутахассислари билан боғланиб, ҳақиқатан ҳам Ғузор тумани Машъал посёлкасини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш бирор манзилий дастурга киритилган ёки йўқлиги билан қизиқдик.

  - Президентимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ғузор туманида ҳам ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилади, - дейди корхона бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматов. - Лекин ҳозирги кунда айнан қайси ҳудудлар эканлиги аниқ эмас. Буни ўрганиб, шунга қараб дастурни тасдиқлаймиз.

 "Туманнинг Машъал посёлкаси аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш масаласи шу вақтга қадар бирор-бир манзилий  дастурга киритилганми?" деган саволимизга эса мутасадди "йўқ" деган жавобни берди.

 Бундан келиб чиқадики, масъулларнинг 2018 йилда аҳоли мурожаатига берган жавоблари ҳам шунчаки "алдаб қўйиш"дан бошқа нарса бўлмаган...

 Хуллас, Машъалда ана шундай гаплар. Бир пайтлар катта маблағ эвазига қурилган ичимлик суви иншооти бугун абгор аҳволда турибди. Аҳоли эса ичимлик суви илинжида гоҳ у ташкилотга, гоҳ бу ташкилотга югуриб, мурожаат қилишдан тўхтаётгани йўқ. Уларнинг мурожаатига бирор масъул астойдил эътибор қаратиб, муаммони ҳал этиш бўйича аниқ бир чоралар кўрадими ёки йўқ, бу бизга ҳам қоронғу...

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo