Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

18.08.2020


Ярим килодан ортиқ тилла буюмлар қани?

Халқимизда минг йиллардан бери қўлланиб келинаётган “Ишонмагил дўстингга, сомон тиқар пўстингга” деган пурмаъно нақл бор. Албатта, бу яхши кундаям, ёмон дамдаям ёнингда турадиган, мушкул вазиятда қараб турмайдиган ҳақиқий дўстга нисбатан айтилмаган. Балки ўзини ошна кўрсатиб, фақат ўз манфаатини кўзлайдиганларга нисбатан қўлланган ва ҳаётий тажриба давомида кўпчилигимиз бунга амин бўлиб борамиз.

Қўлингизда пул, зиммангизда масъулиятли вазифа бўлса, дўстлар ҳам кўпайиб қолади. Омад кетиб, ишингиз юришмай қолса, ошна-оғайнининг сафи ҳам анча сийраклашиб қолади.

Қолаверса, “Синалмаганнинг сиртидан ўтма” дейдилар. Синовдан ўтган дўстлик, таниш-билишлик узоққа бориши мумкин. Аксинча бўлса...

Косон туманидаги “Кўҳна қалъа савдо мажмуаси” МЧЖ ҳудудида заргарлик буюмларини ясаш ва сотиш билан шуғулланиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Ю.С. ва унинг турмуш ўртоғи Н.Г. ҳам М.А.ни синамай, у қадар билмай яқин қабул қилишди. Шунинг учун унга ишонишди. Натижада 2019 йил июль-август ойлари давомида умумий баҳоси 136 миллион сўмлик турли хилдаги жами 557 грамм тилла буюмларни М.А.га ҳеч бир шубҳа-гумонсиз бериб юборишди. “Яқин таниш” эса тилла буюмларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборди.

Ушбу ҳолатга Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Косон тумани бўлимига тадбиркор Ю.С.нинг мурожаати юзасидан ўтказилган терговга қадар текширишда ойдинлик киритилди.

Шунга кўра, М.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг ҳукми билан фирибгарликка лойиқ жазо тайинланди.                              

НАСРИДДИН

Report typo