Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БАХТИЁРОВ, С.ОРЗИҚУЛОВ

14.01.2020


ВАТАН ҲИМОЯСИ - ШАРАФЛИ БУРЧ ВА ИФТИХОР

Ватанпарварлик - миллий юксалиш кафолати!

1992 йил 14 январь. Республика Олий Кенгашининг "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди ва шу кундан эътиборан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва муассасалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. Сўнг  14 январь - Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди.

Мамнуният билан айтиш мумкин, бу қутлуғ сана мамлакатимизда ватанпарварлик, она юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Бунинг аҳамиятини собиқ иттифоқ давридаги бир ҳолат мисолида яққол кўриш мумкин. Ўша пайтда иттифоқ бўйича энг кўп ҳарбийга чақириладиган йигитлар Ўзбекистондан бўлган. Ҳар йили 320 минг нафарга яқин ўғлонларимиз совет қуролли кучлари сафига хизматга чақирилган. Бироқ уларнинг аксарият қисми ҳарбий хизматга чақирилиш баҳонасида қурилиш батальонларига жалб этилган. Улар икки йил давомида ҳарбий техникани кўрмай, қуролни бир марта бўлса-да қўлида тутмай, мардикорлик билан шуғулланиб қайтарди.

 Ваҳоланки, Афғонистондаги урушга сафарбар қилинган аскарларнинг кўпчилиги ўзбек йигитларидан иборат бўлган. 1989 йилнинг ўзида Ўзбекистонга Афғондан 430 та тобут келган. Демакки, уруш даврида ўзбеклар ҳарбий хизматга, тинч даврда мардикорликка жалб қилинган.

Эндиликда ўзбек ўғлонлари ҳақиқий ҳарбий хизматни ўз юртида ўтаб, бор кучини  "стройбат"ларда эмас, Ватан чегаралари дахлсизлиги, сарҳадлари осойишталигини таъминлашга йўналтираётгани алоҳида аҳамиятга эга, албатта.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, мудофаа салоҳиятини янада ошириш, мамлакатимиз ҳарбий саноат соҳасини замон талабларига мос ҳолга келтириш билан боғлиқ мутлақо янги, кўламдор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2018 йил 9 январда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида"ги Қонун дунёда ва минтақамизда содир бўлаётган воқеаларнинг мамлакат хавфсизлиги, унинг манфаатлари, халқаро ва минтақадаги вазиятга кўрсатадиган таъсирига мутаносиб равишда ҳаракат қилишни назарда тутиши, бинобарин, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллий армиянинг жанговар қобилияти ва шайлигини ошириш, армия ва халқ якдиллигига эришишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Аслида эл-юртнинг ишончли посбони, ҳимоячиси бўлиш, халқ фаровонлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилиш - ҳар бир инсоннинг шарафли бурчи. Билимли, мустақил фикрлайдиган, дунёқараши кенг, нигоҳлари ўткир сара ўғлонлар ҳаётимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.

Зотан, буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, иймонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличдан-да ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, иймонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Бу ҳақда сўз бораркан, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Бобур ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва "Темур тузуклари" фанидан синов топшириши кераклиги, илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши  боболаримиз ҳақида илмий   тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма бергани ва бу амалга кўчаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

 Шуниси эътиборлики, бугун миллий армиямиз Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз тинч-осойишта ҳаётининг ишончли кафолати сифатида шаклланди. Мамлакатимиз Қуролли Кучларини шакллантиришда аниқ ва реал геостратегик ҳамда геосиёсий шароит, замонавий урушлар ва қуролли можароларнинг хусусиятлари, минтақамизда юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларнинг ўзига хос жиҳатлари таҳлили эътиборга олиниб, халқимизнинг азалий миллий фазилат ва анъаналарига таянилди.

Шу билан бирга, ҳарбий хизмат нуфузини ва ҳарбий хизматчиларнинг касб-маҳоратини ошириш, уларнинг ижтимоий муҳофазаси масалалари доимо давлатимизнинг диққат марказида бўлиб, Ватан ҳимоячилари тўғрисидаги алоҳида ғамхўрликнинг асосини ташкил этади. Сир эмаски, бугун ҳарбий хизмат том маънода эътибордаги ва мамлакат равнақи йўлидаги ўта масъулиятли касбга айланди.

Профессионал армияни шакллантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли унда хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, балки энг нуфузли касблардан бирига, том маънодаги шон-шараф ишига айланди.

Ҳарбий хизматчилар - жасур ва мард ўғлонларимиз қатор нуфузли халқаро армия ўйинлари мусобақаларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада баландларга кўтариб, барчамизда ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотмоқда.

Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш - ҳар биримиз учун муқаддас инсоний бурч экан, бу ишга бутун вужудимиз, қалбимиз ва имон-эътиқодимиз билан ёндашиб, доимо сергак ва огоҳ бўлиб туришимиз шарт.

Зеро, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, аждодлардан мерос қолган анъаналар, бағрикенг халқимизнинг эзгу фазилатлари, тилимиз, динимиз, қадриятларимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бутун жозибаю ва таровати билан етказишимиз, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, тинчлик, мустақиллик, эркинлик ва бағрикенгликнинг аҳамиятини тушуниб етиш, тарихни билиш, мустақилликнинг қадрига етиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини доимо ёдда тутишимиз даркор.

Ш.БАХТИЁРОВ, 

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

С.ОРЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судлари судьялари малака ҳайъати котиби

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo