Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Қамбар НАСРИДДИНОВ

11.10.2019


ЗАМОНАВИЙЛИККА ИНТИЛИБ, ТАРИХНИ УНУТИШ КЕРАКМИ?

Қарши воҳасидаги биринчи шаҳар қадимги Ерқўрғон манзилида милоддан аввалги VIII-VII асрларда шакллангани аниқланган. Милоддан аввалги VI асрда унинг 35 гектар майдони мудофаа девори билан ўралиб, муҳофаза этилади. Милоддан аввалги II асрда шаҳар иккинчи қатор девор билан ўралган, унинг майдони бу даврда 150 гектар бўлган.

Ерқўрғондаги археологик тадқиқотлар қадимий Нахшабда кулоллар, темирчилар маҳаллалари бўлганидан, шаҳар марказида ибодатхона, ҳукмдор саройи, дахма, турар жойлар ўрни ва бошқа асори атиқалар ҳақида хабар беради.

Қарши воҳасининг тарихи Бобил (Ироқ), Искандария (Миср), Ереван (Арманистон), Таксила (Покистон) каби шаҳарлар ривожига ўхшашдир. Чунончи, VI асрда Турк ҳоқонлиги билан Эрон Сосонийлари ҳарбий    иттифоқи томонидан Эфталитлар империясига қарши олиб борилган жангларда Ерқўрғон ёндирилиб, вайрон бўлади. Бу воқеадан сўнг Қарши воҳаси пойтахти Ерқўрғондан 5 километр жануби-ғарбда, Қашқадарёнинг жанубий соҳилида - ҳозирги Шулликтепа ўрнида қайта тикланади. У тарихда Нахшаб (арабча Насаф) номи билан маълум. Нахшаб XIII асрда Чингизхон босқинида вайрон қилинган. Шундан кейин воҳа маркази учинчи маротаба, ҳозирги Қаршининг эски шаҳар қисми ўрнида қайта тикланади.

Қарши шаҳри тарихи билан бевосита алоқадор яна бир йирик манзил - Заҳҳоки Морон қалъасидир. Қалъа қолдиқлари Қарши темир йўл шоҳбекати яқинида жойлашган. Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сидаги афсонавий шоҳ Заҳҳок номи билан аталган бу қалъа майдони 16 гектардан ортиқ бўлган. Обида ўрнида олиб борилган қазишлар унинг милоддан аввалги I асрларда ҳам мавжуд бўлганини исботлайди.

Академик М.Е.Массон 1965 йилда қадимий Қаршида олиб борган археологик-топографик тадқиқотлари асосида: "Заҳҳоки Морон илк ўрта асрларда Қашқадарё воҳасидаги энг йирик шаҳар-қалъа бўлган", деган фикрни билдирган.

Милодий V-VI асрларда бу қалъа йириклиги жиҳатдан Ерқўрғондан кейин иккинчи ўринда турган. Заҳҳоки Морон қалъасининг гуллаб-яшнаган даври V-VIII асрларга тўғри келади.

М.Е.Массон Заҳҳоки Моронни Нахшаб деб айтса, С.К.Кабанов бунга зид равишда фикр билдириб, Нахшаб бу Боло - Ерқўрғон, деб ёзган.

Археологик тадқиқотлар натижасида IX-X асрларга оид сопол идишларнинг топилиши вайрон бўлган Заҳҳоки Мороннинг ўрта асрларда ҳам маълум даражада ривож топиб, маданий жиҳатдан юксалганини кўрсатади.

Шундай қилиб, Ерқўрғон, Нахшаб ва Қарши шаҳарлари, шунингдек, Заҳҳоки Морон қалъаси воҳа марказий шаҳрининг тараққиёт босқичларини ўзида мужассам этган. Қарши шаҳрининг ўтмишдаги ривожланиш босқичлари ана шу тарзда кечган, аммо бугунги кунда маданий ёдгорликларга муносабат масаласида талайгина муаммолар мавжуд.

Жумладан, Қарши қалъаси ёдгорликларининг аҳволини ҳамма билади, аммо бу жой шаҳарнинг тарихий қисми эканлигини ҳеч тан олгимиз йўқ. Жумладан, Қарши қалъаси ўрни (салкам 40 гектар ҳудуд) давлат назоратига олинмаган ҳолда турли иншоотлар билан тўлдирилган.

Муҳташам Тутак дарбоза ўрнида қандайдир қурилиш бошланган бўлиб, у 3-4 йилдан бери на битади, на кетади. Унинг ёнида машиналар тўхташ жойи, ҳатто ҳожатхона қурилганини қандай тушуниш керак? Маданий мерос объектига муносабат шуми?

Қарши қалъасини улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари бунёд эттиргани ҳақида муаррихлар - Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий "Зафарнома"ларида батафсил ёзиб қолдирганлар. Шарафуддин Али Яздий Қарши қалъаси Соҳибқирон ҳазратларига мурод эшиги бўлган, деб қайд этган.

"Зафарнома"ларда битилган, Соҳибқирон бобомизнинг ўз тиллари билан айтилган "Темур тузуклари"да қайд этилган, Ибн Арабшоҳ ҳам тан олиб, ўз асарида ёзиб кетган, академиклар - В.В.Бартольд,       М.Е.Массон, Бўрибой Аҳмедов ва бошқа олимлар томонидан эътироф этилиб, меҳр билан тасвирланган ва ниҳоят, қалъа ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган бир пайтда Қарши қалъаси йўқ бўлиб кетганига ишонгинг келмайди, аммо бу аччиқ ҳақиқат.

Президент, ҳукумат маданий меросни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида ғамхўрлик қилмоқда. Қонун ва қарорлар қабул қилинган, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти, вилоятларда унинг  бошқармалари иш олиб бормоқда. Аммо булар етарли бўлмаяпти шекилли, ҳануз замонавийликка асосий эътибор берилиб, тарихга панжа орасидан қараш давом этаяпти.

Ваҳоланки, аждодларимиздан бой маданий мерос қолган. Уни асраб-авайлаб, халқимизга, дунё аҳлига бор латофати билан тақдим этиш, энг асосийси, асл ҳолида келажак авлодларга етказиш ҳаммамизнинг бурчимиз бўлиши керак эмасми?!

Бироқ айтилган обидалардан бир ҳовуч, бир қарич бўлса ҳам олиб, фойдаланишда давом этишаяпти ёки ҳудуди турар жойлар учун бериб юборилмоқда.

Обида ўрнини турли иморатлар билан тўлдириш ўрнига қалъани қайта тикласак, ҳар жиҳатдан маъқул иш бўларди.

Шу ўринда айтилмаса бўлмайдиган яна бир жиҳат бор. Улуғ соҳибқирон Амир Темурнинг Қарши шаҳридаги бунёдкорлик фаолияти, яъни Қарши қалъасини тиклагани, қалъа марказида Одина жомеъ масжиди, Чорсу каби иншоотлар қурдириб, Регистон майдонига асос солгани, Гулшан боғи ва кўшк ҳам бунёд эттиргани Ватанимиз тарихида акс этмаган.

Бундан ташқари, Ерқўрғон - қадимий Нахшаб харобалари қандай вайрон бўлган бўлса, ўша ҳолда ётибди. Бу ерда кейинги 50 йил мобайнида бир неча марта археологик   тадқиқотлар ўтказилган, охирги    тадқиқотлар 1998-1999 йилларда олиб борилган, Қарши шаҳрининг 2700 йиллик ёши аниқланган. Аммо бу ердаги қазишлар ўша ҳолича қолиб кетган. Ахир очилган обидаларнинг бир қисмини қайта тиклаб, консервация қилиб, энг муҳимларини, масалан, ҳукмдор қасри, ибодатхона, кулоллар ва темирчилар маҳаллалари кабилардан баъзиларини намуна сифатида очиқ музейга айлантириш мумкин-ку?

Шулликтепа - қадимий Насаф ўрнидаги, Заҳҳоки Морон манзилидаги тадқиқотларни қайта йўлга қўйиб, очилган ёдгорликларни сақлаган ҳолда ҳалқимиз, сайёҳларга тақдим этиб, Қаршини ҳам ҳалқаро туризм даражасидаги шаҳарга айлантириш мумкин ва лозим.

Юқоридаги фикрларга таяниб, қуйидаги таклифларни бераман:

1. Ерқўрғон манзилини давлат муҳофазасига олиш ва унда археологик тадқиқотларни (илгари ўрганилган объектлар асосида) янгидан ўтказиб, муҳим нуқталарни қайта тиклаш ва очиқ осмон остидаги музейга айлантириш.

2. Шулликтепа - Насаф ўрнини давлат назоратига олиш ҳамда илмий тадқиқот ишларини ўтказиб, илгари ва кейинги топилмаларга асосланган ҳолда уларни имкон қадар қайта тиклаш ва консервациялашни амалга ошириш.

3. Заҳҳоки Морон манзилини давлат муҳофазасига олиш, археологик тадқиқотни янгилаш, бу ердаги ҳар қандай қурилишларни ва тупроқ олиб чиқишни тўхтатиш, очилган обидаларни қайта тиклаш ва консервациялаш, бу қадимий манзилни ҳам очиқ осмон остидаги музейга айлантириш.

4. Тўғри, Қарши қалъасини тўла тиклаб бўлмайди, аммо Тутак дарбозани икки томонида 25 метрдан деворлари, 50 метр хандақи, дарвоза тўғрисидаги кўтарма кўприги ва икки ёнида сарбозхонаси билан, Регистон майдонини Чорсу ва Абдуллахон мадрасаси билан, Гулшан боғи ва кўшкни қайта тиклаш мумкин.

5. Амир Темур бобомизнинг айнан Қаршидаги буюк бунёдкорликлари Ватанимиз тарихи саҳифаларида акс этишини таъминлаш.

Шуни алоҳида қайд этамизки, Ерқўрғон - Нахшаб, Қарши турли даврлардаги пойтахт шаҳарлар ҳисобланади. Бу тарих фанлари доктори Рустам Сулаймоновнинг "Қадимги Нахшаб" асарида, Қарши шаҳрининг 2700 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман материалларида исботланган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Қарши шаҳри замонавий кўркам иншоотлар билан безанмоқда. Аммо тарихийлик ҳам эсдан чиқмаслиги керак, ота-боболаримиздан қолган маданий меросни авайлаб-асраш, келажак авлодга ҳам етказиш даркор. Албатта, бу масъулиятли ва оғир масала. Катта маблағ ва юксак эътиборни талаб қилади. Ҳолбуки, буюк мақсадлар учун ҳар қанча маблағ сарф қилинса, ҳар қанча эътибор берилса, арзийди.

Қамбар НАСРИДДИНОВ,

тарих фанлари номзоди

Report typo