Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИ ДАВОЛАШДА ЭНДИ ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРГА ТАЯНИЛМОҚДА

М.ШУҲРАТОВ

22.12.2018


ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИ ДАВОЛАШДА ЭНДИ ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРГА ТАЯНИЛМОҚДА

Шунга яраша, беморларнинг тегишли тартибда ётиб даволанишига ҳам зарур мақбул шароит йўқ эди, ҳисоби. Бунда қуйи тиббиёт муассасаларига намуна саналиши лозим бўлган вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳам аянчли ҳолга келиб қолганди. Ўтган асрнинг 50-йилларида ётоқхона сифатида қурилган мавжуд бинолар эса зўрма-зўраки шифохонага мослаштирилган. Шу вақтгача доимий ичимлик суви билан таъминланмаган, канализация тизими мавжуд бўлмаган. Бинони иситиш масаласи ҳақидаку умуман гапирмаса ҳам бўлади. Боз устига, шифохона ходимлари ишлаб чиқарилганига ярим аср бўлаёзган тиббий асбоб-ускуналарни ишлатишдан бошқа чора тополмаган.

- Давлатимиз раҳбари 2017 йил февралда вилоятимизга ташрифи давомида ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари моддий-техник базасини ўрганар экан, шифохонамизга ҳам алоҳида эътибор қаратганди, - дейди мазкур муассаса бош шифокори Қаҳрамон Қурбонов. - Президент воҳамизда вирусли гепатитлар билан касалланиш ҳолати олдинги йилларга нисбатан анча кўпайгани, шифохонамиз ночорлашиб қолганини таъкидлаб, аҳволни ижобий томонга ўнглаш бўйича топшириқлар берганди. Муассасамиз имкониятларини янада ошириш, уни замон талабига жавоб берадиган даражага келтириш вазифаси қўйилди. Жумладан, 120 ўринга мўлжалланган янги даволаш бўлимлари барпо этиш ҳамда 100 ўринли ишлаб турган бўлимларни реконструкция қилиш, энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш белгиланди. 2017 йил май ойида эса қурилиш ишларини бажаришга киришилди. Лойиҳани тўла рўёбга чиқариш учун 80 миллиард сўмдан кўп маблағ ажратилди.

Айтиш жоизки, шифохонанинг янги биносини қуришда унинг ўзига хос ва мавжуд стандартларга мос бўлиши ҳар жиҳатдан ҳисобга олинган. Илгари деярли пойдеворсиз, шунчаки қўр тўкиб турган, деворлари нурай бошлаган, тиббиёт маскани дейишга ҳам тил бормайдиган бир қанча иморатлар буткул янгидан бунёд этилди. Аксар даволаш бўлинмалари касаллик юқиши йўлига қараб бир-биридан ажратилган. Бу эса тиббий хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Қаватлар ўртасида қатнов осон бўлиши учун лифт ўрнатилган. Шундай қилиб, бугунги кунда УРВИ ва тиф-паратиф касалликлар, болаларда ўткир ичак инфекцияси, паразитология ва реанимация бўлимлари ўзида барча қулайликларни мужассам этган янги бинода иш бошлаган. Шифохона лабораторияси замонавий микроскоп, биохимик анализатор, ИФА анализатор ва гемотологик анализатор билан таъминланди. Қабул - диагностика бўлимига УЗИ, рентген, гастрофиброскоп, ЭКГ аппаратлари олиб келинди. Реанимация бўлимининг ларенгоскоп копмлекти, дефибриллятор, кардиомониторлар билан жиҳозлангани оғир аҳволдаги беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратди.

- Ушбу хайрли ташаббус амалга ошиши натижасида энг сўнгги русумдаги қарийб 40 турдаги тиббиёт жиҳози ва аппаратларга эга бўлдик, - дейди бош шифокор ўринбосари Раҳим Рўзиев. - Уларнинг деярли ҳаммаси дунёнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган. Илгари қўлимиз кўп масалада калталик қилган бўлса, эндиликда анча узайди. Биргина вирусни сифатли аниқлаш, миқдорий кўрсаткичларни текшириш учун беморлар Тошкентга бориб келишга мажбур бўлаётганди. Ҳозирда бунга умуман ҳожат қолмади. Айни пайтда шифохонамизда ишлатилаётган биохимик анализатор ёрдамида соатига 300 га яқин тест ўтказиш мумкин. Бунда натижа 17 хил кўрсаткич бўйича олинади. Гепатит турларини аниқлаш ҳам осонлашди. Бундай шароитда фақат сидқидилдан ишлаш керак, холос.

Шифохона раҳбариятининг билдиришича, муассаса қошида вилоятда ягона гепотологик марказ очилди. Бу ерга юқори аниқликда ишловчи янги УЗИ аппарати ўрнатилди. Аҳамиятлиси, бу фаолият йўналиши беморда жигар циррози, хроник диабетни олдиндан аниқлаш ва тезкор даволаш чорасини кўриш имконини беради. Шу орқали юқумли касалликлар профилактикасини кучайтиришга ҳам эришилади. 

Яна бир жиҳати, буткул ўзгача қиёфа касб этган шифохонада янги тиббиёт технологияларини ишлата олишга қодир, даволашнинг такомиллашган усулларини ўзлаштирган малакали кадрларга ҳам талаб пайдо бўлди. Айни вақтда 80 нафардан зиёд олий ва ўрта маълумотли тиббиёт  мутахассислари меҳнат қилаётган бу шифо масканида мазкур масала ҳам эътибордан четда қолмаган. Ўтган даврда бир қанча ёш кадрлар ишга олинган. Тажриба алмашиш мақсадида эса 7 нафар шифокорнинг чет элда ўқиб қайтиши ташкил этилган. Келгусида ҳам бу амалиётни мунтазам давом эттириш мақсад қилинган.

Албатта, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида амалга оширилган яхши ўзгаришларни бугун беморлар ҳам ҳис этишаяпти.

- 9 ёшли қизим Нозима тўсатдан ичи безовта қилиб, бетоб бўлиб қолди, - дейди Қарши шаҳрилик Муҳаббат Самадова. - Дарров шу ерга олиб келдик. Билсак, касалликка қизим мактаб олдидаги дўкондан сотиб олиб еган хотдог сабаб бўлган экан. Шифокорлар буни дарҳол аниқлаб, муолажа белгилашди. Иккинчи кундирки, Нозима ўзини жуда яхши ҳис қиляпти. Рости, шифохонадаги шароитлар бу даражада бўлади, деб тасаввур қилмагандик. Барчаси жуда яхши. Хоналар иссиқ ва шинам. Аҳоли  саломатлиги йўлида шунча иш қилинганидан роса қувондик.

Ҳеч шубҳа йўқ, инсоннинг сиҳат-соғлиғи барчасидан устун.  Жамиятни ҳам соғлом кишилар тараққиётга етаклайди. Бугун давлатимиз томонидан мазкур соҳага устувор аҳамият қаратилаётгани сабаби ҳам шунда аслида. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида энг илғор тиббий технологиялар асосида касаликка эрта ва аниқ ташхис қўйиш имконияти кенгайгани, даволашнинг замонавий усуллари амалиётга жорий этилиши эса келгусида воҳада юқумли касалликлар билан боғлиқ кўрсаткичлар кескин пасайишига олиб келиши шубҳасиз.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo