Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

19.06.2020


ВИЛОЯТДА КАРАНТИН ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛАЯПТИМИ?

Йиғилиш

18 июнь куни вилоят махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими, комиссия раиси Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, карантин даврида йўл қўйилаётган бир қатор камчиликларга тўхталди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоят бўйича 1728 фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 1403 нафари (386 та хонадонда) уй шароитида, 325 нафари стационар шароитда карантинда сақланмоқда. Шундан 120 нафари чет эл фуқаролари (102 нафари Қозоғистон, 18 нафари Туркия фуқароси).

Вилоятда дастлаб 6 нафар фуқарода вирус аниқланиб, улар соғайтирилиб уйларига жавоб берилган эди. Аммо жорий йил 5-18 июнь кунлари яна 160 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. Уларнинг 94 нафари Қозоғистон, 6 нафари Туркия ва 60 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Кўриниб турибдики, бундай шароитда хотиржамликка берилиб бўлмайди. Шунинг учун Чироқчи, Китоб туманлари “қизил” ва Муборак тумани “сариқ” ҳудудга тоифасига киритилди.

Зойир Мирзаевнинг қайд этишича, вилоятнинг “яшил ҳудуд” деб эълон қилингани, карантин талаблари юмшатилганини суиистеъмол қилиш ҳолатлари давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимларида, фуқаролар орасида кўпайиб бормоқда.

Жумладан, Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозоридаги 5 дарвозадан 2 таси назоратсиз қолдирилган. Худди шундай ҳолат эски шаҳар ҳудудидаги деҳқон бозорида ҳам кузатилади.

Шунингдек, шаҳар электр тармоқлари, Қарши шаҳар газ идорасининг кириш жойида дезбарьер, фильтр ва антисептик воситалар тўлиқ ташкил этилмаган. Фуқароларнинг ижтимоий масофа сақлаши ташкилот маъмурияти томонидан назорат қилинмаяпти. Келувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанмасдан ичкарига киришга рухсат берилмоқда.

Бундан ташқари, умумий овқатланиш жойларида ошхона ходимлари резина қўлқоплардан тўлиқ фойдаланмасдан хизмат кўрсатмоқда. Мижозларнинг тана ҳарорати ўлчанмай ичкарига киритиляпти. Ижтимоий масофа сақланмасдан одамларнинг тўпланиб қолишига имкон яратилмоқда.

Шунингдек, Халқ банки вилоят филиали биносида банк ходимлари тиббий ниқобдан тўлиқ фойдаланиши йўлга қўйилмаган. Мижозлар ўртасида ижтимоий масофа ташкил этилмаган, фуқаролар тўпланиб қолмоқда.

Миришкор туманидаги Помуқ, Жейнов ва Калта деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари кириш-чиқиш дарвозаларида дезбарьер, фильтр, тепловизор ташкил қилинмаган. Миришкор тумани марказида қурилиш ишлари олиб борилаётган “Элнур” савдо мажмуасида ишлаётган ишчи ходимлар тиббий ниқобсиз, ижтимоий масофага риоя қилмасдан ишлашига йўл қўйиб берилмоқда.

Шаҳрисабз тумани Чоршанбе МФЙдаги туғруқхона биносида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишларига жалб қилинган ишчи-ходимлар карантин қоидаларига риоя қилмасдан ишламоқда, тиббий ниқобдан фойдаланилмаяпти, ишчилар ўртасида ижтимоий масофа сақланишига эътибор берилмаган.

Муборак тумани марказидаги (деҳқон) озиқ-овқат бозори ҳудудида маҳсулотлар савдоси тартибсиз ҳолатда. Мавжуд артезиан қудуқ таъмирланмаган, атрофи тозаланмаган. Бозорда чиқиндилар вақтида олинмайди, атрофга сочилиб, ҳар хил юқумли касалликлар тарқалиши учун замин яратилмоқда. Шунингдек, Қарлиқ кунлик бозорида маҳсулотлар очиқ ҳолатда тартибсиз сотилаётгани, меваларни, қўлни ювиш учун шароитлар йўқлиги сабабли вақтинча ёпилган. Ушбу иккала бозор ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади.

Косон тумани марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори кириш-чиқиш дарвозаларида фильтр тўлиқ ташкил этилмаган, бозор ҳудудида кўплаб фуқаролар харидни ниқобсиз ҳолатда юриб амалга оширмоқда, ижтимоий масофа сақланмаяпти.

Чироқчи туманидаги барча деҳқон (озиқ-овқат) бозорларида карантин қоидаларига риоя этиш қониқарсиз ҳолатда. Бозордаги савдо дўконларида, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи А.Жалиловага қарашли озиқ-овқат савдо дўконида дезинфекцион тўшамалар, пирометр, антисептик воситалар мавжуд эмас. Бу каби мисоллар Чироқчи ва Ғузор туманларида кўплаб учрайди.

Касби туманида жойлашган, давлат рўйхатидан ўтмаган ва ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётган 8 та бир кунлик бозор, жумладан, “Коинот нури”, Комилон, Денов, Касби, Фазли, Пандирон, Ғалаба ва Месит бозорларида карантин вақтида тиббий пост, дезбарьер ташкил этилмаган, расталар етишмайди, атрофи ўралмаган. Тез бузилувчи маҳсулотлар ерда сотилмоқда. Дарвоза ва аниқ кириш жойи ташкил этилмаган. Ушбу бозорлар ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади.

Қамаши тумани “Файз” озиқ-овқат деҳқон бозори ҳудудида жойлашган барча умумий овқатланиш жойлари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. “Файзулло бобо ўғли Абдурашид” хусусий корхонасига қарашли ошхона кириш жойида дезинфекцион тўшама, антисептик воситалар йўқ.

Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли қишлоқ оилавий поликлиникасининг Ғуржоб филиалида фильтр, дезинфекцион тўшама, антисептик воситалар ташкил этилмаган. Эмлаш ва муолажа – битта хонада. Шунингдек, туман электр тармоқлари корхонасидаги аҳвол ҳам қониқарсиз. Ходимлар ва мижозлар ўртасида оралиқ масофа сақланмаяпти.

Нишон туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Фахриддин Маматқулов, Обид Ботиров, Наталия Амановнага қарашли умумий овқатланиш шохобчаларида ишчи ходимлар огоҳлантиришга қарамай карантин тартибларига риоя қилмасдан, тиббий қўлқопсиз ва тана ҳароратини ўлчаш учун пирометр ташкил қилмасдан ишламоқда. “Икром қизи Гўзал” хусусий корхонасига қарашли озиқ-овқат савдо дўконида дезбарьер, пирометр йўқ, ишчи ходимлар тиббий қўлқопсиз ишламоқда.

Бундай камчиликлар бошқа туманларда, давлат ташкилотларида ҳам мавжуд. Ҳаттоки Қарши шаҳрига кириш жойларида ташкил этилган постларда баъзи ҳолларда машиналарга дезинфекцион суюқлик сепилмаяпти.

Энг ачинарлиси, айрим туман ҳокимликларининг кириш-чиқиш жойида пирометрлар ёки яхши ишламайди, ёки бириктирилган ходим ишлатишни билмайди.

Таксиларга ҳайдовчиларни йўловчилардан ажратиб турадиган шаффоф плёнка билан ажратилган ҳолатда, машинани маълум масофадан кейин дезинфекция қилиш шарти билан, жамоат транспорти бўлган автобусларга эса ҳайдовчи тиббий ниқоб ва қўлқопда юриши ва ҳар якуний бекатда дезинфекция ишларини амалга ошириш шарти билан рухсат берилганди. Аммо аксарият ҳолларда автобусларда ниқобсиз, дуч келган йўловчи миндириб кетилаётганини кўриш мумкин. Йўналишсиз таксиларда орқа ўриндиққа 3 йўловчи олинаяпти.

Тўй ва маъракаларда эса белгиланган 30 кишидан кўп фуқаролар тўпланмоқда.

Вилоят махсус комиссия раисининг тақдим этган маълумот ва кўрсатмаларидан сўнг, масъулларга тегишли топшириқлар комиссия қарори асосида тақдим этилиши, қарор ижросига эътиборсизлик билан қараганлар қонун доирасида жазоланиши таъкидланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo