Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

10.12.2019


ЗАҲМАТКАШ КАСБ СОҲИБЛАРИ УЛУҒЛАНДИ

...Муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табригидан.


Қарши шаҳридаги "Геолог" маданият ва спорт-соғломлаштириш мажмуасида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Маълумки, 2017 йил 25 августдаги қонунга мувофиқ ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни, деб эълон қилинган эди. Ана шу сана муносабати билан соҳанинг меҳнатда намуна кўрсатган вакилларини рағбатлантириш ҳам анъанавий тус олди.

Вилоятимизда ўтган байрам тадбири ҳам дастлаб миллий қадриятларимиз намунаси бўлмиш кураш мусобақаси, хўроз ва қўчқор уриштириш ўйинлари билан бошланди. Воҳа заминида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табригини ўқиб эшиттирди.

Аграр соҳадаги самарали фаолияти ҳамда тармоқни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди.  Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятимиз миришкорлари томонидан 144,7 минг тонна картошка, 386,7 минг тонна сабзавот, 163,5 минг тонна полиз маҳсулотлари, 133,3  минг тонна мева ва резавор, 83,8 минг тонна узум йиғиб олинган. Шунингдек, ички ва ташқи бозорларга тирик  вазнда 213,9 минг тонна гўшт, 850,3 минг тонна сут, 344,2 миллион дона тухум, 7,4 минг тонна жун, 167,2 минг дона қоракўл тери етказиб берилган.

 

 Албатта, бир пайтлар қишлоқ хўжалиги деса асосан пахта ва ғаллани тушунган воҳамиз деҳқонлари бугун сархил мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, ҳатто, тропик ўсимликларни ҳам маҳаллий иқлимга мослаштириб, улардан юқори ҳосил олиш борасида ҳам илғорлик намойиш этишмоқда. Бунда эса қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, деҳқон ва фермерларнинг фаолиятдан манфаатдорлиги ошгани, экин майдонларининг мақбуллаштирилиши, ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб экин экиш, юқори қиймат ва ҳосилдорликка эга маҳсулот турларини танлаб етиштириш имконияти яратилгани муҳим омил бўлмоқда. Бугунги деҳқоннинг иш услуби ҳам, фаолиятга ёндашуви ҳам муталақо ўзгарган. У аввало рентабелликни ошириш, янги-янги тармоқларни йўлга қўйиш орқали ўз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳақида ўйлайди. Ва натижада соҳага катта миқдорда инвестициялар ва замонавий технологиялар фаол кириб келмоқда.

Мисол учун, қамашилик Бахтиёр Ибрагимов бир неча йил давомида фермерлик соҳасида фаолият юритган. Авваллари фақат пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланган бўлса, эндиликда "Комфортабл бизнес сервис" масъулияти чекланган жамиятини таъсис этиб, унинг тасарруфида замонавий иссиқхона комплексини барпо этган. Қарийб 35 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган гидропоника асосидаги ушбу "ёпиқ томорқа"да йилнинг барча фаслларида бирдек мева-сабзавот етиштириш имкони мавжуд.

 - Айни пайтда иссиқхонанинг 8 гектар майдонида помидор кўчатларини экканмиз, - дейди у.  - Бу ерда асосий ишлар автоматлаштирилган тизимда амалга оширилади. Мисол учун, кўчатлар хориждан келтирилган, кокос дарахти пўстлоғидан тайёрланган махсус аралашма билан тўлдирилган тувакларга экилган. Уларга сув ва ўғитлар компьютерлаштирилган ягона тизим орқали белгиланган миқдорда келиб туради. Шартномага кўра, Жанубий кореялик ҳамкорларимиз иссиқхона комплексини қуриш билан бир қаторда бизнинг ходимларга иш ўргатишни ҳам  ўз зиммаларига олишган. Шу боис айни пайтда барча ишни уларнинг маслаҳати ва кўрсатмалари асосида амалга ошираяпмиз. Кейинги йилдан эса буни ўзимизнинг ишчиларимиз ҳам бемалол эплашади.

Тантанали тадбирда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари эришаётган барча ютуқлар эътироф этилиб, юрт равнақига, эл фаровонлигига катта ҳисса қўшаётган соҳа ходимлари улуғланди.

Йиғилганлар эътиборига мамлакатимиз санъат усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo