Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

16.06.2020


ЎЗ УЙИНГ БЎЛСАЮ, ЎЙИНГ АРИМАСА...

"Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган", дея таъкидлаган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида.

Дарҳақиқат, ўз уйи бўлиши, тоза, ёруғ ва шинам хонадонларда яшаш ҳар бир кишининг ҳаётдаги энг асосий мақсадларидан биридир. Шу боис ҳам Аллоҳ берган умрнинг кўп дамини  уй-жой қуришга, уни таъмирлашга, атрофини обод этишга сарф қиламиз. Шу мақсад йўлида ишлаймиз, еламиз, югурамиз.

Аммо, уйингиз бўлса-ю, уни таъмирлай олмасангиз, атрофни обод қилиб, боғу бўстонга айлантириб қўйишни хоҳласангиз-да эртага бу иморатларнинг бузилиши, бошқа жойга кўчиб ўтишингизни ўйлаб бунга қўлингиз бормаса ҳам қийин экан.

Қарши шаҳрининг Дарвозатутак маҳалласи Садриддин Айний кўчасида жойлашган бир нечта хонадон эгалари бугун ана шундай аросат ичида қолишган. Уларнинг уйи бор, лекин ўйи ариётгани йўқ.

- Беш йил аввал шаҳар ҳокимлигидан вакиллар келиб, бизга уй-жойларинг бузилиб, пуллари тўлаб берилади, нарсаларингни йиғиштириб, кўчишга тайёр бўлиб туринглар дейишганди, - дейди шу кўчадаги хонадонларнинг бирида яшаётган Зиёда Ғаппарова. - Шошиб, уйдаги бор жиҳозларни қариндош-уруғларникига кўчириб бордик. Майли-да, ер берилса, пул берилса, уй қуриб оламиз, деб ўйлагандик. Аммо орадан анча вақт ўтиб, биринчи қатордаги уйлар бузилиб, кўп қаватли уй қурила бошланди. Бизга қарашли ҳовлининг эса фақат 3,5 метр қисмигина қурилиш ҳудудига тушар экан. Шунга кўра ярмини бузиб ташлашди, лекин пулини бергани йўқ. Бу жойда эса энди яшаб бўлмаяпти. Ҳовли вайронага айланиб қолган, ёнимизда кўп қаватли уй, тепамизда деразадан одамлар қараб ўтиришади. Қиз-келинларимиз бор, улар ҳовлига чиққани ийманишаяпти. Энг ёмони, беш йил бўлибдики, бу ернинг на бузилиши, на қолиши ҳақида билмаймиз. Дардимизни айтиб у ташкилотга борсак бунисига, бунисига борсак унисига жўнатишади. Хусусан, шаҳар ҳокимлигига ўн маротабалаб мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмади.

Шу маҳаллалик Улуғбек Олимжоновнинг уйи деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли кўринишга келиб қолган. Хонадон бекасининг таъкидлашича, ёнида қурилиш бўлиб, оғир техникалар ишлагани сабаб деворлар шу ҳолга тушган.

- Ёш болаларим бор, уйимиз йиқилиб кетмасин деб юрак ҳовучлаб ўтираман, - дейди у. - Икки томонимиздаги қўшниларнинг ҳам уйи бузилиб, пули тўлаб берилди. Улар кўчиб кетишган. Ўртада фақат бизнинг уй қолди. На кўчишни, на шу жойда қолиб, уйни таъмирлашни билмай аросатдамиз. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, лекин бирор-бир тайинли жавоб айтишмайди.

Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, бу жойда аҳоли кўп йиллардан буён яшаб келган. Уй-жойлар ҳам ягона лойиҳа асосида қурилгани йўқ. Кимнингдир ҳовлиси 6 сотих бўлса, кимникидир 4, яна бошқа бириники 8 ёки 10 сотих. Каттароқ ҳовли-жойлар қурилиш ҳудудига тушгани боис, қурувчи ташкилот улар билан ҳисоб-китоб қилиб, уй-жойини бузиб олган, кичик ҳовли-жойлар эса бироз орқароқда бўлгани боис қолиб кетаверган. Яна бир фуқаро - Ойгул Мустарованинг уйи ҳам  бузилмай қолган. Аммо гирд-атрофидаги уйлар бузиб ташлангач, энди бу жойда яшаб бўлмаяпти.

- Қўшни уйлар иморатлари бузиб олингач, бизнинг деворлар ҳам ўз-ўзидан емирилиб бормоқда, - дейди Ойгул Мустарова. - Уйимиз жуда омонат ҳолга келиб қолган. Қандай файзли жойлар эди, мана энди аҳволимизни қаранг. Бунинг зарарини ким тўлайди, биз шу тарзда ҳеч қандай айбсиз жабрланувчи бўлиб қолаверамизми? Муаммони айтиб шаҳар ҳокимлигига ҳам, бошқа ташкилотларга ҳам бордик, лекин арзимизни ҳеч ким тингламайди. "Ҳал қиламиз" деганлари ҳам бир маротаба келиб, ҳолатни кўриб кетишгани йўқ.

Биз муаммони жамоатчилик эътиборига олиб чиқдик. Уни ўрганиш, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммони ҳал этиш эса масъул ташкилотлар зиммасидаги вазифа. Ўйлаймизки, улар бунга бефарқ қарашмайди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

БОБУРБЕК олган суратлар.

Report typo