Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Анвар САМАДОВ

26.12.2017


ЗАМОНАВИЙ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТАРИХИДА УЛКАН ЎЗГАРИШ ЯСАГАН ВОҚЕА

Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, нодавлат ташкилотлар фаоллари иштирок этди. Йиғилишни видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари, барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, мамлакатимизнинг чет эллардаги элчилари кузатиб борди.

Мурожаатномада 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топди.

Мурожаатнома концепцияси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ тузилган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар каби беш қисмда бу соҳаларда амалга оширилган ишлар атрофлича баён қилинди.

Мурожаатнома ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда кенг. Унинг мазмун-моҳиятида бир тамойил "қизил ип" бўлиб ўтади. У ҳам бўлса, халқ манфаати, халққа хизмат қилиш, халқни эъзозлаш!

Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари халққа хизмат қиладиган, уларнинг фаолиятига халқ баҳо берадиган тизим яратилди. Мамлакатимиз ҳаётига доир қарорлар халқимиз билан бевосита мулоқот, одамларнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилинмоқда. Барча даражадаги раҳбарлар халқ олдида ҳисоб бермоқда.

Мазкур Мурожаатнома давлатимиз раҳбарининг якунланаётган йил бўйича халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботи ҳам бўлди. Шунингдек, Мурожаатномада мамлакатимизни келгусида ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қанча қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан янги - 2018 йилга мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилди.

Тадбир очиқ ва самимий руҳда ўтди. Президентимиз халқимизни қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан-кўп муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Баландпарвоз иборалар, сохта рақамлар эмас, аччиқ бўлса-да, ҳақиқий кўрсаткичлар айтилди. Илгари кузатилмаган бундай жасорат ва қатъият одамларнинг ишончи, ҳурматини қозонди.

Вақтлар ўтади. Президентимизнинг бу Мурожаатномаси замонавий давлатчилигимизда улкан ўзгариш ясаган тарихий нутқ бўлиб қолади.

Анвар САМАДОВ,

 

ЎзА мухбири

Report typo