Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

05.07.2019


ЯККАБОҒНИНГ ТАБИИЙ ШАРБАТЛАРИНИ ХОРИЖЛИКЛАР ҲАМ СЕВИБ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛАДИ

Илгари бу борада унчалик ҳам мақтана олмаган бўлсак, сўнгги пайтда кам бўлса-да, ушбу хом ашёни қайта ишлашга йўналтириш салмоғи имкон қадар ошаётгани кишини хурсанд қилади, албатта. Бу эса воҳамизда шу йўналишда фаолият олиб борувчи замонавий қувватлар сони аста-секин кўпаяётгани билан бевосита боғлиқ.

Боғдорчилик яхши ривожланган Яккабоғ туманида ҳам бундай корхоналар ҳозирда бир нечтани ташкил этади. Шулардан бири "Делта муҳандис" масъулияти чекланган жамияти бўлиб, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан 3 йил аввал 100 минг АҚШ долларидан зиёд инвестиция эвазига истиқболли лойиҳа амалга оширилганди. Европа мамлакатларидан келтирилган замонавий ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган корхона асосан табиий шарбат ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

- Ўртача қувват билан ишлаяпмиз, йилига 4 минг тоннагача тайёр маҳсулот олиш имконимиз мавжуд, - дейди корхона иш бошқарувчиси Алишер Худоёров. - Ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми 3 минг тоннага яқин бўлди. Бу жараёндаги асосий янгилик шуки, олдин табиий шарбатни фақат 3 ва 5 литрли идишларга қадоқлаётгандик. Яқиндан бошлаб маҳсулотимиз 0,5 ва 1 литрли қадоқларда ҳам чиқаяпти. Шарбат тури 5-6 хил бўлиб, асосан олма, сабзи, қовоқ, лавлаги қўшиб тайёрланади. Маҳсулот мева-сабзавот суви сиқиб олинишидан ҳосил бўлади. Шу орқали унинг табиийлиги сақланади. Шарбатларимиз асосан ички бозордан ортмаяпти. Аҳамиятлиси, ўтган йили маҳаллий  экспортёрлар ёрдами билан маҳсулотимиз хорижлик истеъмолчиларга ҳам етиб борди. Жами ҳажми ярим тонна атрофидаги табиий шарбат Афғонистон ва Россияга экспорт қилинган. Эндиликда хорижий бозорларни забт этиш билан ўзимиз жиддий шуғулланиш мақсадидамиз.

Иш бошқарувчининг билдиришича, корхона тасарруфида атиги 2 гектар боғ бор, холос. Албатта, бу билан мавжуд қувватларнинг барқарор ишлашини таъминлаб бўлмайди. Шу боис зарур хомашё маҳаллий фермер ва боғбонлардан харид қилинаяпти. Келгусида туман ҳудудида 10 гектар жойда интенсив боғ барпо қилиш ҳам режалаштирилган. Яна бир жиҳати, бу ерда бошқа бир лойиҳа ҳам рўёбга чиқарилмоқда. Умумий қиймати 300 минг АҚШ долларидан ошувчи ушбу ташаббус доирасида тез орада дераза-ромлар учун қўшимча альюмин профилли деталлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Хорижий кредит линияси кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа қўшимча 20 нафар киши бандлигини таъминлашга шароит яратади.

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, жорий йилнинг дастлабки 5 ойида вилоятимиздан хорижга қиймати 16 миллион 118 минг долларлик 20 минг тоннага яқин мева-сабзавот экспорти амалга оширилган. Экспорт географиясида асосий улуш Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo