Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

26.03.2019


ЗЎРМА-ЗЎРАКИ ЭМАС, ЭНДИ АНИҚ ҲИСОБ-КИТОБЛАР АСОСИДА ИШ ЮРИТИЛАДИ

Ана шулардан хулоса қилиниб,   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ҳамда 2018 йил 4 декабрдаги тегишли қарорлари ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан соҳада янги ислоҳотлар даври бошланди. Хусусан, 2017 йилда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳамда "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти вилоят ва туман филиаллари ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифа ва функциялари белгиланди. Шунингдек, қарорда сифатли ипак қурти уруғи ва пилла хомашёси етиштириш, унга бирламчи ишлов бериш, ипак ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини модернизация қилиш орқали пиллани чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, пиллачилик тармоғини ривожлантиришга доир дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Натижа нималарда кўринди? Биринчидан, ипак қурти боқувчилар манфаатдорлиги оширилди. Яъни  хом пилла харид нархи кескин кўтарилди. Режа мавжуд салоҳият, шарт-шароит, озуқа базаси салмоғидан келиб чиқиб белгиланди. Масалан, вилоятимиз пиллакорлари ўтган йили 2017 йилдагига нисбатан 17 минг қути кам, яъни 33 минг қути ипак қурти боқишди. Бу йил эса 35 минг 500 қути ипак қурти уруғи тарқатилиши режалаштирилиб, қарийб 2000 тонна ҳосил олиш мўлжалланаяпти.

- Ҳозирги кунда соҳада асосий эътибор мавсум учун керакли шарт-шароитларни ҳозирлашга қаратилган, - дейди вилоят "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ражабали Мейлиев. - 2017 йилда 8 та, 2018 йилда 12 та янги қуртхона қурилиб, уларнинг сони 40 тага етказилди. Жорий йилда ҳам 20 та янги қуртхона қуриш бўйича ишлар бошланган. Шунингдек, мавжуд тут плантацияларининг унумдорлигини ошириш, янги озуқа базасини барпо этиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизда 250 гектар янги тутзорлар барпо этилди. Ушбу майдонлар ҳамда мавжуд тутзорларнинг хатосига экилганларни қўшиб ҳи-соблаганда, 2 миллион 409 минг дона тут кўчатлари экилди.

Айтиш керакки, ипак қуртини парваришлаш қисқа фурсат давом этса-да, анча машаққатли иш. Мамлакатимизда эса у асосан аҳоли хонадонларида (касаначилик асосида) боқилади. Қурт уруғлари то ипак боғлаб, ҳосил йиғиштириб олингунига қадар, хонадоннинг бир неча аъзолари тинмай меҳнат қилади. Ана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, бугунги кунда уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи фуқаролар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилган, бир мавсум ишлаган даври бир йиллик меҳнат стажига тенглаштирилди. Шу билан биргаликда, пиллакорларни қўшимча рағбатлантириш доимий эътибор марказида бў-либ келмоқда.

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, бошланаётган янги мавсум олдидан барча туманларда пиллакорлар учун байрам тадбирлари ташкил этилди. Уларга вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларнинг мукофотлари, кийим-кечак, эсдалик совғалари топширилди.

- Қарийб ярим асрдан буён ҳар йили ипак қурти боқаман, - дейди Косон тумани Гулбоғ маҳалласида яшовчи 80 ёшли Санобар ая. - Ҳозир бу иш билан фарзандларим, невараларим ҳам шуғулланмоқда. Узоқ йиллик меҳнатларим муносиб рағбатлантирилиб, туманимизда ўтган байрам тадбирида вилоят ҳокими томонидан сиҳатгоҳга бепул йўлланма билан тақдирландим. Бу эътибор менга янада куч бағишламоқда. Бу йилги мавсумда ҳам болаларимни ишга солиб, уйда ипак қурти боқмоқчиман.

Пиллачилик тармоғини ривожлантиришнинг яна бир босқичи сифатида хомашёни ўзимизда чуқур қайта ишлаш ҳам бугунги устувор вазифага айланган. Айни пайтда вилоятимизда ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудуддаги пиллани қайта ишловчи йирик корхона - "Radiant silk" ҚК масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш технологияларини тубдан янгилаш ишлари олиб борилаяпти.

Жумладан, корхонага 20 та замонавий мато тўқиш цехлари ўрнатилиши режалаштирилган эди. Ҳозирги кунда уларнинг 8 таси олиб келиниб, ишга туширилган. Табиийки, замонавий технология сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт кўламини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Яна бир қатор янги лойиҳаларга ҳам қўл урилмоқда. Мисол учун, ипак гиламлари тайёрлаш ҳам режалаштирилган. Бу фаолиятни йўлга қўйиш учун Шаҳрисабз туманига 17 та замонавий гилам тўқиш дастгоҳи олиб келинади. Яқинда уларнинг 4 таси келтирилиб, ишга туширилди.

2019-2021 йиллар давомида эса вилоятимизда пиллани қайта ишлайдиган яна бир йирик корхона фаолият бошлайди. Қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган бу лойиҳа Шаҳрисабз туманида йўлга қўйилади. Корхонада пиллани етиштиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар тўлиқ кластер тизимида амалга оширилади.

Пировард натижада вилоятда етиштириладиган пилла хомашёсини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида экспортга чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, инновацион ёндашув қисқа давр ичида тайёрланаётган пилла ҳажмини, қайта ишлаш қувватини тубдан ошириш имконини беради. Бу эса ўз  навбатида янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини кўпайтириш баробарида ипак қуртининг нега етти хазинанинг бири эканлигини яққол ифода этади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

* * *

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo