Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 октябрь, шанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

10.09.2021


ВИЛОЯТГА 8 ОЙДА ХОРИЖДАН 6 МИНГ 478 БОШ ЗОТЛИ ҚОРАМОЛ ОЛИБ КЕЛИНГАН

Матбуот анжумани

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачилик тармоғини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида бу борада 60 дан ортиқ фармон ва қарорлар  қабул қилингани, кўплаб дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилганининг ўзи ҳам мазкур соҳа диққат марказида турганидан далолатдир.

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида  ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида "Ўзбекчорванасл" агентлигининг вилоят маркази раҳбари Ғайрат Жовлиев мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.

- Чорвачилик юқори даражада ривожланган аксарият давлатларда молларнинг маҳсулдорлигига алоҳида аҳамият берилади, - дейди у. - Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда ҳам хориждан зотдор молларни олиб келиш ва кўпайтириш, соҳани ривожлантириш учун ҳудудларда етарли шарт-шароитлар  яратиш, янги ташаббусларни амалга ошираётган фермер ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида тегишли дастурларга асосан вилоятда чорвачилик,  йилқичилик, туячилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш бўйича 362 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган эди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу лойиҳаларнинг 225 таси тўлиқ амалга оширилди. Қолган лойиҳалар бўйича ишлар давом этмоқда.

Ғайрат Жовлиевнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг салмоқли қисми зотли қорамол ва қўйчилик йўналишида бўлиб, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 126 та лойиҳа доирасида вилоятга хориждан 6 минг 478 бош зотдор қорамол ҳамда яна 33 та лойиҳа доирасида 18 минг 445 бош зотли қўй олиб келинган.

Матбуот анжуманида, шунингдек, чорвачилик хўжаликларида озуқа етиштириш учун ер майдонлари етишмаслиги, зотли молларни парваришлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва соҳадаги бошқа муаммолар хусусида ҳам сўз юритилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Report typo