Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 ноябрь, душанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Саодат БЎРИЕВА

25.10.2019


ЎЗБЕК ТИЛИ ВА КОМПЬЮТЕР ЛИНГВИСТИКАСИ

 

Тадқиқотчи минбари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 октябрда эълон қилинган "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва унга эътибор тобора ортиб бормоқда.

Шунга монанд, фармон билан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Бироз ортга назар ташласак, истиқлолга эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори тил ва алифбо масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб вазифалардан бирига айланди. Ана шундан келиб чиқиб, ўзбек тилининг қўлланиш доирасини амалда кенгайтириш, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва  оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари ва янги-янги луғатлар нашр этилди. Бироқ, ҳамон тил бўйича қатор муаммоларимиз сақланиб қолаётганини тан олган ҳолда, Президентнинг тегишли фармони уларга ечим топишда айни муддао эканини эътироф этиш жоиз.

Бугун аниқ ва табиий фанлар қаторида тилшунослик соҳасида ҳам компьютердан самарали фойдаланиш ҳажми тобора кучая бошлади. Математик лингвистика тадқиқ этаётган масалалар доирасида энди нафақат янги моделларни яратиш, балки мавжудларини қандай қилиб компьютерга татбиқ этиш масаласи кўрила бошланди. Шу тариқа "математик лингвистика" атамаси ўрнига "компьютер лингвистикаси" атамаси истеъмолга кириб келди. Ушбу атама билан бир вақтда унга синоним равишда "ҳисоблаш лингвистикаси", "математик лингвистика" каби атамалар ҳам фаол ишлатилади. Аслида компьютер лингвистикаси математик лингвистиканинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Компьютер лингвистикаси - бу сунъий интеллектнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у ўз олдига табиий тилларни электрон кўринишда ифодалашга мўлжалланган математик моделлардан фойдаланиш масаласини қўяди. Шундай экан, компьютер лингвистикасининг асосий мақсади табиий тилнинг математик моделини яратиш, қайта ишлаш ва лингвистик  муаммоларни ҳал этишга оид компьютер дастурларини ишлаб чиқишдан иборат. Асосий вазифаларидан бири эса бу лингвистиканинг формал ва аксиоматик моделларини қуриш ҳамда шу асосда аниқ бир табиий тилнинг математик    моделини ишлаб чиқишга қаратилган. Шу билан бирга, мазкур модель асосида кетма-кет бир қатор муаммоларни ҳал этиш лозим бўлади. Бу муаммолар, хусусан, матнни таҳрирловчи, электрон (автоматик) таржима, интеллектуал электрон луғат, тилни ўргатиш ва билимларни баҳолашга оид мукаммал электрон дастурларни яратиш ҳамда инсонлар тилида компьютер билан ўзаро мулоқотни амалга оширишга имкон берадиган алгоритмларни қидириш ва ишлаб чиқишдан иборатдир.

Бу муаммолар ечимини узоқ давом этувчи тадрижий босқичларда кузатиш мумкин бўлиб, агар бу жараён муваффақиятли охирига етса, у ҳолда инсон ҳар қандай мураккаб техник объектларни овозли буйруқлар ёки табиий тилдаги матнлар орқали бошқариш имконига эга бўлади.

Бугунга келиб, сунъий интеллект бўйича олиб борилган назарий тадқиқотлар амалий жиҳатдан ўз татбиқини топди. Буни айнан мураккаб электротехник қурилма асосида ишловчи роботлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбек тилшунослиги соҳасида компьютердан тўлиқ ва самарали фойдаланиш ҳамда бу билан баъзи ишларни автоматлаштириш орқали меҳнат унумдорлигига эришиш борасида талай муаммолар мавжуд. Улар сирасига матнни автоматик таҳрирлаш, автоматик тарзда таржима қилиш ва тилга ўқитиш, мукаммал кўринишдаги электрон луғатлар тузиш, билимларни тафаккурли механизм асосида тестдан ўтказиш ёки баҳолашга оид интеллектуал дастурий таъминотларни ўзбек тилида яратиш каби масалалар киради.

Мана шу нуқтаи назардан, ўзбек тили замонавий ахборот ва коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш ва интеллектуал дастурий таъминотларни ўзбек тилшунослигига кенг татбиқ этиш борасидаги замонавий тадқиқот объекти сифатида янги поғонага қадам қўймоқда.

Саодат БЎРИЕВА,

Қарши шаҳридаги 41-ихтисослашган мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Report typo