Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

21.07.2020


ЗЎРНИНГ КУЧИ ҲАМИША ТЕГИРМОН ЮРИТИБ КЕТАВЕРАДИМИ?

Чироқчи тумани ИИОФМБ масъуллари ўқимасин!

Таҳририятга Чироқчи тумани Шўрбозор маҳалласи Ҳақиқат қишлоғида яшовчи Дилафруз Лапасовадан шикоят хати келди. Аёл собиқ турмуш ўртоғининг қонуний ажрашгандан сўнг ҳам унга нисбатан ўтказаётган жисмоний ва руҳий зуғумлари, туман ички ишлар бўлими ходимларининг эса уни ҳимоя қилиш ўрнига воқеани хаспўшлашга уринаётганидан норози.

Мана ўша изтиробларга тўла мактуб:

"2013 йилда не-не орзу-умидлар билан Сирожиддин Ҳайдаровга турмушга чиқдим. Турмушимиз аввалида рисоладагидек эди. Аммо орадан кўп ўтмай оилада уруш-жанжал чиқа бошлади. 2014 йилнинг ноябрь ойида фарзандимиз дунёга келди. Лекин жанжал ортса ортдики, сира тўхтамади. Охири таёқларга чидай олмай 37 кунлик чақалоқ билан отамнинг уйига кетишга мажбур бўлдим. Турмуш ўртоғим эса орадан 3 ой ўтиб шаръий никоҳ асосида бошқага уйланиб, у билан яшай бошлади.

Буни эшитганимдан сўнг ҳеч бўлмаса қизимнинг таъминоти учун алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилдим. Суд менинг фойдамга қарор чиқарди. Лекин орадан салкам икки йил ўтса ҳамки, Сирожиддин Ҳайдаров алимент пулларини тўламай келди...

Шундан сўнг Чироқчи тумани прокурорининг 2016 йил 20 сентябрдаги қарори билан унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2016 йил 13 декабрдаги ҳукми билан унга жазо ҳам тайинланди. Шунингдек, суд ижро департаменти томонидан Сирожиддин Ҳайдаровнинг Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан чиқишига тақиқ қўйилди.

Аслида фарзандимиз таъминоти учун судга қилган мурожаатим собиқ турмуш ўртоғимнинг бунчалик қаҳрини келтириши, у ўз боласи учун алимент пулини тўлаш ўрнига мендан қасд олишга уринишини ўйламаган эканман. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди.

Собиқ турмуш ўртоғим доимий равишда йўлимни пойлаб ёки телефон қилиб, "Алиментни олдирасан, чет элга чиқишимга чекловларни бекор қилдирасан, бу шартимни бажармасанг сени ота-онанг, қариндош-уруғинг, қишлоқдошларинг, таниш-билишларинг олдида бузуқ аёлга чиқариб юбораман", деб дўқ-пўписа қила бошлади.

Турмушим бузилгандан сўнг ҳунар ўрганай деб Кўкдала қишлоғида тикувчилик курсида ўқий бошладим. Ўқишдан кеч қолган пайтлари ўша ҳудудда яшовчи опамникига ётиб қолардим. Бир куни опамникидан чиқиб уйга кетаётганимда олдимдан собиқ турмуш ўртоғим чиқиб, "Алиментни тўхтатасан ёки қизимни менга берасан" деб айтди. Мен рози бўлмадим. Шунда у "Сени шармандангни чиқараман", дея машинасига мажбурлаб ўтқазди, Кўкдала қишлоғининг одам яшамайдиган даштига олиб борди. Мажбурлаб номусимга тегди. Сўнг зўрлик ишлатиб, яланғоч ҳолатимда телефонига видеога олди ва уни ҳаммага тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитди. Оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, бировга айтсам ўзимга ёмон бўлишини уқтирди.

Бу хўрликлардан ичим ёниб кетаётган бўлса-да, уят, номус кучлилик қилиб, ҳеч кимга чурқ эта олмадим. Ҳаммасини сир сақламоқчи эдим. Аммо кутилмаганда собиқ эрим опамнинг, сўнг акамнинг қўл телефонларига ўша видеони жўнатиб, бизни мазах қилишга ўтди.

Бу шармандаликка чидай олмай икки марта ўз жонимга қасд қилдим. Лекин уйдагилар ҳаракатларимни сезиб қолиб, мени бу йўлдан қайтаришди.

Сўнг оила аъзоларимнинг келишуви билан Сирожиддин Ҳайдаровга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат этдим.

Бироқ ишни кўриб чиққан Чироқчи тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ профилактика инспектори, лейтенант А.Қамбаров мени гувоҳлик беришдан ҳамда суд-тиббий экспертизадан ўтишдан бош тортди деб ёлғон далолатнома тузиб, 2019 йил 20 октябрь кунида жиноят ишини қўзғатишни рад қилди. Иш маъмурий судга ўтказилди. Қамаши тумани маъмурий   судининг 2019 йил 15 ноябрдаги қарори билан  айбдорга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида, яъни 669 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Шундан сўнг Қамаши тумани маъмурий судининг 2019 йил 15 ноябрдаги қароридан норози бўлиб вилоят маъмурий судига кассация тартибида шикоят киритдим. Вилоят маъмурий судининг 2020 йил         22 январдаги қарори билан Қамаши тумани маъмурий судининг  2019 йил 15 ноябрдаги Сирожиддин Ҳайдаровга нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги ҳамда суриштирув органининг 2019 йил 20 октябрдаги жиноят иши қўзғатишни рад қилиб, маъмурий тартибда судга юбориш ҳақидаги қарори бекор қилинди. Маъмурий иш эса вилоят прокурори орқали қўшимча суриштирув юритиш учун қайтарилди.

Чироқчи тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, майор Э.Холиёров ҳам мен шифохонада даволанаётган пайтимда ишни кўриб чиқиб, Сирожиддин Ҳайдаров содир этган, жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 118-моддаси (номусга тегиш), 140-моддаси (ҳақорат қилиш), 1411-моддаси      (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) каби жиноят аломатларига умуман баҳо бермай, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, мазкур модда билан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси     тайинлади...

Энди ўзингиз ўйланг. Майли, ургани, ҳақоратлаганига чидашим мумкин. Лекин Сирожиддин Ҳайдаров менга жисмоний тазйиқ ўтказиб, яланғоч ҳолимда видеога олиб, бу видеони акам ва опамнинг қўл телефонига юборди. Яна интернетда тарқатиб юбориш билан қўрқитмоқда. Инсон учун бундан ортиқ хўрлик, бундан ортиқ изтироб борми? Унинг ана шу ишида жиноят аломатини кўрмаётган ўша орган ходимлари оиламизнинг қандай аҳволга тушгани, ҳаммамиз тириклайин ўлиб бўлганимизни тасаввур эта олишармикан?! Ёки зўрнинг кучи ҳамиша тегирмон юритиб кетаверадими? Сирожиддин Ҳайдаровга қилмишига яраша жазо йўқми?"

Хуллас, шикоят хати ана шундай гаплар билан якунланган.

Биз воқеага ойдинлик киритиш, аёлнинг даъволарига нисбатан иккинчи томон, яъни ҳолатни ўрганган, ишни юритган Чироқчи тумани ИИБнинг муносабатини ҳам олишни истагандик. Шу мақсадда вилоят ИИБ ахборот хизмати билан боғланиб, уларга аёлнинг шикоят хатини етказдик.

Аммо орадан бир ойга яқин вақт ўтди ҳамки, аёл ўз шикоятида қўяётган саволларга асослантирилган ва арзирли жавоб ололмадик. Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати эса юқорида айтилган суд қарорларининг нусхасини юборишдан нарига ўтмади. Шундан сўнг айрим таҳририй тузатишлар билан мактубни ўз ҳолича чоп этишга қарор қилдик. Зора Чироқчи тумани 1-сонли ички ишлар бўлимининг ишни юритган ходимлари шундан сўнг ҳолатга асослантирилган ва аниқ муносабатларини билдиришса.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo