Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

17.10.2022


Ўзбекистон – Беларусь: ТАНЛОВЛАР, ЛОЙИҲАЛАР, МУЛОҲАЗАЛАР...

Танлов

       Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғулом Узоқов халқаро илмий лойиҳалар танлови ғолиби бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Беларусь Фундаментал тадқиқотлар фонди ҳамкорлигида икки давлат илмий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда 72 та илмий-техник лойиҳа тегишли кенгашларда ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилди. Илмий-техник кенгашлар йиғилишида ҳар бир лойиҳа раҳбарининг тақдимоти тингланди, экспертлар томонидан берилган хулосалар муҳокама қилинди. Якунда, экспертиза натижаларига кўра, ғолиб деб топилган 32 та илмий лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди.

-“Ҳудуд иқлимининг метеорологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда гибрид иссиқлик таъминоти тизимларининг илмий-техник асосларини ишлаб чиқиш” деб номланган лойиҳамиз 835 миллион сўмга молиялаштирилади, - дейди Ғулом Узоқов. – Лойиҳа Беларусь миллий техника университети кафедра мудири Владимир Седнин билан ҳамкорликда амалга оширилади. Уни бажариш асосида анъанавий қозон қурилмалари, комбинациялашган қуёш коллектори, геотермал ва иссиқлик насосли қурилмалар асосида бир нечта энергия манбаларига эга бўлган қишлоқ уйлари учун гибрид автоном иссиқлик таъминоти тизимининг энергия тежамкор иссиқлик схемаси ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 2022-2024 йилларда 1 та докторлик ва 2 та фалсафа доктори диссертацияларини ҳимоя қилиш, мазкур илмий-тадқиқот ишларининг натижаларини халқаро илмий журналларда ёритиб бориш,  мавзуга доир дарслик ва ўқув қўлланмалар яратиш мўлжалланган.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Report typo