Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зиёда АМИНОВА

22.09.2020


ЯХШИ ҚЎШНИНГДАН ОЛГУНЧА, ЁМОН УЙИНГНИ ҚИДИР

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллигига

Миллат маърифатпарвари Абдулла Авлоний "Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур", дея ёзганда қанчалик ҳақ бўлса, бугун ҳам ушбу фикрлар моҳиятини англаб олиш шунчалик муҳим бўлиб турибди. Бинобарин, кўча сўзлашувларида ишлатилиши одатга кирган ажнабий сўзларга қоришиқли тил нуқсонлари энди расмий доираларга ҳам кўчди, пештоқ ёзувларида, реклама лавҳаларида акс этаяпти. Қулоғимизу кўзимиз анча кўникиб қолаёзган ушбу ҳол аслида она тилимиз, миллатимиз учун жуда аянчли кўринишлар эканини бугуннинг ҳам зиёлилари теран англаб туришибди. Ушбу нуқсонларга барҳам бериш учун қилинаётган ҳаракатлар эса бирда самара берса, бирда йўқ.

Мана, бир кўча кезиб, ташкилоту турли муассасалар, айниқса, тадбиркорлик субъектлари манзилларида жойлаштирилган пештоқ ёзувларига, реклама лавҳаларига боқинг. Шаклан гўзал, диққатни тортади, лекин уларга туширилган тушунарсиз сўзлару ёзувларни ўқиб, жиндай бўлса-да саводи бор, она тилини, миллатини севадиган одам  жиғибийрон бўлади. Ким учун қилинган булар, қайси мамлакатда фаолият кўрсатаяпсан, нега давлатнинг тилга оид қонунларини назар-писанд этмаяпсан дегувчиларга, бир сўз билан айтганда, йўл йўқ.  Жавоб тайин: "Тадбиркорлик субъекти, унинг фаолиятига аралашишга ҳаққинг йўқ", тамом. Ёздирган сўзу ёзувлари маъносини эса ўзлари ҳам айтиб бера олмаслиги ундан-да ачинарли.

- Жаранглироқ эшитилади деб, шу номни қўйгандик, майли алмаштирамиз, - дейди Қарши шаҳридаги "LA ROSE"  келинлар либослари дўкони соҳиби. - Энди шу жуда муаммо қиладиган масаламасдир?

- Бу қадар бепарво бўлманг, сиз каби тилга бефарқ кишилар касрига мана шу каби қоришиқлик ичида қолаяпмиз. Келинг, бу каби хатоларни бугундан, ҳозирдан бартараф этайлик. Токи ўғил-қизларимиз, невараларимиз кун келиб, сизу биздан рози бўлсин!

-Ҳамма алмаштираверсин-чи, мен ҳам янгиларман...

Бу биргина нуқтада ишлаётган тадбиркор билан бўлган қисқа суҳбатимиз мазмуни. Қани қонунларга итоаткорлик, қани масъулият, қани миллат, унинг тилига ҳурмат?! Моҳиятни англамаслик оқибати бу. 

- Тафаккури тарбияланган, маданиятли киши айни шундай масалаларда хато қилмайди, - дейди тилшунос олим, профессор Нафас Шодмонов.     - Аксинча, намуна бўлади. Биргина шу - чиройли ва соф ўзбек тилида бўлган кўча ёзуви орқали у кимлигини, қандай инсонларнинг фарзанди эканини  кўрсатиб бера олади. Ўзи ҳам тушунмаган ёзувни пештоқига илиб қўйиб, яна уни кўз-кўз қилиб фаолият юритиш, афсус билан айтаман, бу ўз фикри ва қарашларига эга бўлмаслик, кимларгадир эргашишнинг оқибати.

Ташқи гўзаллик алдоқчи, ҳақиқий гўзаллик моҳиятда яширин бўлади. Майли, бу кимлар учундир аҳамиятсиз туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат: Америка ёки Буюк Британия кўчаларида манзилни ёки пешлавҳани, ё реклама лавҳасини ўзбек тилида битиб қўйишса, қанча маҳаллий аҳоли тушунади? "Ошга марҳамат!", деб ёзиб қўйинг-чи...

Шуни қачон англаб етамиз? Бу биз учун қалбимизни яралаётган маънавий доғ эмасми? Ана шу мазмунда олиб бораётган тушунтириш ишларимиз натижасида Қарши шаҳрида бир кунда 38 та ана шундай ажнабий, кўзга ёт кўча ёзувлари, пешлавҳа, эълонлар олиб ташлангани ёки алмаштирилгани ўзига хос натижа бўлди. Албатта, бу осон кечаётгани йўқ, эътироз, ўз сўзини маъқуллаш ҳолатлари бўлаяпти. Ўша аснода тегишли мутахассис ва масъуллар томонидан тилга оид янгиликлар, жорий этилаётган ҳуқуқий -меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.

Қарши шаҳрида "Сакура" деб аталувчи кафе бор. Назорат тадбирлари жараёнида корейс миллатига мансуб тадбиркор Сапура опа билан суҳбатда бўлдик. Объектда ўрнатилган кўча ёзуви бўйича эътирозларимизни айтдик.

- Мана, 43 йилдирки Ўзбекистонда яшайман, фарзандларим шу юртда туғилди, - дейди у. - Шу ватанда ризқ топдим, тадбиркорлик қилаяпман. Қизларим ҳам ишлашаяпти, янги қурилган уйлардан сотиб олишди. Мен ўзимни ўзбекистонлик санайман. Давлат тилига бўлган бу каби эътибордан бошим осмонга етди. Бу ишларни аллақачон қилишингиз керак эди. Бошлабсизлар, хайрли бўлсин!

  Опанинг сўзлаш маданияти, суҳбатдошни тинглай олиш назокати эътиборимни тортди. Ўзбек халқини оғзидан бол томиб мақтади. Иш ва сўз бирлиги бор манзил экан, эртаси куни эрталаб ишхонамга кириб келаётиб, кўзим тушган манзарадан қувониб кетдим, ҳа, ниҳоятда мамнун бўлдим. Кафе ёнида ўрнатилган лавҳадаги барча ёзувлар соф ўзбек тилига ўгирилган эди...

Мавзуни Абдулла Авлонийдан иқтибос келтириб бошлагандим, шундай интиҳо этмоқни жоиз топдим: "Ёҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқуб кетдук. Яхши қўшнингдан олгунча, ёмон уйингни қидир", демишлар. Боболаримизга етушғон ва яраган муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак йўқолганларини ҳам топармиз. "Йўқолса йўқолсун, ўзи бошимга тор эди", деб Оврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уятдур".

Зиёда АМИНОВА,

журналист

Report typo