Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

28.11.2017


ЖАҲОН АНДАЗАЛАРИГА МОС ТАЪЛИМ

 

Бош қомуснинг 41-моддасида шундай дейилган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.

 Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Конституцияда белгиланган фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, таълим муассасаларида замонавий талаблар асосидаги ўқитиш тизимини ташкил этиш мақсадида ҳукумат қарорлари, қонун ва фармонлар қабул қилинди. 1997 йил 29 августда қабул қилинган 5 боб, 34 та моддадан иборат “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва бошқа қатор қонун ости ҳужжатлари асосида мамлакатимизда ўрта умумтаълим мактаблари тубдан реконструкция қилинди, янгидан-янги мактаб бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фақат мактабларгина эмас, узоқ ва чекка ҳудудларда ҳам замонавий қиёфадаги касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар барпо этилди, мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти янада такомиллаштирилди. Ўсиб келаётган ёш авлод замонавий таълим масканларида дастлабки билимларни пухта эгаллаб, ўрта махсус ўқув муассасаларида ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш имкониятига эга бўлди. Олий таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқув биноларини қайта реконструкция қилиш каби ишларнинг амалга оширилиши баробарида ёш ва етук мутахассислар тайёрлаш, уларнинг жаҳон андазаларига мос ҳолда билим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратилди. Ёшларимизнинг чет давлатлардаги нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишлари учун кенг йўл очиб берилди. Буларнинг бари, энг аввало, Конституциямизда белгиланган тамойилларнинг ҳаётдаги инъикосидир.

 Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Таълим тўғрисида”га Қонунда фуқароларнинг таълим олишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида одилона ва бошқа давлатларда учрамайдиган инсонпарварлик тамойиллари белгилаб қўйилган. Жумладан, мазкур Қонуннинг “Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари” деб номланган 3-моддасида шундай дейилади: “Таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб эълон қилинади”. Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари эса ушбу моддада қуйидагича ифодаланган:

 - таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

 - таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;

 - умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги;

 - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги;

 - таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

 - давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

  - таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

 - билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

 - таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

 Бу тамойиллар мамлакатда саводхонлик даражаси юқори бўлишини таъминлашга, ёшларнинг чуқур билимли, ҳар жиҳатдан етук шахс сифатида вояга етишини, шу билан бирга, уларнинг истеъдоду интилишларини рўёбга чиқаришлари давлат томонидан қўллаб-қувватланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда. Дунёнинг айрим давлатларида аҳоли саводхонлиги ниҳоятда паст кўрсаткични кўрсатаётган, ота-оналар ўз фарзандларининг мактабда ўқиши, билим олиши учун маълум миқдорда пул тўлаши лозим бўлган бир пайтда бизда бу соҳага давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилаётгани, давлат ўз фуқароларининг бепул умумий таълим олиши учун шароит яратгани, мактабдан кейинги таълимда қатор имтиёзлар, енгиллик ва қулайликлар мавжудлиги ҳам Конституциямизда бу каби жиҳатлар ҳисобга олингани, унинг узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган адолатли қомус эканлигидан далолатдир.

 Бугунги кунда эса барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам ўзгариш ва янгиланишлар давом этмоқда. Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудратларига таянган ҳолда амалга оширилаётган эзгу ва хайрли тадбирларга соҳага оид қонунлар, янгидан қабул қилинган кўплаб қарор, фармонлар асос бўлиб хизмат қилаяпти. Хусусан, 2016 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини ёдга олинг. Мазкур қарор мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан ўзгартириш, уларда янгича тарзда иш олиб борилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Унга кўра, эндиликда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча зарурий шароитлар яратилади. Мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш мақсадида таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича 6100 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш, замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш каби ишлар ҳам режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда бутун мамлакатда шу вазифалар асосида зарур тадбирлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги хайрли тадбирлар учун яна бир асосга айланди.

 Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда умумий таълим соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мактабларда 10-11-синфлар очилиши, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган ишлар шулар жумласидан. Жорий йилнинг 15 мартида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унда умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифалари, мактабларда таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш йўл-йўриқлари белгилаб берилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелида қабул қилинган “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам таълим соҳасидаги энг муҳим қонун ҳужжатларидан биридир. Умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, замонавий методологиясини яратиш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларини компетенциявий ёндашув асосида такомиллаштириш, ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни ташкил этиш мақсадида қабул қилинган ушбу қарор асосида мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун янгича кўринишдаги давлат таълим стандартлари белгиланди. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилиб борилиши кўзда тутилган мазкур стандартлар ўғил-қизларимизни пухта билимга эга, замонавий малака-кўникмаларни эгаллаган шахслар бўлиб  вояга етишларини таъминлайди.

 Юқорида таъкидлангани каби мамлакатимизда ёш авлоднинг истеъдоди ва иқтидорини юзага чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг мукаммал қонуний асослари яратилган. Иқтидорли болалар ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолияти бунга мисол бўла олади. Жорий йилда мамлакатимизда бундай муассасалар сони бир нечтага ортди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимиз марказида яна бир таълим маскани ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда мазкур мактаб-интернатда иқтидорли ўғил-қизлар она тили ва адабиёт фанларидан чуқурлаштирилган таълим олаяпти.

 Худди шу каби қатор ўзгаришларни олий таълим тизимида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 21 апрелида қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борада кўпгина ишларнинг амалга оширилиши белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 9 августдаги  “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги 15 та олий таълим муассасасида педагогика йўналишидаги махсус сиртқи бўлимлар фаолиятини бошлади. Бу эса таълим соҳасидаги ўрта махсус маълумотга эга мутахассисларнинг олий таълим олишларига замин яратиш орқали мактабларни етук педагог кадрлар билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

 Албатта, бу каби ўзгаришлар, янгиланишлар асосида Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгилаб берилган халқпарварлик ва инсонийлик намунаси саналган ҳаётбахш тамойиллар мужассамдир. Уларнинг рўёби эса Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаётир.

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Report typo