Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

01.03.2019


ВАННА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЎЗЛАШТИРИЛДИ, НАВБАТ АВТОМОБИЛЬ ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАРИГА

Бундан икки-уч йил олдин ана шу қишлоқда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқарувчи замонавий корхона иш бошлайди, ўнлаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади, деса биров ишонмаган бўлиши мумкин, аммо бугун бу ҳақиқат.

2018 йил бошида тадбиркор Маҳматқобил Норқобилов "Ideal palimer plast" масъулияти чекланган жамиятини таъсис этиб,  ана шу қишлоқ ҳудудида замонавий ванналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Бир йил ўтар-ўтмас корхона ички бозордан мустаҳкам ўрин эгаллашга улгурди.

- Бу соҳа биз учун бегона эмас, - дейди тадбиркор. - Икки ўғлим, укам қарийб 15 йилдан буён Тошкентда ванна савдоси билан шуғулланади. Бозорда маҳсулотга бўлган талаб, ишлаб чиқариш сир-асрорларидан хабардормиз. Фаолиятни самарали давом эттириш учун бу жуда муҳим. Ҳозир корхонамизда полимер мармар ва акрил типидаги икки хил ванна ишлаб чиқарилаяпти. Мижозларнинг талабига кўра, уларни 40 дан ошиқ ўлчам ва кўринишда тайёрлаб бериш имкониятимиз мавжуд.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, бу турдаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун кўп нарса керакмас. Дастгоҳлар, электр таъминоти ва кенгроқ ишлаб чиқариш майдони бўлса етади. Асосий иш қўл меҳнати ёрдамида бажарилади. Яна бир аҳамиятли томони, зарур хом ашёнинг салмоқли қисми (оҳак ва майда мармар тоши) вилоятимизда мавжуд, яна бир қисми эса импорт маҳсулот ҳисобланади.

Корхонада айни пайтда кунига ўртача 15-20 та ванна ишлаб чиқарилмоқда. Аввалига маҳсулот фақат қурилиш материаллари ва  хўжалик моллари сотиладиган дўкон ва савдо мажмуаларига етказиб берилган бўлса, энди намунавий лойиҳалар асосидаги уйлар қурилиши билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари, якка тартибда уй-жой барпо этаётган аҳоли билан ҳам шартномалар тузилмоқда. Тобора ортиб бораётган талабга жавоб бериш учун қувватни янада ошириш мақсад қилинган.

- Яқин келажакда енгил автомобиллар учун буфер ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирганмиз, - дейди Маҳматқобил Норқобилов. - Ҳозир ижарада турибмиз, шу сабаб қўшимча қурилишлар қилмадик. Яқинда туман ҳокимлигига корхонамиз учун ер сўраб мурожаат этганмиз, масала ижобий ҳал бўлса, махсус цех қуриб, лойиҳанинг кейинги босқичини ҳам амалга оширишга киришамиз.

Эътиборли томони, чекка қишлоқларда бу каби ташаббусларнинг амалга оширилиши ўша ҳудудларнинг фаровонлиги, қўшимча иш ўринларининг яратилишига замин ҳозирлайди. "Ideal palimer plast" корхонасида ҳам айни пайтда 12 нафар қишлоқ ёшлари доимий иш ўрнига эга бўлишган. Қувватнинг ошиши билан уларнинг сафи ҳам кенгаяди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: корхонадаги   ишлаб чиқариш жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo