Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

21.02.2020


ЯНГИ ҲАМКОРЛАР ТОПИШ УЧУН ҚУЛАЙ ИМКОНИЯТ

Кооперация

Кеча Қарши шаҳрида саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ҳамда нефть-газ кооперация форуми бошланди. Унда мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплекси таркибига кирувчи йирик компаниялар, шунингдек, Қашқадарёнинг барча шаҳар ва туманлари ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган тадбиркорлик субъектлари, жами 300 га яқин корхона ўзининг 1200 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман воҳамизда илк бор бундай кенг миқёсда ўтказилаяпти.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Актам Хаитов, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мехриддин Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартлари ҳисобланган саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қилинаётган ишлар хусусида батафсил сўз юритишди. Кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим воситаси бўлмиш электрон кооперация портали имкониятларидан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлашди.

Саноат ярмаркаси доирасида кўплаб кичик бизнес субъектлари янги маҳсулот ва хизмат турлари ҳамда истиқболли лойиҳалар тақдимотларини ўтказишди. Масалан, Қарши шаҳридаги "Premium capital group" масъулияти чекланган жамияти томонидан Беларусдаги "Марко" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Uz-Shoes" қўшма корхонаси вакиллари тез орада вилоят марказида йилига 550 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқаришга қаратилган, умумий қиймати 5,9 миллион долларга тенг лойиҳа амалга оширилишини маълум қилишди.

- Ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи шу йилнинг март ойида ишга туширилади, - дейди қўшма корхона директори Дилшод Муфтиллаев. - Ҳозирданоқ буюртмачиларимиз сафида Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ва бир қатор йирик нефть-газ корхоналари бор. Бугунги ярмаркада эса биз нафақат махсус пойабзаллар, балки эркаклар, аёллар ва болалар оёқ қийимларининг кўплаб турларини намойиш этиб, буюртмалар портфелини янада кенгайтириш ниятидамиз.

- Бизнинг жамоамиз турли хил компрессорларни таъмирлаш ва ишга тушириш-ростлаш бўйича хизмат кўрсатади, - дея таъкидлайди Бухоро вилоятидаги "S.O.T.O." масъулияти чекланган жамияти раҳбари Солих Қушаев. - Бу борада Кашқадарёдаги бир қатор нефть-газ корхоналари билан доимий ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Масалан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси билан Зеварди, Кўкдумалоқ, Ўртабулоқ, Жанубий Кемачи, Помуқ, Алан, Сомонтепа ва бошқа конлардаги асбоб-ускуналарни тиклаш бўйича иш олиб борганмиз. Қаршидаги ярмаркага шу ва бошқа корхоналар билан яна кўплаб ўзаро фойдали шартномалар тузиш учун келганмиз.

Тадбир доирасида "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятлари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари ва таклифлар муҳокама қилиниб, COOPERATION.UZ электрон кооперация портали тақдимоти ўтказилди.

Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ҳамда нефть-газ кооперация форуми 22 февраль куни якунланади.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo