Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

30.08.2019


ЖАББОР БАКОВУЛНИНГ УШАЛГАН АРМОНИ

Бундан йигирма саккиз йил муқаддам, юрт истиқлоли эълон қилиниб, унинг мазмун-моҳиятига биров тушуниб, биров тушунмай турган кунлар уруш, очлик, мустабид тузум қийинчиликларини бошдан кечирган, аёвсиз ситамлар жабрини тортган кекса танишим:

- Мустақиллик, бу - орзулар рўёбга чиқадиган ВАТАН, - деганди.

1

Жаббор ака баковуллик қилганида курашли тўй даврасига кўтаринки руҳ эндирарди. Ёнма-ён билим масканига раҳбарлик қилганимиз боис кунда-кунора соатлаб суҳбатлашардик, мавзу ҳар гал таълимдаги аҳвол, муаммо ва ечимлар билан бошланиб, беихтиёр катта-кичик кураш давралари, уларда рўй берган қизиқарли хотираларга туташиб кетарди.

Энг севимли машғулоти математик мисол ва масалаларни янгидан-янги услубларда ечиш бўлган Жаббор ака болалик ва ўсмирлик йиллариданоқ кўплаб тенгдошлари қатори помуқлик елкаси ер искамаган баҳодир - Ҳаким полвонга эргашиб кураш давраларига қатнаш, терга ботиб кураш тушишни ўз "хобби"сига айлантирганди. Давраларни тўлдириб кураш тушган даврлари ортда қолганидан кейин эса воҳадаги таниқли баковуллар сафидан жой олди. Халқ сайиллари, тўй давраларида баковуллик қилиш учун биргина гапга чечанлик эмас, кураш ва кўпкари ҳадисларини пухта эгаллаш талаб этилади.

- Полвоннинг орияти бўлгани яхши, ориятли полвон тўрт-беш сўм пул учун даврага тушмайди, ўзини етиштирган эл шаънини ўйлайди;

- Халойиқ, мана шу полвоннинг чиройли чили учун борғисига (курашда олишаётган томонлар ғолиби учун қўйилган сарпо, мукофот) фалон пул очко бердим, тарафдори бўлса бориб олсин;

- Баракалла азамат, ўйнаб-ўйнаб олиш...

Булар Жаббор ака ишлатадиган иборалардан айримлари. Унинг ғалати одати бўларди. Талабгор бўлиб даврага чиққан полвоннинг билагидан ушлаб юзига яхшигина син соларди, кейин эса айримларига:

- Полвон, ким эканлигингизни шаштингиздан билдим, булар тенгингиз эмас, озгина дам олиб туринг. Сиз билан тобоқларда учрашамиз...

Ёки у билан олишишга чиққан йигитга:

- Сен ўзи бу йигитни таниб чиқаяпсанми, билмасанг билиб қўй, у оддий полвон эмас, чемпи-о-он, - дерди.

Ва ҳар гал ўз ишининг ҳадисини олган баковулнинг сўзлари кўп ўтмай исботини топарди.

Ўзбек кураши истиқлол туфайли жаҳонга юз тутганида энг кўп фахр туйғусини ҳис қилганлардан бири Жаббор ака десам муболаға бўлмайди. Кексалик гаштини сураётган домланинг бир армони бор эди:

- Ука, кураш давраларига вақтида Хидир, Атоқ, Панжи, Ҳаким, Жумақул, Турди полвонларни етказиб берган қишлоғимиздан наҳотки битта, биттагина чемпион етишиб чиқмаса...

2

...Шу йил ёз кунларидан бирида акам - Ориф ҳожи кўпдан буён интиқ бўлиб кутган янгилигимни айтиб қолди:

- Бугун Тоштемирникига боргандик, ўғли Таиландда ўтадиган Осиё чемпионатига кетаётган экан, ёшуллилар оқ фотиҳа бериб қайтдик, омадини берсин, анча чиниққан йигит экан.

Ва орадан уч ёки тўрт кун ўтмай қишлоқда хушхабар тарқалди:

- Сардор ўз вазни бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритибди.

Рости кечагина мактаб партасидан чиққан ўқувчимизнинг ютуғи учун бир севинган бўлсам, орзулари рўёбини кўролмай кетган Жаббор домланинг ушалган армони учун икки севиндим. Ҳалигача кўз ўнгимда турибди, қишлоқ курашли тўйларидан бирида даврани бошқараётган домла ҳавас билан оқ матодан тикилган жомакор  кийиб, белини танғиб боғлаган тўрт-беш ёшлардаги болакайни даврага олиб чиқиб:

- Биродарлар, оқ фотиҳа беринглар, бу менинг набирам, илоҳо дуоларинг ижобат бўлиб, чемпионлик шоҳсупаларига кўтарилиб, юрт шаънини улуғлайдиган полвон бўлиб етишсин. Қани ўз тенгдошларидан талабгор бўлса чиқсин, бу полвонжонларга катта мукофот тикаман, - деганди.

Эҳтимол ўшанда берилган фотиҳа ижобат бўлгандир, Жаббор аканинг набираси ўрта мактабнинг бошланғич синфини тугатгач, Бухородаги спорт мактаб-интернатида таҳсилини давом эттирди.

- Илк устозим-бобом, кейинчалик эса Бухорода Раҳматулло Семировдан кураш сир-асрорларини ўргандим, - дейди Сардор Жонгелдиев.

Мактаб-интернатнинг 8-синфида ўқиётган йили Сардор илк бора зафар нашидасини тотиб, ўқувчи-ёшлар ўртасида мамлакат чемпиони унвонини қўлга киритди. 2015 йил Қарши шаҳрида олимпия захиралари коллежи (ҳозирги ихтисослаштирилган мактаб-интернат)да таҳсилини давом эттирди. Унинг 2019 йил ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпиони бўлиб, Осиё чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишида устози, Ўзбекистонда хизмат қўрсатган мураббий Баҳодир Ҳожиевнинг хизматлари катта бўлди.

Шу йилнинг 17-21 июнь кунлари Таиланднинг Паттайя шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Сардор 66 килограмм вазнли полвонлар ўртасидаги мусобақада Хитой Тайпейи, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Вьетнамдан борган   тенгдошлари устидан муддатидан олдин соф ғалабага эришди.

- Айниқса сўнгги - финал баҳси мен учун анча таҳликали бошланди, - деб ҳикоя қилади Сардор. - Вьетнамлик тенгдошим билан тенгма-тенг кураш тушаётгандим. Кутилмаганда баҳсни бошқариб бораётган ҳакам менга "дакки" баҳосини берди. Кўз ўнгимдан менга ишониб қолган юртдошларим, мусобақага тайёрлаган устозларим бирма-бир ўтди. "Наҳот, улар билдирган ишончини оқлай олмасам", деган фикр бир дақиқа бўлсин хаёлимни тарк этмади. Қисқа танаффусдан кейин "ё ҳозир, ёки ҳеч қачон" деган ниятда ҳужумга ташландим. Режам иш берди, мендан шиддатли ҳужумни кутмаган рақибимни елкадан ошириб ташладим. Даврада "ҳалол" деган ўзбекона лутф янграганида кўзларимдан  тирқираб ёш чиқиб кетди.

3

Сардор бобосининг армонини ушалтирди. Чемпионлик билан бир вақтда каттагина пул мукофоти ҳамда олийгоҳга имтиёзли қабул ҳуқуқини қўлга киритди. Мен эса даврада Жаббор аканинг издошларидан кимдир у каби ҳайқириб:

- Мана бу йигит Осиё чемпиони Сардор Жонгелдиев, талабгор бўлса даврага чиқсин, - дея хитоб қиладиган кунларга етказганига шукроналар айтдим...

Абдунаби АБДИЕВ

 

Report typo