Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 декабрь, якшанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

02.12.2019


ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯСИ ТОМОНИДАН 2541 ОИЛА ЯРАШТИРИЛГАН

Илмий-амалий конференция

Бу ҳақда вилоят мусиқали драма театрида “Оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда “Соғлом оила – соғлом жамият” концептал ғоясини ҳаётга татбиқ этишда авлодлараро муносабатларнинг ўрни” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида айтиб ўтилди.

Вилоят ҳокимлиги ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда марказ масъул ходимлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, “Нуроний” жамғармаси масъул ходимлари,  олимлар ҳамда етакчи тадқиқотчилар иштирок этишди.

- Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда намунали оилалар базаси яратилди, - дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раиси Рамиз Зоҳиров. - Яъни айни пайтда вилоятимизда 754 мингдан ортиқ оила истиқомат қилаётган бўлса, шулардан  165 мингдан зиёд намунали оилалар бўйича база шакллантирилган. Бундай оилаларни фуқаролар йиғинидаги “Ота-оналар университети”, “Қайноналар кенгаши”, яраштириш комиссияси ишларига фаол иштирокини таъминлашимиз керак. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, оилада “Бир болага етти қўшни ҳам ота, ҳам она” тамойилини кенг тарғиб этишда ҳам намунали оилаларнинг кўмаги ҳар жиҳатдан қўл келиши аниқ. 

Конференцияда оила бюджети ва уни тўғри юритишнинг замонавий усули, фуқароларнинг ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш, шунингдек, хонадон тотувлиги, эр-хотин, қайнона-келин аҳиллиги, ажримларга, болаларнинг ярим етим қолишига сабаб бўладиган турли келишмовчилар ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo