Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

21.02.2020


ЯНГИ ҚИЗИЛРАБОТ ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИ ИШГА ТУШИРИЛДИ

Саноат янгиликлари

"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти вилоятимиз ҳудудида Янги Қизилработ газ-конденсат кони ишга туширилганини маълум қилди.

Жамиятнинг расмий сайтида хабар берилишича, Янги Қизилработ кони Муборак туманида жойлашган бўлиб, ундаги 2-сонли қудуқда бундан чамаси 7 йил олдин, аниқроғи, 2013 йил 6 май куни бурғулаш ва синов ишлари тугатилиб, мазкур қудуқ тегишли фондга ўтказилган эди.

Ўтган йилнинг июль ойидан бошлаб бу ерда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассислари томонидан консервацияда турган қудуқни тугатилган қудуқлар фондидан қайтариш мақсадида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугунги кунга қадар унда цементли кўприклар бурғуланиб, тубига 1425 метргача ишлов берилди. Қудуқни ўзлаштириш натижасида ундан саноат миқёсида бир кеча-кундузда ўртача 80 минг куб метр газ ва 1 тонна газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.

Жорий йил 11 февраль куни Янги Қизилработ конидан Хўжаҳайрон конигача узунлиги 17,6 километр, диаметри эса 168 миллиметрга тенг газ қувури тортилиб, 2-сонли қудуқ консервациядан кейин ишга туширилди.

Бундан ташқари, шу ҳафтада "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Шўртан конидаги 288-сонли қудуқ қайта таъмирдан кейин ишга қўшилганини билдирди. Ундан бир суткада 50 минг куб метргача саноат миқёсида табиий газ қазиб олиниб, дастлабки тайёрлаш қурилмасига қайта ишлаш учун узатилмоқда.

Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йили вилоятимизда табиий газ қазиб чиқариш  2018 йилга нисбатан 3,8 фоизга, газ конденсати 0,8 фоизга, нефть - 6,2 фоизга камайган. Жорий йилнинг январь ойида эса бу маҳсулотларнинг барчаси бўйича (дастлабки статистик маълумотларга кўра) 2019 йилнинг тегишли даврига таққослаганда ўсиш кузатилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo