Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ДЎСТОВ

29.07.2022


ВОРИ ҚИШЛОҒИНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ

 

Олис манзиллар

    Яккабоғ туманининг булутларга туташган манзилларидан бирида ястанган Вори қишлоғи ўзининг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, ҳузурбахш иқлими билан кишини мафтун этади. Бу ерда умргузаронлик қилаётган одамларга нисбатан ҳавас уйғотади.

Ҳисор тоғининг кенгликларида бунёд бўлган бу гўшада бугунги кунда 20 дан ортиқ хўжаликда аҳоли истиқомат қилиб келаяпти. Сабаби яшаш шароити оғирлигидан қишлоқ олдамлари икки-уч марта чўл ҳудудларга кўчирилган. Ўзларининг таъбири билан айтганда, Ворида ҳақиқий ватанпарварлар қолган. Ҳовлилар ҳам тарқоқ жойлашган. Қўшни ҳовлилар бир-биридан нақ 50-100 метр узоқликда жойлашган.

Тараққиётдан гўёки узилиб қолган қишлоққа электр токи келганига атиги бир йил бўлибди.

– Одамларимиз энди-энди маиший техникалардан фойдалана бошлади, – дейди 91 ёшли Норраҳмат бобо Ортиқов. – Илгари қишлоғимиз жуда гавжум бўлган. 80-йилларда ва мустақилликдан кейин икки марта аҳоли Миришкор туманига кўчирилган. Лекин нима бўлганда ҳам бу ер киндик қонимиз тўкилган жой. Неча-неча асрлардан буён бу тупроқни ватан қилиб, ота-боболаримиз яшаб келган. Биз ҳам яшаяпмиз.

Маълум бўлишича, ўзгаришлар шамоли Ворини ҳам четлаб ўтмаган. Қишлоқ хонадонлари суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланаяпти. Кичиккина бўлса-да замонавий мактаб биноси қуриб берилди.

“Қишлоқда яшасанг ҳам яшашни бил” деган ибора бежиз айтилмаган. Вориликлар ҳаётини кузатар эканмиз, одам боласи қаерда яшамасин, ўзи учун шарт-шароитни ҳозирлаб олиши, янгича атамалар билан айтганда, инновациялар яратишига амин бўлдик.

Тўғри, Ворида техника “мўъжиза”ларини кўрмайсиз. Қишлоқ одамлари кенг майдонларга арпа, буғдой, картошка экишади. Боғдорчилик, чорвачилик қилишади. Улар учун асосий транспорт воситаси – эшак ва от. Ерни ҳайдаш учун ҳўкиз қўшилган омочлардан фойдаланишади.

Воридан топганингиз самимият, меҳр-оқибат бўлади, қалб софлиги, шукроналик қувончи бўлади. Улардан сабрни ўрганасиз. Табиатнинг нақадар меҳрибон ва гўзал эканини ҳис этишни ўрганасиз.

Жаҳонгир ДЎСТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo