Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 декабрь, шанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

27.06.2017


ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТИКАСИ ТАРИХИДАН

Биринчи ўзбек газетаси

Туркистонда биринчи жадид матбуот органи - “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп этила бошланган. Мамлакатимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида байрам қилиниши ҳам ана шу нашрнинг бирини сони чоп этилган кун билан боғлиқ. Чунки Биринчи Президентимизнинг 1993 йил 24 июндаги фармонига биноан, “Тараққий” газетасининг биринчи сони чиққан сана - 27 июнь - Республикада матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни этиб белгиланган эди.

Бундан олдин юртимизда газета чоп этилмаганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Чоп этилган. Масалан, “Туркистон вилоятининг газети” 1870 йилдан бошлаб чоп этилган. Лекин бу газета мустамлака бўлган халқнинг устидан ҳукмронликни янада кучайтириш мақсадида ташкил қилинган, чор ҳукуматининг манфаатларини кўзлаб чиқарилар эди. Шу боис, халқимизнинг ўзлигини ифода этган, маҳаллий халқ манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган “Тараққий” ва унга издош газеталар миллий матбуотимизнинг илк намуналари ҳисобланади.

Мунавварқори Абдурашидхонов ва у каби ўзбек маърифатпарварларининг қатъий саъй-ҳаракати билан ташкил этилган ушбу газетанинг илк муҳаррири Исмоил Обидий бўлган.

 “Тараққий” газетасининг шиори: “Нажот: маслакда сабот, тўғриликда ижобат” деб номланган. Нашр “илмий, адабий, сиёсий, фаний, тижорий” газета бўлганлиги унинг ўзида таъкидлаб кўрсатилади. Газета фаолияти жуда қисқа вақт давом этди. Шундан сўнг Мунавварқори Абдурашидхонов муҳаррирлигида “Хуршид” газетаси чиқарила бошланди. 1907 йил 21 августда “Тужжор” газетаси чиққан.

Тошкент – телевидение ватани

Юртимиз пойтахтининг телекўрсатувлар ватани экани ҳар биримизни фахрлантириши сир эмас. Дарҳақиқат, дунёдаги илк оқ-қора тасвирли электрон телевидение тизими лойиҳаси 1925 йилда айнан Тошкент шаҳрида ишлаб чиқилган ва шу йили дунё миқёсида муҳим аҳамиятга эга ушбу кашфиёт учун патент олинган. 1928 йилда телевизион тажриба қурилмасида ҳаракатланувчи оддий объектлар намойиш этилди. 1956 йилда эса Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб Тошкентда оқ-қора тасвирли телевизион марказ ишга туширилди.

Шундан буён телевидение сифат жиҳатидан жиддий юксалишга эришди. Тасвир ва товуш тиниқлаштирилган замонавий телевизорларнинг пайдо бўлгани ҳамда телесигналларни узатиш усулларининг такомиллашгани бунга яққол мисол бўла олади.

Биринчи ўзбек сухандонлари

Ўзбекистонда 1927 йил 11 февраль куни биринчи бор   дикторлар овози янграган.

Биринчи  радио диктори Назирхон Камолов, иккинчи диктор эса  Ҳожимурод Авазхўжаев бўлган. Биринчи ўзбек аёл диктори  Фотима Юнусовадир.  

Телевидениедаги биринчи дикторлар бўлиб эса Иқбол Олимжонова ҳамда Юнона Столярова тарихга киришган. Улар бир муддат, токи дикторлар гуруҳи шакллангунча ишлаганлар.  

Илк телемарказ

Ўзбекистондаги илк телемарказ 1957 йилда Тошкент шаҳрида бунёд этилган. 180 метрлик телемарказнинг қуввати  4 миллионлик пойтахт ва Тошкент вилояти аҳолиси эҳтиёжи учунгина етарли бўлган.

Ҳозирги Тошкент телеминораси қурилишига эса 1978 йилда киришилган ва  у 1985 йил 15 январда тугалланган.

Ж.БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Report typo