Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

30.07.2020


ВАЗИЯТГА ҚАРАБ КАРАНТИН ЧЕКЛОВЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛАДИ

Брифинг

Вилоятда бугунги кунда 140 та бозор фаолият кўрсатса, уларнинг 66 таси деҳқон бозорлари, 21 таси буюм бозорлари ва савдо комплекслари, 53 таси мол бозорларидир.

Карантин сабабли 65 та бозор (21 та буюм ва 44 та кунлик деҳқон бозори), 2964 та савдо дўкони, 395 та сартарошхона ва гўзаллик салонлари, 35 та массажхона, 19 та бассейн ва сауна ҳамда 6 та караоке зали фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифингда маълумот берилди.

Қайд этилишича, 1 августдан туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий махсус комиссия раисларига ўз ҳудудидаги буюм ва қурилиш моллари бозорлари, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давом эттиришга олдиндан тадбиркорга карантин талабларини тушунтириш ва кафолатини олиш орқали рухсат этиш ваколати берилади.

Вилоят махсус комиссиясининг 2020 йил 25 июлдаги йиғилиш баёни билан жорий қилинган чекловларга 3 августдан бошлаб бир қатор ўзгаришлар киритилиши, жумладан, барча турдаги транспорт воситалари учун Қарши шаҳрига киришга эрталаб 7:00 дан 10:00 гача, кечки пайт 18:00 дан 20:00 гача рухсат берилиши мумкин.

Зойир Мирзаевнинг сўзларига кўра, вилоятда коронавирус инфекциясини даволашга 6 та шифохона жалб этилган. Уларнинг барчаси марказлашган ҳолда кузатув камералари билан таъминланади. Бунинг учун 54 миллион сўм маблағ ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига асосан, пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган қисми моддий шароитлари ҳисобга олиниб, "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан вилоятдаги 20 минг эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига (84 минг 335 киши) 1 миллион сўмдан, жами 20 миллиард сўм маблағ берилади.

Шунингдек, вилоятдаги саховатпеша тадбиркорлар ҳисобидан 750 та оилага чорва моллари, парранда ва қуён ажратилгани ҳам эътиборга молик. Жумладан, 80 та оилага 1 бошдан сигир, 315 оилага 2 тадан 630 та қўй, 97 оилага 10 тадан жами 970 та қуён, 258 та оилага 30 донадан жами 7 минг 740 та товуқ тарқатилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo