Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Гулноз БЕРДИМУРОДОВА

16.05.2017


ЎЗ УМРИНГ КУШАНДАСИ БЎЛМА!

“Соғлом муҳит яратайлик” ойлигининг мақсади эса аҳолининг тамаки чекиш зарари ва оқибатлари, шунингдек, тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда жамоат жойларида чекишни чекловчи тегишли меъёр ва қоидалардан  хабардорлигини оширишдир.

ТАМАКИ ВА САРАТОН

Маълумки, тамаки чекиш одам танасининг деярли барча аъзоларига зарар етказади ҳамда у саратоннинг камида  15 тури сабабчисидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон қанча кўп чекса, бурун ва оғиз бўшлиғи, томоқ, меъда, ошқозон ости бези, бачадон бўйинчасида саратон ривожланиши хавфи юқори бўлади.

ТАМАКИ ВА ЮРАК КАСАЛЛИКЛАРИ

Дунёдаги ўлим ҳолларидан ҳар учинчиси юрак-қон томир касалликлари туфайли юз беради. Чекиш эса юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқарувчи бош омилдир. Айни шу сабаб билан дунёда ҳар йили 600 мингдан зиёд киши вафот этади. Чекиш юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ҳамда гипертония ва артериялар тўсилиб қолиш хавфини кучайтиради. Бундай ҳолатлар охир-оқибатда юрак хуружи ва инсультга олиб боради.

ТАМАКИ ВА НАФАС ЙЎЛИ КАСАЛЛИКЛАРИ

Тамаки тутунидаги заҳар оғиз ва бурун орқали ўпкага бориш йўлидаги ҳужайра ва тўқималарга зиён етказади. Сигарета тутунидаги кимёвий моддалар ичга тортилиши натижасида ўпкага шимилади, оқибатда бу нафас йўлларининг жиддий шикастланишига олиб келади.

БОШҚА ОҚИБАТЛАРИ

Тамакини кўпинча юқумли бўлмаган касалликлар билан боғлайдилар. Бироқ айнан тамаки юқумли касалликлар авж олишининг асосий омилидир. Хусусан, яширин ёки латент шаклида бўлган сил касаллиги тамакини истеъмол қилиш оқибатида фаоллашади.

Чекадиган аёлларда бола тушиш хавфи 2-3 марта юқори бўлади. Ҳомила ривожланиши даврида чекиш гўдакнинг кам вазнли бўлиши, вақтидан олдин туғиш ва туғма нуқсонларга олиб келади. Боланинг тўсатдан ўлиши синдроми ҳам чекиш билан боғлиқ. Чекувчи оналарда кўкрак сути камайиши, шунингдек, гўдаклар ва болалар саломатлиги ва феъл-атвори билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

 Эркаклар ўртасида чекиш эса насл бузилишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, туғилажак чақалоқ тушиши ёки у нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлади. Баъзи тадқиқотларга кўра, кашанда эркакларнинг боласи келгусида саратонга чалиниши мумкин экан. Қолаверса, бепуштлик ҳам айнан кашандалар орасида кўп учрайди.

Ашаддий кашандаларда қоннинг кислород етказиб бериш хусусияти 15 фоиз қисқаради. Кашандалар суяклари зичлигини йўқотади, осонлик билан синади ва унинг битиши узоқ вақт талаб этади. Катаракта, эшитиш қобилиятини йўқотиш, кариес,  ошқозон яраси, соч тўкилиши ва ажинларнинг эрта пайдо бўлиши ҳам чекишга кўп жиҳатдан боғлиқ.

* * *

Сигарет қутилари сиртида катта ҳарфларда чекиш инсон саломатлигига жиддий зарар эканини ифодаловчи таъсирли жумлаларга кўзимиз тушади. Аммо бу чекувчиларга деярли таъсир кўрсатмаётгани ҳам бор гап. Энг муҳими, ҳар бир чекувчи ўзи англаган ҳолда тамакидан воз кечишга қарор қилиши даркор.

Омонат умримиз фақат ўзимиз учун эмаслигини ёддан чиқармайлик. Биз фарзандларимизга, ота-онамиз ва бошқа яқинларимизга керакмиз. Гўзал ва тотли ҳаётимизга кушанда бўлмайлик. Уни заҳри қотил қўлига қўшқўллаб топширмайлик.  Соғлом турмуш тарзига амал қилиб шодлигу гўзалликларга ошно яшайлик. Бунда бизга асосий ёрдамчи – ўзимизга бўлган ишончдир! Ўзига ишонган одам зарарли одатлардан халос бўлишга ҳам, бошқаларни-да ажал чангалидан қутқаришга қодир.

Гулноз БЕРДИМУРОДОВА, республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали врачи

Report typo