Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

У.ТЎРАЕВ ,А.ҲАМДАМОВ

04.08.2018


ЗАХИРА ИМКОНИЯТЛАРИ БЮДЖЕТ ДАРОМАДЛАРИНИ ОШИРИШ ИМКОНИНИ БЕРДИ

Шу боис юртимизда маҳаллий давлат ҳокимияти тузилмаларига ўз бюджетини кўпайтириш, бунинг учун қўшимча захиралар излаб топиш вазифаси қўйилмоқда. Қўшимча захира нима бўлиши мумкин? Масалан, муайян ҳудудда айрим кишилар    ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда, дейлик. Ўз-ўзидан маълумки, улардан бюджетга наф келмаяпти, яъни солиқ тушуми таъминланмаяпти. Шуларни аниқлаб, давлат рўйхатидан ўтказиб, солиқ ундирилишига эришилса, ана шу иш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги “Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш, захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам қайд этиб ўтилган.  Мазкур ҳужжатдан келиб чиқиб эса  “Молия органлари ва Давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришга йўналтирилган ишларни такомиллаштириш борасидаги фаолиятини тартибга солиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида” вақтинчалик Низом тасдиқланди. Натижада истиқболда қилиниши лозим ишлар аниқлаштирилди.

Ушбу қарор ва Низом талабларини бажариш мақсадида вилоятимизда ҳам зарур тадбирлар амалга ошириляпти. Бу борада вилоят молия, Давлат солиқ, ғазначилик ҳамда назорат тафтиш бошқармалари ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Хусусан ўтган даврда биргаликда маҳаллий бюджетга тушумларни ошириш мақсадида бир неча бор мониторинг ва ўрганиш ўтказилди. Натижада 2018 йилнинг 1 ярим йиллик ҳолатига кўра, Қарши шаҳри ва туманлар маҳаллий бюджетига жами 17 миллиард 165 миллион 400 минг сўмлик қўшимча даромадлар манбаси аниқланди. Мазкур маблағ йил охирига қадар тўлиқ ундирилиши белгиланган.

Хўш, бунинг учун айнан қандай чоралар кўрилиши кўзда тутилмоқда? Юқорида айтганимиздек, аввало бугун қонунга зид тарзда бизнес юритаётган тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишга асосий эътибор қаратилади. Бу борада амалий самаралар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисидаги маълумотларни ўзаро солиштириш натижасида бир қанча   фаолият турлари бўйича 2 минг 370 та субъект хатловдан ўтказилди. Шундан, 308 та расмий фаолият турига мос келмайдиган тадбиркорлардан 689,3 миллион сўм, 2004 та рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган ЯТТ ҳисобидан 8 миллиард 213 миллион 400 минг сўм ва 58 та фаолиятини вақтинча тўхтатиб, амалда фаолият юритаётган ЯТТ ҳисобидан 132 миллион сўм, шунингдек, ҳисобга қўйилмаган ёлланма ходимлар бўйича 267,3 миллион сўм ҳисобланди.

Бундан ташқари, жисмоний шахсларга тегишли бўлган 22 минг 703 мол-мулк ва ер участкалари хатловдан ўтказилиб, натижада жами 6 миллиард 133 миллион 100 минг сўмлик қўшимча солиқ базаси аниқланди.

Амалга оширилган мониторинг тадбирлари давомида умумий овқатланиш корхоналари ҳам ўрганилди. Маълум бўлдики, жойларда 39 та шундай муассаса ноқонуний фаолият юритаяпти, 2 таси солиқ идораларига фаолиятини тўхтатиб тургани ҳақида огоҳлантириш бериб ҳам амалда хўрандаларга мунтазам хизмат кўрсатиб келаяпти. Улар ҳисобидан 369 миллион 900 минг сўм бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга қўшимча маблағ ундирилди.

Қолаверса, бозорлар ва савдо комплексларида ҳам бир марталик йиғимлар, ижара ва бошқа тўловларни ундириш қай даражада ҳаққоний таъминланаётгани текшириб кўрилди. Ўрганиш натижалари эса 1 миллиард 492 миллион 300 минг сўм қўшимча даромад манбасини аниқлаш имконини берди.

Жорий йилнинг олти ойи ҳолатида ушбу йўналишда қизғин иш олиб борилиб, соҳа ходимлари томонидан бюджетга жами 8 миллиард 213 миллион 600 минг сўм қўшимча маблағ ундирилишига эришилди.

Ўз навбатида, бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича кўрилган таъсирчан чоралар тегишли даврда прогноз кўрсаткичлари ижроси тўлақонли бажарилишига шароит ҳозирлаётгани билан ҳам муҳимдир. Бунда асосий эътибор жорий йил бошида ярим йиллик учун тасдиқланган режага асосан бюджетга тушумларни ўз вақтида шакллантиришга қаратилди.

Вилоятда дастлабки олти ой учун бюджет прогнози 1 триллион  527 миллиард 100 миллион сўм этиб белгиланган. Амалда эса ушбу мўлжал ортиғи билан уддаланди. Яъни ҳақиқатда бюджетга 1 триллион 787 миллиард 300 миллион сўм маблағ туширилди. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, аввалгига нисбатан ўсиш 558,1 миллиард сўм ёки 145,4 фоизни ташкил этганига гувоҳ бўламиз.

 Шу ўринда қайд этиш жоиз, ушбу даврда маҳаллий бюджет учун тўловларда ҳам ўсиш кузатилди. Бу борадаги прогноз 938,4 миллиард сўм этиб белгиланган бўлса, кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида маҳаллий ғазнага 1 триллион 107 миллиард 200 миллион сўм жалб этилишига эришилди. Бошқача айтганда, прогнозга нисбатан 168,8 миллиард сўм кўп маблағ шакллантирилди. Буни ўтган йилнинг мос даври билан ҳам солиштирсак, ўсиш 298,7 миллиард сўм ёки 137 фоизга тенг бўлди.

 Таъкидлаш жоиз, 2018 йилнинг кейинги даврида ҳам айни йўналишдаги ишларни жадал суръатда давом эттириш мақсад қилинган. Бунда янги қўшимча даромад манбаларини излаб топиш, шунинг ҳисобидан бюджетга режадагидан ҳам кўпроқ маблағ жалб қилиш бирламчи аҳамият касб этади. Бинобарин, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, манбалар кўпайтирилса, келгусида воҳамизда амалга оширилиши кўзда тутилган бунёдкорлик ишлари кўлами ортади, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожи янада тезлашади.

У.ТЎРАЕВ, вилоят молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи,

А.ҲАМДАМОВ, бошқарма мутахассиси

Report typo