Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

08.11.2018


ВИЛОЯТДА КИМ, ҚАНЧА ИШ ҲАҚИ ОЛАЯПТИ?

Аҳамиятлиси, тегишли маълумотда 2018 йил январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи тармоқлар кесимида ҳам берилган. Бунда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари  ҳисобга олинмаган. Айтиш жоизки, ҳисобот даврида уч тармоқ – саноат (ўртача 2 миллион 501 минг сўм), молия ва суғурта фаолияти (2 миллион 452 минг сўм), ташиш ва сақлаш (2 миллион 208 минг сўм) соҳаси вакиллари бошқаларга қараганда энг кўп маош олувчилар сирасига кирган. Қолган тармоқларда эса ишчи-ходимларга бериладиган ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион сўмга етмаган. Масалан, қурилиш жабҳасида меҳнат қилган киши ўрта ҳисобда ҳар ой 1 миллион 873 минг сўмдан мояна олган. Маҳсулдорлик бўйича улардан кейинги ўринда ахборот ва алоқа соҳаси ходимлари бормоқда – уларга ойма-ой ўртача 1 миллион 705 минг сўмдан теккан. 

Савдо тармоғида меҳнат қилувчилар ҳам нисбатан яхши моддий манфаадорликка эга, дейиш мумкин. Соҳа вакиллари ўртача 1 миллион 669 минг сўм ойлик иш ҳақи билан таъминланган. Эътиборлиси, бугун вилоятимизда таълим ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш тармоғи вакиллари кўп маош олиши билан мақтана олмайди. Чунки ушбу кўрсаткич борасида улар тегишли рўйхатнинг энг охиридан жой олган. Ўтган тўққиз ой мобайнида маориф фидойилари ўрта ҳисобда 1 миллион 176 минг сўмдан ойлик иш ҳақига муносиб кўрилган. Саломатлигимиз посбонларига берилган номинал ойлик маош эса 1 миллион сўмга ҳам етмаган. Юқорида таъкидланганидек, булар турли солиқ ва мажбурий тўловлар чегириб ташланмаган ҳолатда берилган рақамлардир.

Аҳамиятлиси, мазкур статистика ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг ҳудудлар бўйича кесими ҳақидаги маълумотни ҳам ўз ичига олган. Ушбу ҳисобот даврида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Муборак туманида кузатилган – тегишли сумма 2 миллион 501 минг сўм (вилоят кўрсаткичига нисбатан 163,9 фоиз). Ғузор туманида ишлаш ҳам кўпчиликка маъқул тушиши турган гап. Боиси, ўтган тўққиз ойда бу ҳудудда тармоқлар ишчи-ходимларига тўланган ўртача маош миқдори 2 миллион 330 минг сўмдан ошади.  Балки, буни мазкур туманларда бир қанча йирик саноат корхоналари жойлашгани билан изоҳлаш мумкиндир. Ҳудудлар орасида учинчи ўрин Қарши шаҳрига (1 миллион 676 минг сўм) насиб этган. Қолган барча ҳудудлар эса вилоятнинг ўртача кўрсаткичидан паст натижа қайд этган. Фақат Косон, Нишон, Чироқчи, Миришкор, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида тегишли тармоқ ташкилот ва корхоналари ишчилари оладиган мояна ўрта ҳисобда 1 миллион 200 минг сўмдан кам эмас.  Ўзига хос рейтингнинг энг охирги поғонасидан жой олган Қарши туманида ўртача ойлик маош 1 миллион сўм атрофида бўлган.

Маълумот ўрнида эслатиш керак, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормаси ва вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаслиги керак. 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида бу рақам 456,3 минг сўмни ташкил этган.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo